02 June 2020
12:02 - Ўзбекистон - масхарабозликлар: Адвокатликка талабгорлар муаммолар ичида қолган. Палата уларни қандай ҳал этади? “Ҳаракат”: Бу масхарабозлик ўйинларини тузатиб бўлмайди!

Адвокатликка талабгор фуқаролар айрим муаммоли масалаларни Адвокатлар Палатаси эътиборига етказишда ёрдам сўраб, Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллашган.

Мурожаатларда адвокат бўлишни ният қилиб, тегишли ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар Палатасига тақдим этган кўплаб фуқаролар лицензия олиш учун малака комиссияси имтиҳонидан ўтказилмаётганидан норозилик билдирилади.

Ана шундай мурожаатлардан бирида қуйидаги сўзлар келтирилади:

«Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олишга талабгорлар имтиҳон топширишда бир қатор муаммоларга дуч келишмоқда. Уч ой олдин лицензия олиш учун имтиҳон топширишга ариза ва ҳужжатларимизни тақдим этгандик. Палатанинг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Малака комиссиядан сўрасак, «Тошкент рухсат бермаётгани»ни айтишмоқда.

Ҳозир адвокатура соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида талабгорларнинг лицензия олиши учун имтиҳон қилишни бир неча ойлар давомида тўхтатиб қўйиш тўғрими?

Талабгор ҳали имтиҳон топшира олмаяпти, имтиҳон топширгандан кейин эса лицензия олиш учун яна бир ой вақт керак, лицензия олди дегани бу адвокат бўлди, дегани эмас. Лицензия олгандан кейин қасамёд қилиши ва гувоҳнома олиш учун Палатанинг ҳудудий Малака комиссияси яна Тошкентдан рухсат олишини кутиш керак.

Шу вақт ичида бу талабгорлар қаердан кун кўради, оиласини ким боқади, буни биров ўйлаётгани ҳам йўқ.

Баъзида ўз мижозининг ҳимоясига отланган адвокатлар бошқа идораларнинг ҳаракат (ҳаракатсизлик)ларидан норози бўлади: масалаларни вақтида ҳал қилмаслик, бюрократия, сансоларлик ва ҳоказо деб. Аммо шу тизимнинг нормал фаолият юритишини таъминлаш учун масъул идора – Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасининг ўзи замон билан ҳамнафас иш кўрса, мавжуд вазиятга мослашса, фақат ўзининг ҳаловатини ўйламасдан биз каби талабгорларнинг ҳам дардини ўз таналарида хис қилиб кўрса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ҳудудий комиссияларда ҳал қилиниши керак бўлган масалалар йиғилиб қолган, лекин Тошкент рухсат бермагани учун ҳал қила олмаяпти, улар билан бировнинг иши йўқ. Ичида лицензия олган-у, фаолиятини бошлай олмай юргани ҳам бор, фақат қасамёд қилиб, гувоҳнома олишини кутиб юрганлар ҳам талайгина. Энг қизиғи, Палатанинг бу муаммолардан хабари бор.

Бу ерда фақат биргина масалани ҳал қилиш етарли: Малака комиссияси ўз ишини карантин қоидалари ва санитария-гигиена талабларига амал қилиб ташкил этса бас.

Энди шуни ҳам муаммо қилиб рухсат бермаслик керакми?

Бу бўлажак адвокатларга ҳали фаолиятини бошламасиданоқ тўсқинлик қилиш, уларга муаммолар туғдириш эмасми?

Ўзбекистонда лицензия олишда энг қийини – адвокатларнинг лицензия олиши, кутиш, кутиш ва яна кутиш. Тизим ҳали ҳам электрон тарзда ишлашга ўтмаган, электрон ҳужжат топшириш имкони йўқ, фақат қоғозда ишламоқда.

Лекин, Малака комиссия ойлаб йиғилиш ўтказмайдиган бўлса, электрон тизимга ўтказишдан фойда йўқ, барибир кутилади. Электрон ишлаш тез ишлайдиган идорага керак, палатага эмас...».

«Адвокатура соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш билан бир қаторда Палата ҳузуридаги Малака комиссияси фаолиятини ҳам ислоҳ қилиш керак. Жумладан, лицензия олиш учун имтиҳон топшириш ва лицензия олиш жараёнлрини соддалаштириш, соҳага оид қонуности ҳужжатларни, аризаларни кўриб чиқиш, қарорлар қабул қилиш муддатларини қайта кўриб чиқиш керак», дейилади соҳада иш юритиш тизимини такомиллаштиришга оид таклифлар битилган яна бир мурожаатда.

«Бутун дунё, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам барча соҳаларда пандемия шароитида ишлаш чоралари кўрилаётган бир пайтда Адвокатлар палатаси ҳам илғор ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб, замонга мослашиши лозим. Жумладан, талабгорлардан ариза ва ҳужжатларни қабул қилиш, малака имтиҳонлари ва қасамёд қабул қилиш жараёнларини онлайн режимдан ўтказиш имкониятини йўлга қўйиш керак», дейилади яна бир таклифда.

«Ҳудудий малака комиссиясини мустақил қилишни таклиф этаман, талабгорлардан имтиҳон олишни ўзлари ҳал қилса яхши бўлар эди», дейди таҳририят билан боғланган адвокатликка номзодлардан яна бири.

Таҳририят ушбу масалада Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси матбуот хизмати ходими Сурайё Салимова билан боғланди. У ҳақиқатан ҳам шундай муаммо мавжудлигини, малака комиссиясининг сўнгги йиғилиши шу йилнинг март ойида ўтказилгани, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича профилактика чоралари натижасида малака комиссияси ўз мажлисларини номаълум муддатга кечиктиришга мажбур бўлаётгани ва бу масалада адвокатлар палатаси раисининг буйруғи ҳам қабул қилинганини айтиб ўтган. Шунингдек, С.Салимова таҳририятнинг саволига жавобан Малака комиссияси ишини яқин вақт ичида «Zoom» дастури орқали онлайн режимда ташкил қилиш режалаштирилаётганини маълум қилган.

Палата расмий сайтига шу йилнинг 11 май куни жойланган эълонда ҳам Covid-19 коронавируси тарқалишининг олдини олиш бўйича профилактика ишларини амалга ошириш, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида фаолият юритаётган Малака комиссиясининг белгиланган йиғилишлари 2020 йил 10 майга қадар узайтирилгани маълум қилингани, шу муносабат билан, Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Малака комиссия томонидан кўриладиган ишлар алоҳида хабар берилгунга қадар тўхтатилгани, ўзгаришлар бўлса, қўшимча равишда маълум қилиниши айтилади.

Барчага маълумки, турли вазирлик ва идоралар пандемия сабаб карантин чоралари ва белгиланган чекловларга маслашиш орқали аҳолига қулайлик яратиш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳолати оғирлашишининг олдини олишга эришмоқда.

Карантин қоидадари юмшатилганига 1 ой бўлди. Суд-ҳуқуқ ва адвокатура тузилмалари ҳам карантин қоидаларига амал қилган ҳолда аввалги режимда ўз иш фаолиятларини давом эттирмоқда.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг пандемия шароитида ўз ваколатларини таъминашга қаратилган тезкор чораларни кўрмагани минглаб соҳа вакилларининг ижтимоий ҳолати оғирлашишига сабаб бўлмоқда.

Ваҳоланки, 2019 йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян суд-ҳуқуқ соҳасида ҳал қилиниши керак бўлган масалаларни санаб, улар қаторида «Ўзбекистонга кўпроқ адвокатлар керак», деган эди.

Соҳа вакилларини қийнаб келаётган муаммоларга тез фурсатларда ечим топилишига умид қилиб қоламиз.

Дилшод Абдуқодиров

Манба – Kun.uz Интернет нашри

* * * * *

“Ҳаракат”: Бу муаммоларни Дилшод Абдуқодиров ҳал этолмайди. Ҳал этоладиган ягона инсон – жорийдаги президент Шавкат Мирзиё. Аммо, унинг бундай муаммолар билан иши ҳам йўқ. У – Ўзбекистонда бош масхарабоздир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону