11 April 2020
12:59 - Нью-Йорк штатида коронавирусга чалинганлар сони Испаниядагидан ҳам ошиб кетди
Биргина Нью-Йорк штатида коронавирусга чалинганлар сони дунёнинг исталган мамлакатидагидан ошиб кетди. Штатда охирги сутка давомида яна 10 мингта ҳолат қайд этилиб, касалликка чалинганлар сони 159 937 кишига етди.

Яқин вақтгача етакчи бўлиб турган Испанияда 157 минг, Италияда 143 минг кишида коронавирус аниқланган.

Шу билан бирга, Нью-Йорк штатида ўлим кўрсаткичи бу мамлакатлардагига нисбатан кам – 7 минг киши. Испанияда 15800, Италияда 18200 киши вафот этган.

Эпидемия эпимаркази бўлган Хитойда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 83 мингга яқин ҳолат қайд этилган, 3300дан ортиқ киши вафот этган.

АҚШ ҳудудида жами 469 мингта ҳолат қайд этилган ва 16700 киши вафот этган.

"9/11га ўхшайди"

Нью-Йоркда қаторасига учинчи кундирки беморлар ўлими рекорд даражада бўлмоқда. Ўтган чоршанба куни бу ерда 799 киши вафот этди.

Штат губернатори Эндрю Куомонинг маълум қилишича, Covid-19 ташхиси билан касалхонага келтирилаётган беморлар сони икки кундан буён пасаймоқда. Унинг фикрича, бу жорий этилган карантин чоралари ва ижтимоий масофаланиш натижасидир.

"Бу эпидемия – жамиятни қамраб олган ва тасодифий қурбонларини шафқатсизлик билан танлайдиган шовқинсиз портлаш, буларнинг барчаси 11 сентябрдагига ўхшайди", - деди губернатор ҳозирги вазиятни 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар билан таққослаб.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича фавқулодда комиссия раҳбари Энтони Фаучи Эн-би-си телеканалига берган интервьюсида бутун мамлакат бўйича коронавирусдан 60 мингга яқин киши вафот этиши мумкинлигини айтди. Фаучи март охирларида қурбонлар сони 100-200 минг киши бўлишини тахмин қилганди.

Чикагодаги отишмалар

Жорий этилган карантин чоралари сабабли 42та штатда муҳим бўлмаган соҳаларда бизнес тўхтаб қолди, бу АҚШ иқтисодиётидаги энг йирик инқирозга олиб келди.

Охирги маълумотларга кўра, олти миллион америкалик ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилган. Сўнгги уч ҳафтада ишсиз қолган америкаликларнинг умумий сони 16,8 млн кишини ташкил этади.

Чикагода зиёфат ва йиғинларнинг олдини олиш учун соат 21:00дан сўнг алкоголь сотиш тақиқланди.

"Кўплаб одамлар уйда қолиш тартибини бузаётгани учун ушбу тақиқни жорий этдик", - деди Чикаго мэри Лори Лайтфут.

Бундан ташқари, шаҳарда ўқотар қуролдан фойдаланилган ҳолда ҳужумлар юз бермоқда. Ўтган сешанба куни етти киши отиб ўлдирилди ва 14 киши яраланди.

"Реанимацияда ўқотар қуролдан яраланган одамлар эгаллаб ётган ҳар бир койка кимнингдир бувисига, пандемия ўлим хавфини солаётган одамларга берилиши мумкин эди", - Чикаго полицияси бошлиғи Чарли Бек.

Экспертлар коронавирус эпидемияси авжига чиққан вақтда Америка жамиятида мамлакат кўп йиллардан буён ҳал қила олмаётган саволлар бўйича келишмовчиликлар яна пайдо бўлмоқда.

Масалан, “эпидемия даврида қурол дўконлари ёпилиши керакми” ёки “дин давлатдан алоҳида эканлигини ҳисобга олган ҳолда черковлар оммавий йиғинлар тўғрисидаги тақиққа бўйсуниши шартми” каби саволлар янграмоқда. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону