Бугун пешин соатларидаги хабаримизда Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида қандайдир низо чиққани, ҳалок бўлганлар борлиги, анчагина одам ҳибсга олингани ҳақида Қозоғистон Президенти Касым-Жомарт Токаевнинг рус тилидаги баёноти эълон қилинган эди. Ҳозир бу фожеали воқеа хусусида жуда кўп хабарлар тарқатилмоқда. Иккита нарса аниқ – воқеа Қозоғистон-Қирғизистон чегарасига яқин жойда бўлган, у жанжал пайтида 8 киши ҳалок бўлган ва тахминан 100 киши ярадор бўлган. Бундан ташқари Қозоғистон Ички Ишлар Вазирлиги 2 модда бўйича жиноий иш очилгани, жанжалда 1 мингга яқин одам иштирок этганини ҳам хабар қилди.
Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари бу воқеани миллатлараро эмас, оддий маиший жанжал деб баҳолашга чақирмоқдалар. Бу мантиқдан чиқиб келсак, бу дунёда ҳеч қандай воқеага “миллатлараро” сифати бериб бўлмасди. Аммо, ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, ҳамма нарсани тўғри тушунишга интилишимиз керак.
Турли хабарларни умумлаштириб айтиш мумкинки, кеча кечқурун Жамбул вилояти Кордай туманининг Масанчи қишлоғида маҳаллий қозоқлар билан тахминан 150 йил аввал Хитойдан қочиб келиб, шу ерда жойлашган сунний мусулмонлар - дўнгонлар ўртасида қандайдир жанжал чиққан, тезда бу жанжал катта масштабли ва қонли фожеага айланиб кетган.
Ҳалок бўлганлар ва ярадорланганларнинг миллати айтилмаяпти, турли хабарларда 40-50 киши ҳибсга олингани, 13 ярадор Қирғизистонда касалхонага ётқизилгани айтилмоқда.
Эслатиш керакки, Хитойдан қочиб келиб, асосан ҳозирги Қозоғистон ва Қирғизистонда ерлашган дўнгонларнинг сони фақат Жамбул вилоятида 40 мингдан, Қирғизистонда 60 мингдан кўпроқдир. Демак, эҳтиёт бўлиш керак, бу фожеали воқеа ростакам миллатлараро ҳалокатга айланиб кетиши мумкин.
Ҳозирча, бўлаётган воқеаларни кузатиб боришдан бошқа иложимиз йўқ.