Бундай воқеанинг ҳеч ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Kun.uz Интернет нашри хабар беришича, бугунги учрашув пайтида Шавкат Мирзиё кейинги йилларда барқарор, тизимли тус олган ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини тафсилотлари билан эсга олибди.
АҚШ Давлат Котиби Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий эканларини яна бир бор тасдиқлабди, келажакда ҳамма нарса бундан ҳам яхши бўлишини гапирибди.
Учрашув сўнгида икки тараф ўзаро стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёр эканликларни таъкидлашибди.
Жойи келгани учун эслатиш керакки, 1992 йил 16 февралда ўша пайтдаги АҚШ Давлат Котиби Жеймс Бейкер тарихда биринчи марта Ўзбекистонга келганда, уни ўша пайтнинг президенти Ислом Карим аэропортга чиқиб кутиб олган ва улар биргаликда овқатланишган эди. Айнан ўша ерда Ислом Карим биринчи учрашув ўзи билан бўлиши кераклигини урғулаб, Жеймс Бейкернинг режаларини бироз ўзгартиришга ва эртаси кун эрталаб айнан ўзи билан биринчи учрашув бўлишига эришганди.
Бу воқеа 1995 йили Туркияда турк, ўзбек ва рус тилларида чоп этилган “Абдураҳим Пўлат Озодликда” китобида ёритилган. Ўша китобда айтилишича, “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг лидери Абдураҳим Пўлат билан Жеймс Бейкернинг учрашуви жуда фойдали ўтган, у ўз ҳукумати ўзбек демократик мухолифатининг асосий кучи бўлган “Бирлик”ни тўла қўллаб-қувватлашини урғулаб, партия аъзоларининг рўйхатини ўзига беришни сўраган. Унинг мақсади – шу рўйхатни Ислом Каримовга бериш ва “Бирлик”ни рўйхатга ўтказиш масаласида Бирлик”га ёрдам бериш бўлган. У ўз мақсадларининг биринчисига эришган ва партия аъзолари рўйхатини Ислом Каримга ўша куниёқ топширган эди.
Шундан кейин Абдураҳим Пўлатни бутун дунё таниди ва бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлар ҳам у билан учрашиш ҳаракатида бўлишди, баъзилари ўз мақсадларига етишишди.
Бундан эс-песи чиқиб кетган Ислом Карим айнан шундан кейин “Бирлик”ни рўйхатга олдирмаслик билан шахсан шуғулланган ва Абдураҳим Пўлатни жисмоний йўқ қилиш ҳаракатига тушган, уни ўлдиролмаса ҳам, бошини ёриб кесалхонага тиқилишига эришган.
У касалхонада ётган пайтида, аниқроғи, 1992 йил 7 июлда АҚШ Сенатори Ларри Преслер касалхонага келиб, Абдураҳим Пўлат билан кўришган ва шу ерга қўйилган расмда ҳам кўриб турганингиздек, уни янада реклама қилган. У АҚШга қайтганидан кейин, Сенатда доклад қилиб, Абдураҳим Пўлатга ҳужумни Ислом Карим уюштиргани аниқ эканлигини урғулаб, унинг август ойида АҚШга ишчи ташриф билан келишини бекор қилдиртирган эди. Ларри Преслернинг нутқи билан қуйидаги адресда танишиш мумкин: Larry Pressler. “Time for caution in Central Asia”, Congressional Record, 138, No 21, July 21, 1992, pages 1-3.
Ларри Преслернинг Абдураҳим Пўлат билан 1992 йил Тошкентдаги касалхонада тушган расми “Абдураҳим Пўлат Озодликда” китобининг 169-чи саҳифасида турибди.
Қани энди кўрамиз, ҳозирги Давлат Котиби Майкл Помпео бугунги учрашувдан қандай фойдаланади?
Бу хабарга Шавкат Мирзиё ва Майкл Помпеонинг бугунги учрашувда олинган расмини, “Абдураҳим Пўлат Озодликда” китобининг муқавасини ва унинг ичидаги Ларри Преслернинг Абдураҳим Пўлат билан учрашувини кўрсатувчи расмларни ҳам қўйдик. Биринчи расм Kun.uz сайтидан, 2-чи расм “Абдураҳим Пўлат Озодликда” китобидан олинган. 3-чи расмда айнан шу китобнинг муқовасини кўрмоқдасиз.