03 February 2020
21:43 - Шавкат Мирзиё АҚШ Давлат Котиби Майкл Помпеони қабул қилди. 1992 йили Ўзбекистонга келган АҚШ Давлат Котиби Жеймс Бейкер ва Абдураҳим Пўлатнинг учрашувини эсладими?

Бундай воқеанинг ҳеч ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Kun.uz Интернет нашри хабар беришича, бугунги учрашув пайтида Шавкат Мирзиё кейинги йилларда барқарор, тизимли тус олган ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини тафсилотлари билан эсга олибди.

АҚШ Давлат Котиби Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий эканларини яна бир бор тасдиқлабди, келажакда ҳамма нарса бундан ҳам яхши бўлишини гапирибди.

Учрашув сўнгида икки тараф ўзаро стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёр эканликларни таъкидлашибди.

Жойи келгани учун эслатиш керакки, 1992 йил 16 февралда ўша пайтдаги АҚШ Давлат Котиби Жеймс Бейкер тарихда биринчи марта Ўзбекистонга келганда, уни ўша пайтнинг президенти Ислом Карим аэропортга чиқиб кутиб олган ва улар биргаликда овқатланишган эди. Айнан ўша ерда Ислом Карим биринчи учрашув ўзи билан бўлиши кераклигини урғулаб, Жеймс Бейкернинг режаларини бироз ўзгартиришга ва эртаси кун эрталаб айнан ўзи билан учрашув бўлишига эришганди.

Аммо, “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг лидери Абдураҳим Пўлат билан Жеймс Бейкернинг учрашуви жуда фойдали ўтган, у ўз ҳукумати ўзбек демократик мухолифатининг асосий кучи бўлган “Бирлик”ни тўла қўллаб-қувватлашини урғулаб, партия аъзоларининг рўйхатини ўзига беришни сўраган. Унинг мақсади – шу рўйхатни Ислом Каримовга бериш ва “Бирлик”ни рўйхатга ўтказиш масаласида "Бирлик”га ёрдам бериш бўлган. У ўз мақсадларининг биринчисига эришган ва партия аъзолари рўйхатини Ислом Каримга ўша куниёқ топширган эди.

Шундан кейин Абдураҳим Пўлатни бутун дунё таниди ва бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлар ҳам у билан учрашиш ҳаракатида бўлишди, баъзилари ўз мақсадларига етишишди.

Бундан эс-песи чиқиб кетган Ислом Карим айнан шундан кейин Абдураҳим Пўлатни жисмоний йўқ қилиш ҳаракатига тушди, уни ўлдиролмаса ҳам, бошини ёриб кесалхонага тиқилишига эришди.

У касалхонада ётган пайтида, аниқроғи, 1992 йил 7 июлда АҚШ Сенатори Ларри Преслер касалхонага яширинча келиб у билан кўришган ва бирга расмга ҳам тушиб, Абдураҳим Пўлатни янада реклама қилган. У АҚШга қайтганидан кейин, Сенатда доклад қилиб, Абдураҳим Пўлатга ҳужумни Ислом Карим уюштиргани аниқ эканлигини урғулаб, унинг август ойида АҚШга ишчи ташриф билан келишини бекор қилдиртирган эди.

Кўрамиз, ҳозирги Давлат Котиби Майкл Помпео бугунги учрашувдан қандай фойдаланади?

Абдураҳим Пўлатнинг Ларри Преслер билан касалхонада ётган жойида тушган расми ўша пайтда кўп марта турли манбаларда эълон қилинган. Аммо, ҳозир у расмни архивларимиздан тополмадик. Шу сабаби, бу хабарга Шавкат Мирзиё ва Майкл Помпеонинг бугунги учрашувда олинган расмини қўймоқдамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону