Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти, вилоят ҳокими ҳақида кўплаб ижобий ва салбий мақолалар, шикоят ва видео мурожаатлар кўзга ташланиб туради.
Иш бор жойда хато ва камчилик бўлиши табиий... Лекин шунча негатив мақолалар болалаб ётган бир пайтда вилоят ҳокимининг матбуот хизмати томонидан раддияларни берилиши, мурожаатларда кўрсатилган фактларни инкор этиши кулгили...
Мисол учун Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 2020 йилнинг 7 январь куни ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган “Сурхон ҳокими Боболовнинг қалқони ким?” номли мақола юзасидан “Эл-юртга хизмат қилганларни халқ ҳимоялайди“ сарлавҳали раддия билдирди.
Хўш бу мақола туҳмату, ёзганлар туҳматчими?
Мақола тагига ўз исм шарифини қўйган муаллиф туҳматчи бўлишдан, одил ва халқпарвар ҳокимни туҳмат қилиб халқнинг қаҳрига дучор бўлишдан қўрқмадими?
Йўқ! Қўрқмади... Чунки халқ вилоятда бўлаётган ноҳақликларни ўз кўзи билан кўриб турибди...
Facebook ижтимоий тармоғидаги мақоладаги изоҳлар буни яққол кўрсатди. Вилоятда яшайдиган ижтимоий тармоқ фаоллари хокимдан қўрқдими ёки ўзига совға қилинган ноутбук, катта миқдордаги пулнинг меҳри юрт равнақидан устун бўлдими улар катта мум тишлашни ўзларига лозим деб топишди.
“Мақолада пахтачилик ҳақида бир қатор уйдирмалар келтирилган. Аслидачи? 2019 йилда вилоятнинг кластер корхоналари 93 минг гектар пахта майдонининг ҳар гектаридан ўртача 29,9 центнердан ҳосил кўтариб, катта даромадга эришди”
Раддиядаги ушбу жумлаларни ўқир эканман кимга ишонишимни билмай қолдим...
Республика прокуратурасининг пахта ҳосилига қўшиб ёзишни текшириш гуруҳининг ҳисоботигами ёки вилоят ҳокимини раддиясига?
Ҳисоботда шундай рақамлар борки, агар бу маълумотлар собиқ СССР даврида бўлганида яна минглаб юртдошларимиз қамалиб, мол мулкидан айрилган бўлар эди.
Мана ўша ҳисоботдаги юракни эзувчи рақамлар
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги ПК-3408-сонли қарорига хамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 870-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси тўғрисида низом“га мувофиқ 37 та пахта тозалаш корхоналарида, 76 та пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларида ҳамда 7 та маъсулияти чекланган жамиятларида 2019 йил ҳосилидан қабул қилинган пахта хомашёси ҳажмларининг статистик ҳисоботлар ва мавжуд ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан назорат тадбирлари ўтказилди.
Ўтказилган назорат тадбирларида пахта тозалаш корхоналари ҳамда пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларининг статистик ҳисоботларида 2019 йил 1 декабр ҳолатига қабул қилинган пахта хомашёсининг миқдори 2830,3 минг тоннани ташкил этган ёки Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 декабрдаги “2019 йилда ғўзани навлари бўйича жойлаштириш ва пахта хомашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида“ги 1037-сонли қарори билан тасдиқланган 2 958,0 минг тонна прогноз ҳажмларига нисбатан 95,795 га бажарилган.
Шундан пахта тозалаш корхоналарига 775,0 минг тонна, пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига 2 033,0 тонна ҳамда маъсулияти чекланган жамиятларга 22,3 минг тонна тўғри келган.
Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида ҳақиқатда қабул қилинган пахта хомашёсининг миқдори 2 697,1 минг тоннани ташкил этган бўлиб, шундан пахта тозалаш корхоналарига 775,0 минг тонна ҳамда пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига 1 922,2 минг тонна тўғри келди.
Пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳамда маъсулияти чекланган жамиятлари томонидан қабул қилинган пахта хомашёси миқдорининг статистик ҳисоботларида ҳақиқатда қабул қилинган пахта хомашёсига нисбатан 142,9 минг тоннага (4595) кўп қўшиб кўрсатилиб келинган. Шундан 120,6 минг тоннаси пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари томонидан қўшиб кўрсатилган бўлса, энг ачинарлиси 22,3 минг тонна умуман пахта хомашёси қабул қилмаган Сурхондарё вилоятидаги 7 та маъсулияти чекланган жамиятларига тўғри келади.
Мазкур ҳолатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Сурхондарёда 71,9 минг тонна (26,595), Фарғонада 37,0 минг тонна (15,94), Тошкентда 22,9 минг тонна (10,495), Жиззахда 7,7 минг тонна (3,76). Наманганда 2,6 минг тонна (139), Андижонда 0,821 минг тонна (0394) пахта хомашёси ҳақиқатда қабул қилинганга нисбатан кўп кўрсатилган.
Мисол учун, Сурхондарё вилоятида “Chinoz textile” МЧЖ 11,1 минг тонна, “Asg-angor paxta tozalash” МЧЖ 7,4 минг тонна, “Сурхондарё Агрохизмат“ МЧЖ 9,3 минг тонна, “Шашмохкашоб“ АСФ 7,5 минг тонна, “Termiz jayhun cluster” МЧЖ 3,4 минг тонна, “Surxon sifat textil” МЧЖ 1,1 минг тонна.
Пахта хомашёси умуман қабул қилмаган еттита маъсулияти чекланган жамиятлари “Ваndixon Zarafshon agrofirma” MChJ 6,9 минг тонна, “Muzrabot gallakori agrofirma” MChJ 4,4 минг тонна, “Oq toshobodlikgʻallakor agrofirma” MChJ 3,5 минг тонна , “Sariosiyo meva sabzavot “ MChJ 1,9 минг тонна, “Surxon eksport” MChJ 4,1 минг тонна, “Uz trade agro” MChJ 0,7 минг тонна, “Surxon gold fresh” agrofirmasi MChJ 1,4 минг тонна.”
Ўзи кластер корхонаси бўлган тадбиркор кимнингдир зўровонлигига дучор бўлмаса ўз чўнтагига хиёнат қиладими? Эртага етиштирилган пахтани қайта ишлаб даромад кўришни кўзлаган тадбиркорни бу йўлга киришига нима сабаб бўлиши мумкин?
Саволлар кўп.
“Инвестиция муҳит ҳақида ҳам нотўғри фикрлар билдирилган. Мана факт-рақамлар нима дейди: Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2019-2021 йилларда 1247 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. 2019 йилнинг ўзида 600 га яқин инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, минглаб янги иш ўринлари яратилди”.
Сурхондарё вилоятида ўз бизнесини очаолмаётган, сунъий тўсиқларга дуч келаётган тадбиркорлар додини кимга айтишини билмасдан сарсон бўлиб юргани ҳеч кимга сир эмас. Вилоятда дардини эшитадиган мард тополмаганлар 2016 -2018 йилларда ҳоким бўлган Э.О.Турдимовга бориб мурожаат қилаётгани бор ҳақиқат.
Хорижий инвесторларни вилоятга бўлган қизиқиши аҳмоқона сансалорлик оқибатида оёқости бўлмоқда. Бунга кўплаб мисоллар келтирсак бўлади.
Биз кимнидир танқид қилиш ёки уни обрўсизлантириш ниятимиз йўқ. Биз ҳоким ва уларнинг атрофларидаги жаноблардан атрофдаги воқеаларга теран кўз билан боқиб, юрт равнақи учун виждонан ишлашларини хохлаймиз.
Кимнингдир кўзёши, қарғишию лаънати билан обрў олиб бўлмаслигини биламиз. Арзимас ишларни матбуотларга пул бериб кўз кўз қилиб оддий халқнинг ғазаб хурмачасини тўлдирманг. Сиз раддияда айтган мард, танти, олийжаноб фарзандларнинг хам сабр косаси тўлиши ва ғазаб отига миниши табиий.
Сарой ёзувчисининг қуйидаги мисраларини “Воҳа тараққиётига зимдан “тош“ отмоқчи бўлаётган бу каби шахслар наҳотки эл олдида юзи шувут бўлиб қолишини ўйламаса-я?...”
Бундай қилиб тўғирлаб қўямиз... “Воҳа тараққиётига “тош“ бўлаётган бу каби шахслар наҳотки эл олдида юзи шувут бўлиб қолишини ўйламаса-я?...”
Яна бир гап
Жаноб ёзувчининг сўзларини инкор қилмаймиз. “Афсуски, халқимизда “Дарахтнинг қурти ўзидан чиқади”, деган пурмаъно гап бор”. Бу мақол минг йиларки ўзининг қийматини йўқотмаган. Айтмоқчимизки ўша халқни ўзагини чайнайдиган қурт сиз бўлманг...
Адҳам Ибодов
Узун тумани, Сурхондарё
Таҳририятдан: Ҳурматли ўқувчиларимиз, Адҳам Ибодовнинг бу мақоласини турли сабаблар билан кечроқ эълон қилмоқдамиз. Лекин, унинг моҳиятига эътибор беринг. Унутмангки, “Ҳаракат” доимо таъкидлаб келаётгани каби, мамлакатимиз демократия ва соғлом бозор муносабатларига ўтмас экан, Боболов сингари ҳокимларнинг пичоғи мой устида бўлади, коррупция ва порахўрлик урчийверади. Коррупция ва порахўрликни тўхтатиш – бизнинг вазифамиздир.