28 January 2020
20:33 - ОАВ: Гулнора Каримованинг Британияда учта уйи бор
Лондонда 2та квартира ва шаҳар ташқарисидаги қасрнинг умумий қиймати 40 млн фунтдан ортиқ.
Инглиз матбуотида Гульнора Каримованинг Бирлашган Қиролликдаги кўчмас мулклари ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

The Times хабарига кўра, Лондонга туташ Суррей графлигидаги Gorse Hill Manor номли йирик мол-мулк (расмда) Каримова номида. У мазкур ҳашаматли хонадонни 2010 йилда 18 млн фунт стерлинг (23,5 млн доллар)га сотиб олган.

Кўчмас мулкнинг ҳозирги нархи 30 млн фунт (39 млн доллар)ни ташкил этади.

Daily Mail`нинг қўшимча қилишича, Gorse Hill Manor 1912 йилда қурилган бўлиб, қайиқда сайр қилишга мўлжалланган кўл ва 70 минг кв.м. майдонни эгаллаган боғларни ҳам ўз ичига олади.

Каримованинг бу данғиллама ҳовли-жойи яқинида Бруней султонининг қасри ҳам жойлашган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг биринчи президенти тўнғич қизининг Лондонда иккита квартираси ҳам бор. Бири – Мейфэр туманида (нархи 8 млн фунт), иккинчиси эса Белгравия туманида (нархи 2 млн фунт).

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил октябрь ойида Буюк Британия ҳукумати Каримованинг қироллик ҳудудидаги учта кўчмас мулк объектини хатлаш даъвоси билан судга мурожаат қилган, ўшанда Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши курашиш бюроси (Serious Fraud Office) гап айнан қайси мулклар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган эди.

2015 йилдан буён ҳибсда қолаётган Каримова 2019 йил ёзида Ўзбекистон президентига мурожаат қилиб, халқдан кечирим сўраган эди.

2020 йил январидан Тошкентда биринчи президентнинг қизига оид навбатдаги жиноий иш бўйича суд иши бошланди. // Kun.uz

“Ҳаракат”: Kun.uz сайтидан олинган расмда Гулноранинг номида бўлган Лондон яқинидаги қасрни кўрмоқдасиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону