Бугун Kun.uz Интернет нашри Олий Мажлис Сенатининг раиси, масхарабоз ва кадда-Сенатор Танзила Норбоеванинг “Ислоҳотларнинг қонуний асосларини яратиш – зиммамиздаги устувор вазифалардан бўлиб қолади” номли мақолачасини эълон қилди.
У аввалига Шавкат Мирзиё олиб бораётган гўёки ислоҳотларни улуғлаб, “Уларнинг кўлами шу қадар кенгки, бугунги кунда янгиланишлар кириб бормаган тармоқ, ҳудуд ва ҳаттоки, ислоҳотлардан баҳраманд бўлмаган оила қолмади, десак муболаға бўлмайди” дейишгача борибди.
Энг қизиғи, ҳар бир оила ислоҳотлардан баҳраманд бўлиш учун - ҳар бир оила учун муҳим бўлган янгиликлар яратилиши кераклигини, авваламбор, Ўзбекистонда ўртача ойлик кескин орттирилиши кераклигини бу Танзила Норбоева исмли аёл билмайди ва тушунмайдиганга ўхшайди. Бизда ҳозир ўртача ойликка оилани ҳам боқиб бўлмаслиги туфайли миллионлаб ватандошларимиз бур бурда нонга пул топиш учун ойлаб-йиллаб оилаларини ҳам кўролмасдан Россия, Қозоғистон, Туркия, АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда қуллардек ишламоқдалар, Россияда тез-тез бўлиб турганидек, жуда кўп ҳалок бўлмоқдалар. Шу сабабли, Танзила хонимнинг юқорида келтирилган сўзлари устидан тўхтовсиз кулавериш мумкин.
Аммо, Танзила Норбоевага бу ҳам етарсиз бўлган шекилли, у “Энди нима қилиш керак?”саволи устида ўйлашга бошлабди ва ўз фикрини қуйидагича изҳор қилибди: “Мамлакатимиз тараққиёти билан боғлиқ барча соҳаларда ислоҳотларнинг қонуний асосларини яратиш - зиммамиздаги устувор вазифалардан бўлиб қолади.”
Офарин, Танзила хоним! Бу фикрингиз мутлақо тўғри. Аммо, биласизми, Сиз кабиларга жавобни Ўзбекистондаги ягона демократик ташкилот – “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси аллақачон бериб бўлган. Мана ўша жавобимизни энг қисқа шаклда ўқиб олинг:
Ўзбекистонимиз Шавкат Мирзиёнинг косметик ИСЛОҲОТЧАларига эмас, ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларга МУҲТОЖ.
Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида мамлакатни демократиялаштириш, яъни, қўғирчоқ Олий Мажлис, қўғирчоқ сиёсий партиялар, қўғирчоқ ҳукумат, қўғирчоқ оммавий ахборот воситаларидан тозаланиш каби ғоялар ётиши шарт.
Фундаментал иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ўтиш, КАТТА бойлар яратиш йўлига мавжуд режимнинг ўзи яратган тўсиқларни улоқтириш каби ғоялар ётиши шарт.
Шу ғоялар амалга ошиш пайтида мамлакатимиз ва аҳолисининг мутлақо кўпчилик муаммолари ўз ўзидан ҳал бўлади. Тушундингизми, кадда-Сенатор Танзила хоним?