Мана бугун, 2020 йил 24 январда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиё Олий Мажлиснинг қўшма йиғилишида ҳамма масхарабоз депутат ва кадда-Сенаторларни ҳамда халқимизнинг катта қисмини ўзи тўқиб чиққан эртаклар билан роса лақиллатди. Аммо, ўзи 13 йил Бош Вазир ва мана энди 3,5 йилдан бери президентлик қилаётган йиллари мамлакатимиз аҳолисининг ўртача ойлиги тахминан 150 доллар атрофида бўлиб қолганини, бир бурда нонга пул топиш учун миллионлаб ватандошларимиз чет элларда ойлаб-йиллаб оилаларини ҳам кўролмасдан қуллардек ишлашаётганини умуман тилга олмади.
Йиғилишдан кейин мамлакатимиздаги ҳамма қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари Шавкат Мирзиёни олқишлаш ва халқни янада лақиллатиш билан шуғулланмоқдалар ва шуғулланишни давом эттирадилар. Биронта оммавий ахборот воситаси Шавкат Мирзиё президентлик курсисида ўтирган йиллари Россиядан автобусда келаётган 52 нафар ватандошимиз Қозоғистонда ёниб кетгани, мана энди шу кунларда Томск вилоятида 11 нафар ватандошимиз бир ҳароб уйчада тириклай ёниб кетганини эсламади. Қолаверса, бу каби ҳалокатлар жуда кўп бўлмоқда. Шуми ҳақиқат?
Нима ҳам дердик, Ўзбекистон масхарабозлар юрти эди, ҳозирча маълум вақт шундай давом этади. Бу дегани, мавжуд режимга қарши тинч йўллар билан курашни тўхтатиш керак деганими?
Йўқ, асло ундай эмас. Том аксинча, курашнинг янги, 21 асрда эканлигимизни ҳисобга олсак, ўта илғор усулларга асосланган босқичи бошланмоқда.
Авваламбор, майдонларга чиқмасдан, ҳеч қандай митинг/намойишлар ўтказмасдан, тинч йўллар билан Ўзбекистонда мавжуд бўлган ягона сиёсий демократик ташкилот - “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясини Адлия Вазирлигида рўйхатдан ўтказишимиз керак. Кейин биринчи имкон бўлиши билан бу партия вакилларини Олий Мажлис палаталарига расман киритиш билан шуғулланамиз. Ана ундан кейин Олий Мажлис минбаридан туриб халқимизга ўзининг ғариб аҳволини, ҳозирги ҳокимиятнинг халққа қарши моҳиятини тушунтирамиз. Табиий, шундай йўллар билан мамлакатимиздаги Советлардан қолган тузумнинг моҳиятини ўзгартирадиган фундаментал ислоҳотлар бошлаймиз.
Сўнги йилларда Интернет саҳифаларида мавжуд ҳокимиятга қарши олиб борилган кураш кўрсатдики, бизнинг тарафдорларимиз халқнинг кўпчилигидир. Уларнинг ичида партиямизнинг мақсадларини яхши тушунаётган интеллектуаллар/зиёлилар борлиги ҳам кўриниб турибди. Айнан уларни ҳам партиямиз сафларига тортишимиз керак.
Билмаганлар учун билдириш керакки, 1989 йилда расман тузилган “Бирлик” Халқ Ҳаракати 1991 йили расман рўйхатга ҳам олинган, аммо ўша пайтда тўла ҳокимиятни қўлига олволган Ислом Карим мухолифатни маълум муддат ҳеч нарса қилолмайдиган қилиб қўйганди. Аммо, 10 йилча курашдан кейин, аниқроғи, 2003 йилда “Бирлик”ни қайтадан тикладик ва унинг асосида Қўқон шаҳрида расман қурултой ўтказиб, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясини туздик.
Ўшанда партиянинг ҳамма ҳужжатлари Адлия Вазирлигига расман топширилган, аммо вазирлик Ислом Каримнинг кўрсатмалари билан бизни рўйхатга олмаслик учун турли найранглар ўйлаб топишга бошлаган. Ўшанда биз Ўзбекистон Олий Судига мурожат қилишга мажбур бўлдик, аммо у ерда ҳам юқорининг топшириқлари бажарилди. Ҳокимият бизни тўхтатиб бўлмаслигини тушунганидан кейин, 2005 йил май ойида ҳамма биладиган қонли Андижон воқеаларини бошлатти ва унинг баҳонасида Адлия Вазирлигида ишлар тўхтаб қолди.
Аммо, ҳамма тушуниши керакки, вазирлик ҳалигача бизга рад жавоби бермаган, демак, рўйхатдан ўтиш жараёни расман давом этмоқда, ҳозир уни мавжуд қонунлар доирасида янгидан жонлантирамиз, сиёсий партиялар ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритилишига эришамиз ва рўйхатдан ўтиш учун партиянинг ҳозиргидек 20 минг эмас, тахминан 1 минг аъзоси бўлиши кераклигини қонунлаштирамиз.
Ҳамма истаганларни партиямизга аъзо бўлишга чақирамиз.
“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси
Тошкент, 24 январь 2020 йил