20 January 2020
14:28 - Шавкат Мирзиё иштирокида Қонунчилик Палатаси биринчи мажлисини бошлади, спикери ва ўринбосарлари сайланди, Шавкат Мирзиё валдираш билан овора. “Бирлик” нима дейди?
Ўзбекистондаги қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг спикери, унинг биринчи ўринбосари ва оддий ўринбосарлари сайланганини хабар қилдилар.

Нурдинжон Исмоилов Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси спикерлигига тавсия этилди ва депутатлар томонидан бир овоздан сайланди. У 1959 йилда Наманган вилояти, Учқўрғон туманида туғилган, маълумоти олий. 1980 йил Тошкент Давлат Университетини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос.

Шунингдек, мажлисда спикернинг биринчи ўринбосари ва яна 5 нафар оддий ўринбосари сайланди.

Нурдинжон Исмоилов ўзининг биринчи ўринбосари қилиб, эсини таниганидан бери Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилиш билан шуғулланиб келган Акмал Саидовни сайлашни таклиф қилди. 150 депутатнинг 147 нафари Акмал Саидов учун овоз берди ва у Қонунчилик Палатаси раисининг биринчи ўринбосари бўлди. У узоқ йиллардан бери Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Институтининг директори эди. Мана энди Олий Мажлис қуйи палатаси раисининг биринчи ўринбосари бўлди. Уни бутун дунё танийди ва унинг сайланиши мамлакатимизнинг обрўсини янада туширади.

Билмаганлар учун эслатиш керакки, Акмал Саидов 1958 йилда Тошкент вилоятида туғилган, 1980 йили Тошкент Давлат Университетини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос. У юридик фанлар доктори, профессор. Кўриб турибсизки, Нурдинжон Исмоилов ва Акмал Саидов битта университетда, битта мутахассислик бўйича биргаликда ўқишган, демак, Қонунчилик Палатасини иккита дўст бошқаради.

5 киши спикернинг ўринбосарлари этиб сайланди - Актам Хаитов, Алишер Қодиров, Наримон Умаров, Борий Алихонов, Улуғбек Иноятов.

Кейин Қонунчилик Палатасида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиё ҳамманинг жиғига тегадиган гаплар гапириш билан машғул бўлди. Мана унинг баъзи фикрлари:

- У палатанинг бор-йўғи 48 нафар депутати аёллар эканлигини урғулаб, уларга “Агар микрофонни ўчириб қўйишса, овоз билан гапиринг” деб маслаҳат берди.

- У ҳамма депутатларга “Бир ойда битта муаммо ҳал қилинг, сизни тарихингиз пайдо бўлади” деб маслаҳат берди.

- У Қонунчилик Палатаси депутатларига “Сайловларда камчиликлар ҳам бўлди. Масалан, Тошкентда сайловда қатнашганлар кам бўлди. Тўғри биз катта шаҳар, тенденция деймиз. Лекин биз ўзимизни алдаяпмиз. Сизлар ҳар ойда сайловчилар билан учрашинг, келинглар биз шу тенденцияни йўқ қилайлик. Мана шундай қилсак, келгуси сайловларда аҳвол ўзгаради” дейишгача борди. Аммо, сайловларда биронта мухолиф сиёсий партия иштирок эттирилмаганини тилга ҳам олмади.

- У “Ҳозир ОАВ вакиллари ҳам ўз устида ишлаяпти, улар ўзгаряпти. Мен барча журналистларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман мана шу фаоллик учун. Кўп одамларга журналистлар ёқмайди, лекин улар менга ёқади” дейишгача борди. Аммо, биронта ҳақиқий журналистга ишлашга йўл берилмаётганини эслатмади.

- У чет элда ишлаётган ватандошларимизни ҳам эслаб, улар “миллатпарвар, халқпарвар бўлса, ҳамма нарсага тайёрман. Лекин бир нарсани айтаман: кўпи қайтиб келиб, ишлашга рози эмас. Шуни ҳам билишимиз керак” деди. Аммо, уларнинг юртга қайтиш ниятлари йўқлигининг асосий сабаби – бизда мутахассисларга берилаётган ойлик жуда кам эканлигини, чет элда кўча тозлаш билан шуғулланаётганлар Ўзбекистондаги вазирлардан кўпроқ маош олишларини айтмади.

- У эртага Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси бўлишини гапириб ўтди, аммо “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат ўзига хат юбориб, Олий Мажлиснинг юқори палатаси, яъни Сенат мутлақо ноқонуний ташкилот эканлигини эслатгани, шу сабабли уни дарҳол тарқатиб юборишни ва янгидан сайловлар ўтказишни сўраганини айтишни унутиб қолибди.

Нима ҳам дердик, ҳаммаёқ масхарабозлик, Олий Мажлис ҳам, унинг қуйи палатаси – Қонунчилик Палатаси ҳам.

Демак, Ўзбекистондаги ягона демократик партия – “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси узоқ йиллардан бери айтиб келаётгандек, мамлакатимизда ФУНДАМЕНТТАЛ ислоҳотлар ўтказилмаса, Ўзбекистон ўлим йўлидан кетаверади. Бунинг олдини олиш учун бизда тезроқ ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларни бошлаш керак. Бундай ислоҳотларнинг марказида мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш каби ғоялар ётиш ШАРТ.

ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ислоҳотларнинг марказида мамлакатни демократиялаштириш, яъни, қўғирчоқ Олий Мажлис, қўғирчоқ сиёсий партиялар, қўғирчоқ ҳукумат, қўғирчоқ оммавий ахборот воситаларидан қутилиш каби ўзгаришлар ётиши ШАРТ.

ФУНДАМЕНТАЛ иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ўтиш ва КАТТА бойлар яратиш йўлига мавжуд режимнинг ўзи қўйган тўсиқларни улоқтириш ғояси ётиши ШАРТлиги ҳам ўз-ўзидан маълум.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону