20 January 2020
06:13 - "Бирлик" Халқ Ҳаракати Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёга очиқ хати

ЎЗБЕКИСТОН  “БИРЛИК”  ХАЛҚ  ҲАРАКАТИ  ПАРТИЯСИ
POPULAR  MOVEMENT  “BIRLIK”  PARTY  (UZBEKISTAN)


Январь 19, 2020 йил


Кимга: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёга

Кимдан: “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси Абдураҳим Пўлатдан


Қўғирчоқ партиялар иштирокида сайланган янги Сенатни бекор қилишингиз керак!


Ҳурматли жаноб Шавкат Мирзиё!

Сиз Ўзбекистонда президентлик курсисини эгаллаганингиздан бери 3-чи марта хат ёзмоқдаман. Аввалги хатларим партиямизнинг расмий жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигининг сайтида (harakat.net) ва унинг Фейсбукдаги саҳифасида (facebook.com/harakat.net) ҳам эълон қилинганди.

Бу хат Ўзбекистонда янгидан сайланган Олий Мажлис, тўғрироғи, унинг юқори палатаси - Сенат ҳақида.

Авваламбор айтиш керакки, Ўзбекистон Конституциясининг 1-чи моддасида “Ўзбекистон - суверен демократик республика” дейилган. Маълумки, демократик республикаларда, яъни давлатларда, қонунчилик, ижрочилик ва суд ҳокимиятлари бир-биридан мустақил бўлади.

76-чи моддасида эса, “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан - Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат” дейилган. Кўриб турибсизки, Олий Мажлис Сенати ҳам қонунчилик органидир.

Конституциянинг 80-чи моддасида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мутлақ ваколатларига” 14 турли фаолиятлар кириши айтилган ва 14-чисида “сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш киради” деб айтилган.

Яъни кўриб турибмизки, Ўзбекистонимиз ўз Конституциясига кўра, демократик, яъни қонунчилик органлари - ижрочилик ва суд ҳокимиятларидан мустақил давлат бўлиши керак.

Аммо, ҳаётга қаранг, ҳамма вилоятларнинг ҳокимлари олий қонунчилик органи бўлган ва янги сайланган Сенатнинг аъзолари бўлиб олдилар. 100 кишилик Сенатнинг 84 аъзоси маҳаллий кенгашлар тарфидан гўёки сайланди, 13 нафарини Сиз тайинладингиз. Нега Ўзбекистон президентига Сенаторларнинг бир қисмини тайинлаш ҳаққи берилган?

Бунинг устига Сиз тайинлаган Сенаторларнинг ва жойларда сайланган Сенаторларнинг катта қисми – ижрочи органларда ишлашади. Сиз тайинлаган 13 Сенаторнинг 12 нафари ҳам ҳозир ижрочи органларда ишлашмоқда. Қанақа демократия бўлиши мумкин бунақа Ўзбекистонда? Ҳамма Сенаторларни тўғридан-тўғри халқ сайлаши керак.

Хулоса битта. Сиз Ислом Карим яратган системанинг ҳаётини давом эттирмоқдасиз, демак, у каби бутун умр президентлик курсисида, тўғрироғи, тахтида ўтирмоқчисиз. “Янги Ўзбекистон – Янги Сайловлар” шиори халқни алдаш учун ўйлаб топилган, уни унутишимиз керак.

Сиз ҳозир Сенатга аъзоларни сайлаш ва тайинлаш натижаларини бекор қилишингиз ва “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партиялар иштирокида ҳақиқий сайловлар ўтказишингиз керак. Акс ҳолда, ҳеч қандай рухсатсиз халқ майдонларга чиқади. Уни тўхтатолмайсиз.

Ҳурматлар билан,
Абдураҳим Пўлат

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону