24 December 2019
08:00 - “Озодлик” Радиоси: “Бирлик” Партияси 22 декабрдаги сайловда қатнашиш учун бир неча ариза бериб, рад жавоби олди. “Бирлик” Партияси лидерлари нима дейди?
Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломовнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, мамлакатда бирор партиянинг ўзини мухолиф деб эълон қилиши учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ.

Марказий Сайлов Комиссияси раиси “Бирлик” ва “Эрк” каби мухолиф партиялар номини ҳам ўз сўзида тилга олиб ўтди.

Мухолифатдаги “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши аъзоси¸ хозир Германияда истиқомат қилаëтган Анвар Усмоновнинг “Озодлик” Радиоси ўзбекча хизматига айтишича¸ Марказий Сайлов Комиссияси раисининг “тўсиқ йўқ” дейиши мутлақо ëлғон гап. Мана Анвар Усмоновнинг “Озодлик” Радиоси ўзбекча хизматига айтган гаплари:

«Биз Адлия Вазирлигига сайлов олдидан кўп марта ариза билан мурожаат қилдик. Аризада сайловларда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш истаги аниқ баëн қилинди. Чунки биз жорий президент Мирзиëев айтган гаплардан умидланиб, бу аризаларни бердик. “Бирлик” вакиллари Адлия Вазирлигида қабул қилинди. Хушмуомала суҳбат бўлди. Аммо натижа ҳудди Каримов давридаги каби: “Бирлик” рўйхатга олинмади.

Холбуки шундай партия бор. Унинг лидери, профессор Абдураҳим Пўлатов АҚШдан туриб партияни бошқармоқда. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида партия бошланғич ташкилотлари бор. Улар халқаро анжуманларга ҳам таклиф қилинмоқда. Мана бир неча ой аввал Брюссель шаҳрида жойлашган Европарламентида ҳам қабул қилишди. “Бирлик” фаоллари ўзларининг Ўзбекистон Адлия Вазирлигида қайддан ўтишига ҳукумат тўсқинлик қилганини очиқ-равшан Европарламентдаги учрашувда билдиришди.»

“Бирлик” фаоли Анвар Усмоновнинг гаплари мутлақо тўғри эканлигини партия раҳбарлари ҳам тасдиқлашмоқда, дейди мухбиримиз. Авваламбор, бу партиянинг иддаолари қанчалик тўғри эканлиги ўрганилиши ва уларга тўғри жавоб берилиши муҳимдир. Аммо, минг афсуски, партия лидерлари ҳозир ўз фикрларини ҳамма ерда очиқча гапириш имкониятига эга эмаслар.

Ҳеч шубҳа йўқки, вақти келади, “Бирлик” Партияси ўзининг ҳақлигини ҳаммага намойиш қилади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону