ЎзА бугун Демократик Институтлар ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Бюроси (ДИИҲБ) 22 декабрдаги сайловлар хусусидаги илк ҳисоботини эълон қилганини билдириб, унга изоҳ берибди. Изоҳнинг асосий қисми Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва сайлов соҳасидаги қандайдир янгиликларни мадҳ этишга қаратилган. Аммо, муҳим бўлган – изоҳнинг охирги бўлимидир. Ўша бўлимни тўлалигича келтирамиз:
* * * * *
Ҳисоботда турли уюшмаларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини, фикр билдириш ҳуқуқини таъминлаш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлиги ҳақида тавсиялар мавжуд. Депутатликка мустақил номзодлар кўрсатиш институтини жорий этиш орқали фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилади. Сиёсий партияларнинг жамоат жойларида партиялар ва уларнинг номзодлари тўғрисидаги реклама материалларини жойлаштириш орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориш, шунингдек, сайлов кампанияси кенг кўламда ташкил этилишини таъминлаш учун интернетдан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида фикрлар билдирилган. Журналистлар мунозаралар пайтида кўтарилган сиёсий масалаларни муҳокама қилиш, сиёсий партиялар, улар номзодларининг сайловолди дастурлари мазмун-моҳиятини таҳлил қилиш ва очиб бериш бўйича ишларни кучайтириши керак.
* * * * *
“Ҳаракат”: Кўриб турибсизки, ДИИҲБнинг ҳисоботи мазмунан салбийдир. Бизга келган хабарларга кўра, ДИИҲБ кузатувчилари ҳамма нарсани биладилар, аммо Ўзбекистон билан ўртага совуқлик тушуришни истамаяптилар. Кўрамиз, уларнинг сайловлардан кейинги ниҳоий ҳисоботи қандай бўлади.