Ўзбекистоннинг бош қўғирчоқ оммавий воситаси ЎзА бугун хабар қилишича, Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чоралар кўрилаётгани гапирилганмиш. Бу мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева гендер тенглик, хотин-қизлар масалалари борасида парламент назоратини янада кучайтириш лозимлигини, мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини ошириш, хусусан белгиланган вазифалар ижроси юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш мақсадга мувофиқлиги ҳақида алжирабди.
Танзила хоним, Сенат мажлисида алжирашдан осон иш йўқ! Илтимос, алжирашни тўхтатинг, мамлакат ва уни халқининг ғариб аҳволи ҳақида ўйланг! Мана, ғариблигимизнинг ИККИТАГИНА мисоли.
Биринчидан, Ўзбекистонда аҳолининг ўртача ойлиги аввал ҳам МДҲда ҳаммадан кам эди, ҳозир ҳам кам. Нега бу тўғрида оғиз очмаяпсиз. Чунки, Сиз ўзингиз давлат бераётган арзимаган ойликдан ташқари паст табақалардаги мутасадди ходимлардан олаётган пора билан яхши яшаябсизми? Бунинг учун жавоб берадиган кун яқинда келишини биласизми?
Иккинчидан, 33 миллион аҳолимизнинг камида 4 миллиони бир бурда нонга пул топиш учун Россия, Қозоғистон, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея каби давлатларда қуллардек ишлашаётганини ҳам билмайсизми? Улардан биронтаси Ўзбекистонга қайтиб келгани ҳақида маълумотингиз борми? Нега шундай мавзуларни тилга олишдан қочасиз? Бунинг учун жавоб берадиган кун тезда келишини биласизми?
Хуллас, ҳурматли ўқувчиларимиз, тушунинг, Ўзбекистонимиз бундай режим, Танзила Норбоева каби раҳбарлар билан ўлимга кетмоқда. Аслида, ўлиб бўлди ҳам. 22 декабрдаги сохта сайловлар ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Шундай экан, мавжуд режимга қарши эканлигингизни кўрсатишнинг ягона йўли – бу сайловларга қатнашмасликдир. Сайловга қатнашмаслик – мавжуд режимни бойкот қилишнинг энг осон йўли. Тўғри, сайлов комиссиялари ҳамма натижаларни сохталаштириб эълон қиладилар, аммо бойкот бўлаётганини ҳамма кўради.
Бу хабарга қўйилаётган расм ҳам масхарабоз ЎзАнинг хабаридан олинди.