22 May 2019
22:16 - Шавкат Мирзиёнинг қолоқлик менталитети бошқаларга ҳам ўтмоқда: Ички Ишлар Вазири Пўлат Бобожонов “Кабинетда ўтириб буйруқбозлик қилиш замони ўтди. Раҳбар халқнинг ичида бўлиши лозим” дебди

Бир неча кун аввал 83 ёшли нафақахўр, собиқ Бош вазир ўринбосари Раҳим Ражабовнинг ЎзА мухбири билан суҳбатда айтган қуйидаги сўзлари устидан кулган эдик: "Шароф Рашидов ҳам, Усмон Юсупов ҳам, Файзулла Хўжаев ҳам Ўзбекистоннинг ҳар бир тумани, ҳар бир қишлоғида бўлмаган. Ислом Каримов ҳам онда-сонда, ундаям – сессияларга бориб, ўша куни қайтиб келарди. Ш.Мирзиёевнинг ютуғи – далама-дала юриб, одамларнинг кўнглига йўл топаётганида. Мамлакатнинг ҳақиқий раҳбари шундай бўлиши керак. Қайси вилоятга борсангиз, қурилиш, янгиланиш. Миллатимиз, миямиз ўзгараяпти. Президентимиз омон бўлсин!"

Бундай гаплар устидан кулиш керак, чунки, раҳбар ҳақида “далама-дала, шаҳарма-шаҳар юриб, одамларнинг кўнглига йўл топадиган одам деб ўйлаш” – ғирт аҳмоқликдир. Ҳа, шундай ишлар ҳам борки, уларни бажариш учун халқнинг ичида бўлиш керак. Аммо, юқори даражадаги раҳбарларнинг асосий вақти, айниқса, Президент, Бош вазир ва вазирларнинг асосий вақти ўз кабинетида ўтади ва ўтиши керак. Бу – бутун дунёдаги раҳбарларнинг иш тажрибасидан чиқарилаётган аксиома каби хулосадир.

Шу сабабли, дунёда ҳеч бир президент Шавкат Мирзиё каби сал кам ҳар куни далама-дала, шаҳарма-шаҳар юрмайди. Ҳамма президентлар, ҳамма бош вазир ва вазирлар ҳамда бошқа даражадаги раҳбарлар кабинетларида ўтириб ҳамма нарсани бошқарадилар.

Мана бугун 22 май куни “Ҳуррият” газетасининг 11-сонида Ўзбекистон Ички Ишлар Вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов билан нашр бош муҳаррирининг суҳбати чоп этилибди.

Суҳбат вақтида Пўлат Бобожонов шундай дебди: «Энди эскичасига ишлаб бўлмайди. Кабинетда ўтириб буйруқбозлик қилиш замони ўтди. Раҳбар халқнинг ичида бўлиши, унинг дарду ташвишини яхши билиши, худди ўз дарду ташвиши деб билиши лозим. Бу борада Юртбошимиздан ўрнак олишимиз керак. Бошқаларга “бошчилик қиламан” деган одам изланувчан, ташаббускор, талабчан бўлиши, кези келганда ғамхўрликни ҳам ўрнига қўйиши, соҳага инновацион ёндашиши, янгича фикрлаши лозим. Ана шу талабларга жавоб бера олмайдиган раҳбарлар билан “хайрлашяпмиз”.»

Раҳбар изланувчан, ташаббускор, талабчан бўлиши, кези келганда ғамхўрликни ҳам ўрнига қўйиши керак, янгича фикрлаши лозим. Аммо, “Кабинетда ўтириб буйруқбозлик қилиш замони ўтди” дейиш ғирт аҳмоқликдир. Бутун дунёда юқори даражали раҳбарлар асосан кабинетларида ўтирадилар. Бунинг устига, ҳамма муаммоларга инновацион ёндашиш 21 асрнинг сифатларидан биттасидир. Буни гапириб ўтириш ортиқча нарса.

Аслида, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказиш керак. Ана ўшанда мамлакатдаги муаммоларнинг жуда кўпи ўз-ўзидан битади. Битмаганлари устида ишлаш раҳбарнинг вазифаси. Бунинг учун далама-дала, шаҳарма-шаҳар кезишнинг кераги йўқ, жаноб миршаббоши Пўлат Бобожонов!!!

Шавкат Мирзиёнинг далама-дала, шаҳарма-шаҳар юришлари, ҳар бир муаамонинг ечими учун президент фармонлари ва қарорлари чиқаришлари - бир тийинга қиммат нарсалардир. Жойи келгани учун яна қайтарамиз, Ўзбекистонда ФУНДАМЕНТАЛ СИЁСИЙ ва ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР ўтказиш керак.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ЎТИШ, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган жинояткорона тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзбекистон тўла бозор иқтисодиётига ўтса, ўзимизнинг инвесторлар синфи яратилади ва ўз инвесторларимиз ҳамма муаммоларни Шавкат Мирзиёнинг йиғилишларисиз ҳам ҳал қиладилар.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, халқ майдонларга бизнинг чақириғимиз билан чиқиб, шундай ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишга мажбур бўлади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону