15 May 2019
11:35 - Олий Мажлис диний ташкилотларга доир қонунга ўзгаришлар киритмоқчи, сиёсий партияларга доир қонунда қачон ўзгариш бўлади? "Бирлик" қачон рўйхатга олинади?

Олий Мажлис Қонунчилик Палатасида Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтгани парламентнинг сайтида хабар қилинди. Бу ва бу каби йиғилишларнинг мақсади - “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунининг янги таҳририни тайёрлаш экан.

Ҳеч шубҳасиз, Олий Мажлис охир-оқибатда Президент Шавкат Мирзиёнинг Ўзбекистонни янада исломлаштириш йўналишдаги истакларни қонунлаштириб беради.

Аммо, шу йўналишда қилинаётган ишлар - бошқа йўналишлар учун ҳам яхши фикрлар ўртага чиқариши шубҳасиздир. Ҳозир Ўзбекистон учун муҳим бўлган йўналишлардан бири – мавжуд режимнинг қўғирчоғи бўлмаган сиёсий партиялар яратиш ва уларни Адлия Вазирлигида рўйхатга олинишини таъминлашдир. Акс ҳолда, Ўзбекистонда ҳеч қачон демократия бўлмайди ва бўлолмайди.

Маълумки, сиёсий партиялар ҳақидаги Ўзбекистонда мавжуд қонунда партия рўйхатдан ўтиши учун унинг камида 20 минг тарафдори бўлиши кераклиги, партияни рўйхатдан ўтказиш учун Адлия Вазирлигига бериладиган хужжатлар ичида шу 20 минг кишининг рўйхати ва шу 20 минг кишининг имзоси ҳам бўлиши керак.

Эслатиш керакки, мустақилликнинг биринчи йиллари бу қонун яратилганда, рўйхатдан ўтишни истаган партия Адлия Вазирлигига 3 минг тарафдорининг рўйхатини бериши кераклиги айтилганди. Аммо, 2003 йили бу қонунга ўзгартириш киритилди ва бу рақам 3 мингдан 20 мингга чиқарилди.

Айнан ўша йили “Бирлик” Халқ Ҳаракати асосида “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси тузилди ва уни рўйхатдан ўтказиш учун Адлия Вазирлигига партия тарафдори бўлган 21 минг кишининг рўйхати топширилди. Мана орадан 16 йил вақт ўтди, аммо Адлия Вазирлиги ҳалигача шу рўйхатдаги қандайдир камчиликларни баҳона қилиб, бу партияни рўйхатдан ўтказмаяпти. Тушуниш керакки, мавжуд режим “Бирлик” Халқ Ҳаракати партияга айланиш йўналишида иш олиб бораётганини кўриб, рўйхатдан ўтишни истаган партия тарафдорларининг сони шундай катта бўлиши кераклигини қонунлаштирган эди.

Жойи келгани учун эслатиш керакки, аҳолиси биздан тахминан 5 баравар кўп бўлган Россия Федерациясида партияни рўхатдан ўтказиш учун партия 40 минг аъзога эга бўлиши керак эди. Аммо, Россиядаги турли норозилик митинг ва намойишларининг талаби Европа Инсон Ҳуқуқлари Суди тарафидан ҳам қўллаб-қувватлангач, бир неча йил аввал Россия Федерациясида партияни рўйхатдан ўтказиш учун керак бўлган аъзолар сонини 80 баравар камайтириб, 500 га туширдилар.

Қаранг, энди Россияда партияни рўйхатдан ўтказиш учун унинг бор-йўғи 500 аъзоси борлиги етралидир. Аҳолиси Россиядан 5 баравар кам бўлган Ўзбекистонда эса, партиянинг 20 минг (!!!) аъзоси бўлиши керак. Бу – масхарабозликдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекистоннинг Олий Мажлиси ва Адлия Вазирлиги мамлакатимизни бунақа масхарабозликдан қутқариш устида ишлашлари ва бизда ҳам Россияда каби сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш учун унинг 500 аъзоси ёки тарафдори етарли эканлигини қонунлаштиришлари керак.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону