12 June 2009
01:23 -
Тожикистон шимолида ягона ўзбекча газета ходимлари судга тортилди, газета тўхтади

Хўжанд шаҳар прокуратураси олиб борган тергов бўйича газета вакилларига Тожикистон Жиноий Кодексининг 257-моддаси (хорижий давлатлар томонидан берилган ёрдам пулини ўзлаштириш) ва 340-моддаси (ҳужжатларни сохталаштириш) бўйича жиноят иши очилган эди.
Бироқ маҳкама давомида NED халқаро ташкилоти томонидан даъво бўлмаганлиги инобатга олиниб, 257-модда бекор қилинди. Бундан ташқари, прокуратура томонидан ҳужжатларни сохталаштириш тўғрисидаги айбловлар ҳам тўла тасдиқланмаганлиги сабабли тонгчиларга шартли жазо тайин қилинди.
Тожикистондаги НАНСМИТ медиа-ташкилоти раҳбари Нуриддин Қаршибоев суд адолатли қарор чиқармади, деган фикрда.
- “Тонг” ҳафтаномасида зиддият 2008 йил октябрь ойида вужудга келди. Биздаги маълумотларга кўра, можаро газета муассис Мақсуд Худойбердиев ва бош муҳаррир Пўлат Умаров ўртасидаги келишмовчиликдан келиб чиққан. Биз Хўжанд шаҳрида муассис ва бош муҳаррир билан учрашдик, зиддиятни бартараф қилиш йўлларини ҳам ишлаб чиқдик. Афсуски, аввалига таҳририятдаги вазиятни барқарорлаштиришга, газета чиқишини яна ўз йўлига солишга кўнган муассис кейинчалик ўз ваъдасида турмади.
НАНСМИТ раҳбари республика ва ҳаттоки қўшни давлатларда ҳам обрў қозонган нашр - “Тонг” газетаси бугун чоп қилинмай қолганидан таассуф билдиради.
Газетанинг собиқ бош муҳаррири Пўлат Умаров ҳам суд қароридан рози эмас ва юқори инстанция судига апелляция тартибида шикоят аризаси топширмоқчи. // Радио “Озодлик”