10 June 2009
16:55 -
“Бунёдкор” ФК Луис Фелипе Сколари билан 18 ойга мўлжалланган шартнома имзолади

2009 йил 9 июнь, Тошкент: “Бунёдкор” ФК Луис Фелипе Сколари билан 18 ойга мўлжалланган шартнома имзолади. Жаноб Сколари клуб ҳамда болалар футбол академияси фаолиятларига йўриқчилик қилади.
Ушбу воқеа юзасидан Луис Фелипе Сколари шундай дейди: «Ҳозир ўзбек футболи ўзининг муваффақиятли тарихини яратаётган пайт. Бу борада айниқса сўнгги 4 йил ичида ўзининг қойилмақом порлаши ва салоҳиятини кўрсатиб келаётган “Бунёдкор” алоҳида ажралиб турибди. 2010 йилнинг март ойига режалаштирилган, “Тошкент” футбол шаҳарчасидаги янги стадион барпо этилгач, клуб тарихида янги аср очилади. Мен керакли жойда, керакли вақтда ва керакли жамоада эканлигимга аминман”.
Болалар футбол академиясига йўриқчилик қилишига шарҳ берар экан, жаноб Сколари қуйидаги фикрни билдирди: “Мени Ўзбекистонда спортга мамлакат Президенти Ислом Каримов ва республика ҳукумати, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан жалб этилаётган ижтимоий сармоялар даражаси юқорилиги жудаям ром этди. Ва шу боис мен болаларга таълим бериш борасидаги янги изланишларга имкони қадар тезроқ киришиб кетишимни кутиб турибман. Келиб чиқишлари ва яшаш ҳудудлари бошқа-бошқалигидан қатъи-назар, футбол Ўзбекистондаги барча болалар ва ўсмирларга ўз салоҳиятларини ривожлантириш ва амалда кўрсатишга имконият яратиши лозим”. Академияда 400та ўқувчига ўрин мавжуд бўлиб, улар бу даргоҳда ўрта таълимга эга бўлишдан ташқари, бир вақтнинг ўзида, футбол тайёргарлиги бўйича чуқурлаштирилган курсни ҳам тамомлашади. Шунингдек, ёш футболчиларни тайёрлаш учун хориждан яна еттита мутахассиснинг таклиф этилиши режалаштирилган.
Жаноб Сколарига клуб билан ишлашда ҳамда футбол академияси фаолиятини олиб боришда унга у ўзи танлаган ва “Бунёдкор”га бирга олиб келган мутахассислар гуруҳи ёрдам беради. Булар иккинчи мураббий – Флавио Да Кунья Тейшейра (Муртоза), жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий – Дарлан Жозе Шнейдер, дарвозабонлар мураббийи – Антонио Карлос Прачиделли.
“Бунёдкор” клубининг ижрочи директори Таваккал Исмоилов эса бу борада мана шу гапларни изҳор этди: “Жаноб Сколари “Бунёдкор” билан ишлашга қарор қилганидан биз жуда ҳам хурсандмиз. Бу ушбу машҳур мутахассис клубимизнинг келажагига ва умуман бутун ўзбек футболининг тараққиётига қаттиқ ишонаётганини кўрсатади. Энди унинг олдидаги вазифа – клубимиз ва шу билан бирга, юртимиздаги бошқа жамоалар ўйинлари савиясини кўтариш бўлади. У буни шу даражада амалга ошириши керакки, кейинчалик биз саралаш мусобақасини омадли ўтказиб, 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига боришимиз даркор”.
Жаноб Т.Исмоилов клуб номидан яна қуйидагиларни қўшимча қилди: “Бугунда барчага ойдек аёнки, баъзи миш-мишларга зид равишда, “Бунёдкор” таъсисчилари хорижий клубларни сотиб олишни кўзлашмаган, балки ўзбек футболининг порлоқ келажаги учун сармоялар сарф этишмоқда. Биз вақти келиб “Бунёдкор”ни очиқ турдаги акционерлик жамиятига айлантирмоқчимиз. Шунда акциялар эгаси бўлиш имкони клуб ишқибозларида ҳам пайдо бўлади”.
“Бунёдкор” ФК айни дамда Ўзбекистон чемпионати ва кубоги ҳамда Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларида иштирок этмоқда.
МАЪЛУМОТ:
Луис Фелипе Сколари
(1948 йил 9 ноябрда туғилган) — бразилиялик футбол мураббийи
Мураббий сифатида ютуқлари
Клублар
• Алагоас штати чемпиони: 1982 («ССА»)
• Риу-Гранди-ду-Сул штати чемпиони (3): 1987, 1995, 1996 («Гремио»)
• Бразилия чемпиони: 1996 («Гремио»)
• Бразилия кубоги соҳиби (3): 1991 («Крисиума»), 1994 («Гремио»), 1998 («Палмейрас»)
• Либертадорес кубоги соҳиби (2): 1995 («Гремио»), 1999 («Палмейрас»)
• Жанубий Америка Рекопаси (Суперкубоги) соҳиби: 1996 («Гремио»)
• Меркосур кубоги соҳиби: 1998 («Палмейрас»)
Терма жамоалар
• Жаҳон чемпиони: 2002 (Бразилия)
• Европа чемпионати финалчиси: 2004 (Португалия)
Шахсий
• Жанубий Америкада йил мураббийи (2): 1999, 2002
• ФИФА сўрови бўйича жаҳонда йилнинг энг яхши мураббийи: 2002
Манба: fcbunyodkor.com
Ким кимдир? Who is Who?Добавить
персону
Абдураҳим Пўлат
"Бирлик" халқ ҳаракатининг асосчиларидан, унинг Ташаббус Гуруҳининг, кейин Ҳаракатнинг раиси, Ҳаракат партияга...
Добавить сведения