Кеча, 27 апрель куни кино ва театр актёри, Ўзбекистон халқ артисти Санъат Девонов 84 ёшида Хоразмда оламдан ўтди. Ўзбек театр ва кино санъатида ўчмас из қолдирган актёр Санъат Девонов 1932 йилнинг 9 майида Хоразм вилояти, Ҳонқа туманида таваллуд топган, ўз вақтининг афсонавий “Мафтунингман” фильмидаги роли билан (расмда) миллатга танилган эди.
Шунингдек, кеча Тошкентда таниқли тилшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ғани Абдураҳмонов ҳам 91 ёшида оламдан ўтди.
Халқимизнинг атоқли фарзандлари деб ҳисобланиши керак бўлган бу инсонларнинг бири Хоразмда, иккинчиси Тошкентда тупроққа берилди.
Аммо, минг афсуски, миллатимизниг бу улуғ фарзандлари миллатнинг бугунги аҳволи билан, миллатнинг катта қисми оила тебратиш учун чет элларда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланмаган ҳолда қуллардек ишлаётгани билан, қирғиз фашистлари тарафидан тириклайин ёқилган миллатдошлари билан, 5 миллион атрофида ўзбек яшайдиган Афғонистонда биронта ўзбек мактаби ёки синфи йўқлиги билан қизиққанлари ҳақида маълумотимиз йўқ.
Балки, тўғридир, миллат шундай бўлганидан кейин, унинг фарзандлари ҳам шундай бўлиши табиийдир. Айнан шундайларни ҳақиқий фарзанд дейиш керакдир.