Россия демократлари бирлашиш йўлида навбатдаги қадамни қилиб, 2015 йил 11 декабрда "Демократик коалиция" Форуми номли йиғилиш ўтказганлари ва айнан шу номли коалиция тузилгани, бу коалиция ўзи учун навбатдаги парламент сайловлари олдидан "Ўзгаришлар тўлқини" шиори танлагани ҳақида ўз вақтида хабар берган эдик.
Ҳозир маълум бўлишича, бу коалицияга аъзо бўлган машуҳур антикоррупционер Алексей Навалний ва у ташкилотдан бунисига ўтавериш касаллигига учраган Владимир Милов коалициядан чиққан эмишлар.
Алишер Усмоновга тегишли gazeta.ru Интернет нашри “Дождь” газетасига асосланиб хабар беришича, "Демократик коалиция"нинг асосини ташкил қилувчи Халқ Эркинлиги Партияси (Партия Народной Свободы – ПАРНАС) лидери, собиқ Россия Бош вазири Михаил Касянов газета мухбирига шундай деган: “Бу икки кишининг коалициядан чиқиши, агар улар ростдан чиққан бўлсалар, хатодир. Мен бундан жуда афсусланмоқдаман. Орамизда шундай гап бўлган эди, аммо улар коалициядан чиқиш қарорларини эълон қилмаганларди. Агар улар орамиздаги гапларни шундай талқин қилаётган бўлсалар, бу уларнинг фикридир, мен ҳеч кимни ушлаб туролмайманку.”
Яна ўша gazeta.ru Интернет нашри РБК агентлигига асосланиб ёзишича, “Коррупция билан Кураш Фонди” раиси Алексей Навалний ва “Демократик Танлов” ҳаракатининг лидери Владимир Милов "Демократик коалиция"дан чиққанларини эълон қилган эмишлар. Уларга бўлажак парламент сайловларида бу коалиция номзодларининг рўйхатида биринчи ўрин Михаил Касяновга берилаётгани ёқмабди.
“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг "Демократик коалиция" тузилиши ҳақидаги фикрлари билан ушбу хабарнинг остидаги линк орқали танишингиз мумкин. Айнан ўша ерда Абдураҳим Пўлат ривожланмаган жамиятларда ҳар ким лидер бўлиш амбицияси қурбони бўлиб, демократик мухолифатнинг кучли бўлишига йўл бермаслигини айтган. Айнан шундай бўлмоқда.
Ахир нима қилибди, бу коалиция рўйхатининг бошида Михаил Касянов турса? Нима, бутун бошлик коалициядан биттагина одам парламентга киролади, деб ўйлаб, ўша ўринни олиш иштиёқидамисизлар, эй, Навалний ва Миловлар? Бир ўзингиз парламентда нима қилолардингиз? Минг афсуски, амбиция қурбонлари бундай саволлар устида ўйлашга қодир эмаслар.