Шу йил 3 декабрда “Ҳаракат” Агентлиги тарафидан эълон қилинган хабардан маълумки, мен қароргоҳи Вашингтонда жойлашган ва фахрий президенти Фатхулла Гулен бўлган “Румий Форум” ташкилотида ўтказилаётган бир йиғилишда “Румий Форум”ни Исломнинг ҳақиқий муаммолари билан шуғулланмасликда айблагандим. Тўғрисини айтса, мен ўз фикримни “Румий Форум” ўтказган бир қатор тадбирлада аввал ҳам тилга олганман, аммо ҳеч ким уларга эътибор бермаганди. Шу сабабли, 3 декабрдаги йиғилишда ўз фикримни шок терапияси усулида ифода қилиб, бу ташкилот раҳбарларининг жонини ҳалқумига келтиргандим.
Шундан кейин у ўз фикрларимни қисқа мактуб орқали Фатхулла Гуленга жўнатганман ва “Румий Форум” Ислом динининг ҳақиқий муаммолари билан шуғулланишни истаса, "Ислом дини фундаментал ислоҳотларга муҳтожми, муҳтож бўлса улар нимадан иборат" номли семинар ва семинарлар туркуми ташкил этиши шартлигини урғулаганман.
Бугун Интернетни титкилаб ўтирар экан, Фатхулла Гулен 17 декабрь куни Франциянинг машҳур Le Monde газетасида “Биз, мусулмонлар, Исломни қандай тушунишимизни қайтадан танқидий кўриб чиқишимиз керак” номли мақола эълон қилгани ва феълан менининг танқидларимга жавоб беришга ҳаракат қилганини кўриб қолдим. Мақола француз ва инглиз тилларида берилган.
Мақолада ИШИД ва унга ўхшаган террористик ташкилотларнинг Ислом номи остида қилаётган ваҳшийликлари қораланади ва мусулмонлар террорни қоралаш билан чекланмасдан, Исломни радикал таҳлил қилувчиларни маргиналлаштириш, яъни уларнинг соннини камайтириш устида ишлашлари, терроризмнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний кўринишларини йўқ қилишда иштирок этишлари кераклиги гапирилади.
Бир қарашда, Фатхулла Гулен мен каби ўйлаётгандек кўринади, яъни Исломнинг ички муаммолари билан шуғулланиш лозимлигини, айнан шу йўл билан Ислом терроризмини йўқ қилиш мумкинлигини гапираётгандек кўринади. Масалага чуқурроқ қарасакчи?
Қаранг, Фатхулла Гуленга кўра, Исломни радикал таҳлил қилувчиларни камайтирсак, демак, Исломни юмшоқ таҳлил қилувчиларни кўпайтирсак, терроризм битади. Бу фикр - хатодир.
Фатхулла Гулен ҳам ўз мақоласида тилга олгандек, ҳозир дунёда 1,5 миллиард атрофида мусулмон бор. Ҳамма террористик гуруҳлардаги мусулмонларнинг сони нари борса 100 минг чиқади. Бу - мусулмонларнинг 0,1 фоизидан ҳам камдир. Бу маргинал гуруҳ-ку, бу озчилик-ку!! Аммо, айнан шу озчилик бутун дунёга хавф солмоқда.
Унутмаслик кераки, дунёда ҳамма буюк ишларни айнан озчилик бошлаган, тарихни ҳам озчилик қилган, қилмоқда ва қилади.
Шундоғ ҳам маргинал бўлган террористлар, Фатхулла Гулен айтаётгандек, Исломни радикал таҳлилига асосаланиб фаолият олиб бормоқдалар. Эътибор беринг, улар ҳеч нарсани осмондан олмаяптилар, бор нарсани ўзларича таҳлил қилмоқдалар. Хато таҳлил қилмоқдалар ҳам дея олмаймиз, фақатгина радикал таҳлил қилмоқдалар. Буни яхши тушунган Фатхулла Гулен, уларни йўқ қилишни эмас, чунки, йўқ қилиб бўлмайди, маргиналлаштиришни ўйламоқда.
Масаланинг мутлоқ ечими эса, ўша радикал таҳлилларга асос бўлаётган тушунчаларимизни, яъни Исломнинг хато тушунчаларини, қолаверса, Қуръоннинг хато тафсирини тўғрилашдир.
ИШИД ва у каби террористик гуруҳлар айнан Исломнинг хато тушунчаларига айсосланиб, давлатларни исломий қилмоқчилар, уларни Халифаликга бирлаштирмоқчилар ва ҳамма мусулмонларни Шариат қонунлари остида яшашага мажбур қилмоқчилар.
Ҳурматли Фатхулла Гулен! Қаранг, шундай экан, айнан ИШИДчилар,,Сиз ва мендан фарқли ўлароқ, ҳақиқий мусулмон эмасми? Ҳа, Исломнинг ҳозир қабул қилинган тушунчаларига қарасак, улар ҳақиқий мусулмон бўлиб чиқаяпти. Айнан шу сабабдан, мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги уларга қўшилмаса ҳам, уларга қарши чиқмаяпти, чиқолмайди ҳам.
Шундай экан, Ислом терроризмини тўхтатиш, қолаверса, Ислом дунёсини қолоқлик ва қашшоқликдан чиқаришнинг ягона йўли – Исломда фундаментал ислоҳотлар қилиш, биринчи навбатда давлат исломий бўлолмаслигини, дунёвий/секуляр бўлиши кераклигини тан олишдир.
Бундан ташқари, Исломнинг 5 маҳал намоз, рўза ва ҳаж қилиш фарзларини тўла бажариб бўлмайди. Шу сабабли улар - бажарилса савоб, бажарилмаса гуноҳ бўлмайдиган амалиётлар деб қабул қилиниши керак.
Вақти келиб қолгани учун шуни ҳам айтаманки, Фатхулла Гуленнинг бу фикрлари Буюбритания Бош вазири Дэвид Кэмероннинг шу йил 16 ноябрда Лондон шаҳрининг Сити деб айтиладиган қисмининг ҳокими (лорд-мэри) ҳар йили уюштирадиган қабул маросимида асосан терроризм масалаларига бағишлаб сўзлаган нутқига ўхшаб кетади. У ўз нутқида, жумладан, шундай деганди: "Экстремизм ғояси ҳақиқий исломнинг сифати эмас, аммо буни фақат гапиришдан фойда йўқ, чунки экстремистлар ҳам ўзларини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун биз бетараф қилмаслигимиз ва бизнинг ишончларимиз тарафдори бўлганларга амалий, яъни молиявий ёрдам беришимиз, уларни ҳимоя қилишимиз ва уларнинг сиёсатда иштирок этишларини таъминлашимиз керак". Яъни, Кэмерон ҳам моҳиятан Фатхулла Гуленнинг гапларини гапирмоқда. “Ҳаракат” Агентлиги бу ҳақда хабар берар экан “Бечора Дэвид Кэмерон ҳам ислом терроризмининг моҳиятини тушунмаслигини намойиш қилди” деб ёзган эди.
Le Monde газетасидаги каби мақолалар билан дунёнинг мусулмон бўлмаган катта қисмида мусулмонларга нисбатан нафрат шаклланишини, “террор” ва “Ислом терроризми” тушунчаларининг синонимга айланиб боришини тўхтатиб бўлмайди.
Абдураҳим Пўлат,
“Бирлик” Партиясининг раиси