13 April 2009
03:00 -
Абдураҳим Пўлат:
“Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилинг!!
“Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилинг!!
1. Моҳиятини “Биздан кунига ўқувчиларимизга камида 100 хабар, ўқувчиларимздан бизга йилига камида юз минг долларлик ёрдам” деб таърифласа бўладиган бу кампания Ўзбекистон тарихида из қолдирадиган воқеа бўлишига ҳеч шубҳа йўқ.
Тўғри, ўзбек жамиятининг ҳозирги аҳволида бундай кампания бошлашнинг ўзи хом хаёлликдек кўринади. Аммо, унутмайликки, фақат Ўзбекистонда эмас, бутун Марказий Осиёда демократик мухолфат яратиш хом хаёллик бўлган вақтда биз у ишга бел боғлаганмиз ва ҳеч ким қилолмаган ишни қилиб, Ўзбекистонда демократик мухолифат яратганмиз. Ислом Карим 20 йилдан бери уни йўқ қилолмаяпти, қилолмайди ҳам.
Демоқчиманки, биз унча-мунча одамнинг кўзи етмайдиган ишларга қўл уриб, амалий натижаларга эришганмиз, бу сафар ҳам шу қобилиятимизни намойиш қиламиз.
Тан олиш лозим, биз ҳозирча мавжуд тузумни ўзгартириш кучига эга эмасмиз. Айнан шу сабабли бу кампанияни бошламоқдамиз, халқнинг ёрдами билан Ўзбекистондаги вазитни ўзгартира оладиган кучга эга бўлишга ҳаракат қиламиз. Чунки, “Биздан ҳаракат, Оллоҳдан баракатдир”.
2. Маълумки, кучли цивилизациялар, маданиятлар ўзгариб турувчи шартларга, чақириқларга ўз вақтида жавоб беролмасдан тарих саҳифаларининг бир четида қолиб кетганлар. Замонавий математиканиннг асосларини яратган Ал-Хоразмий, дунёнинг илк расадхоналаридан бирини қурган Улуғбек каби фарзандлари бўлган, машҳур Ипак йўлининг катта бир қисмига ҳукмронлик қилган биз ўзбеклар ҳам шу аҳволга тушганмиз.
19 асрда Ғарб дунёси шаҳарлараро поездлар тармоғи ва электр энергиясидан фойдаланишга бошлаган, радио яратган ва учоқлар яратиш устида ўйлаётган бир пайтда, биз шам-пиликлар ҳамда Қўқон аравалари билан яшайдиган ҳолда қолиб кетган эдик. Натижада, биз - ўз вақтида дунёни забт этишга қурби етган Амир Темурнинг авлодлари – осонликча русларнинг мустамлакасига айландик.
Ичимиздан чиққан хоинлар ёрдамида тахтини маҳкамлаб олиб, 20 йилдан бери ҳукмронлик қилаётган Ислом Каримнинг сиёсатини “ўлганнни устига тепган” сўзлари билан шархлаш тўғри бўларди. Ҳатто қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистон замонавий сиёсий ва иқтисодий система асосларини яратиш учун кураш олиб борар экан, биз “янги уй қурмасдан эскисини бузма” деган аҳмоқона шиор остида косметик таъмирлаш ишлари қилиб, “эски уйда” ўтиришни давом эттирмоқдамиз. Яна тарих саҳифасининг четида қолмоқдамиз.
Эртами кечми мавжуд тузум ўзгаради, ҳамма нарса ўз-ўзидан изига тушиб кетади, деб ўйлайдиганлар хато қиладилар. Қолоқлик даражаси маълум бир нуқатага етиб келгандан кейин, тарих саҳифасидаги аввалги мавқега қайтиш имконсиз бўлиб қолиши мумкин. Биз ўзбеклар, дунёни қўйиб туринг, Марказий Осиё миқёсида ҳам, ҳозир шундай хавфниннг остонасидамиз.
3. Миллат тарих саҳифасининг бир четида қолиб кетмаслиги устида ўйлаш, бунинг олдини олиш йўлларини қидириш шу миллат фарзандланинг, зиёлиларнинг, қолаверса, сиёсатчиларнинг вазифасидир. Ҳозир ҳокимиятдагилар ичида бундай вазифани тушунадиган одам ҳам йўқ. Демак, бу вазифа ҳам мухолифатдагиларнинг зиммасига тушади.
Мисол учун олайлик, мана ҳозир дунё молиявий-иқтисодий бўҳрон ичида. Агарда одамлар дунёвий жараёнларга таъсир қила оладиган, уларни бошқара оладиган механизмларни аввалдан яратишмаган бўлсайди, G20 каби форумлар бўлмасайди, бўҳрон дунё урушига, бу уруш ядровий уруш бўлишини ҳисобга олсак, дунёнинг охирига айланиши мумкин эди.
Бу бўҳрон ўзбекларга ҳам таъсир қилади, аммо дунё бизнинг иштирокимизсиз ҳам ундан чиқади.
Аммо, биз ўзбеклар бир неча юз йилдан бери ўз бўҳронимиз ичидамиз ҳам. Шу сабабли, юқорида айтилгандек, биз, Амир Темурнинг авлодлари мардикорларга айландик. Бу бўҳрондан бизни ҳеч ким олиб чиқолмайди, олиб чиқмайди. Бу бизнинг ўз вазифамиз.
Биз ўзимиз бўҳрондан чиқиш йўли ва унинг механизмларини яратиш устида ишлашимиз лозим. Бугунги мавжуд режим бунга йўл бермаслигини ҳисобга олиб, кутилмаган жойдан ёриб чиқиш устида ўйлаш керак. Жойи ва вақти тўғри топилган бўлса, кутилмаган жойдаги кичик бир туртки, жамиятда инқилобий ўзгаришларга олиб бориши ёки жамиятдаги касалликларни тузатишга хизмат қилиши мумкин. Ёки аксинча жамиятни бўҳронга судраши мумкин.
Муҳимлиги ўз вақтида ҳамма тарфидан сезилмаган турткилар қандай натижаларга олиб боришини англатиш учун бир нечта мисол келтираман.
Ислом уламолари, балки яхши ният билан, аммо, натижаларини тўғри ҳисоб қилолмасдан, ўз вақтида кўзга кўринмас бир хато қилдилар, яъни, Қуръонни бошқа тафсир қилишни тақиқладилар. Натижада, Ислом дунёси чуқур бўҳронга учради, ривожланишда ҳаммадан бир неча асрга орқада қолиб кетдик. Расадхона қуриш даражасига етиб борган ўзбекларнинг мардикорликка тушиши - ўша бўҳроннинг натижаларидан биридир.
Бошқа мисол. Ўзбекистон президенти Ислом Карим “Янги уй қурмасдан эскисини бузма” шиорини ўз сиёсатининг асоси қилиб олди. У янги уй қўшни томорқада эмас, айнан эскисининг ўрнида қурилишини тушунмади. Натижада, ўзбеклар кулбага айланиб бораётган эски ўйда ўтиришни давом эттирмоқдалар. Ҳатто қўшниларимиздан энди етиш қийин даражада орқада қолдик. Ислом дунёсидаги умумий бўҳрон, биз ўзбеклар учун, Ислом Карим томонидан киритилган “арзимаган” бир шиор воситасида яна ҳам чуқурлаштирилди.
Булар, таъбир жоиз бўлса, салбий мисоллар. Ижобийлари ҳам бор. Масалан, ҳамма нарсани, хусусан, жамиятни бошқариш системасини рақобат асосида шакллантиришдек оддий бир принципни ўз вақтида қоида қилиб олган Ғарб бутун дунёнинг лидерига айланди.
4. Ҳозир биз бошлаётган “Юзга юз минг!” кампанияси, юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқиб, жамиятимизни ҳозирги бўҳрондан чиқариш йўлидаги тўсиқда бир туртки, бир зарба билан дарча очиш ва сўнгра тўсиқни бутунлай бузиб ташлашни мақсад қилган.
Хўш, унинг моҳияти ва ташқи кўриниши нимадан иборат?
Ҳозир атрофда бўлаётган воқеалар билан одамларни хабардор қилиш даражаси - жамиятни бошқаришда муҳим аҳамиятга эга бўлган факторга айланган. Диктатураларда одамларни танланган хабарлар билан таништириш, режим истамаган нарсалардан хабарсиз тутиш йўли билан барқарорликка эришилса, демократик жамиятларда одамларни ҳамма нарсадан хабардор қилиш йўли билан ундан ҳам мустаҳкам барқарорликка эришилмоқда. Хабарчилик мустақил индустрияга, айни замонда, ҳамма ҳам фарқига бормайдиган пропаганда воситасига айланган.
Дунёнинг хабар агентликлари ҳафтада 7 кун, ҳар куни 24 соат тинмасдан хабар тўплайдилар, хабар тарқатадилар. Хабарчилик замонавий ҳаётнинг ажралмас бир қисми бўлиб қолди. Фақат Ўзбекистонда бундай эмас. Биттагина расмий хабар агентлигимиз ҳафтада 5 кун фақат кундуз соатлари ҳеч қандй қиймати бўлмаган бир нечта хабар тарқатади. Шармандалик!
Ўзбекистонда мустақил хабар агентликларининг йўқлиги ҳам ғариб аҳволимизни кўрсатувчи яна бир мисолдир. Ўзбеклар шунга тоқат қилиб келаётганлари, бир тарафдан, ўзбек жамиятининг қанчалик ибтидоий даражада эканлигини кўрсатса, иккинчи тарафдан, юз йиллардан бери давом этиб келаётган бўҳрон қандай чуқурлашиб кетганини кўрсатади.
“Юзга юз минг!” кампанияси ўзбеклар тарихий ўринларини йўқотишларининг олдини олиши ва жамиятимиз учун “ёриб ўтиш” моҳиятидаги сакрашларга йўл очишини ҳамма дарҳол тушуниб етади, шу сабабли, бу кампанияни қўллаб-қувватлайди дейиш, юқорида айтилганидек, хомхаёллик бўларди. Шунинг учун, бу йўналишда тушунтиришлар олиб бориш ва ҳомийлар сонини узлуксиз орттириш устида ишлаш ҳам вазифаларимиздан бири бўлиб қолаверади.
5. “Юзга юз минг!” кампаниясининг мақсади - вазиятни ўзгартириш ва “Ҳаракат” хабар агентлигини ўзбек тилидаги биринчи замоновий хабарчилик воситасига айлантиришдир. Ҳозир “Ҳаракат” агентлиги ҳар куни 5-10 та хабар тарқатади. Бу рақамни камида 100 га чиқаришимиз керак. Ана шунда ўзбеклар дунёда ва Ўзбекистонда бўлаётган муҳим воқеаларни дақиқама-дақиқа кузатиб бориш имконияга эга бўладилар.
Кунига 100 ва ундан кўп хабар тарқатиш катта маблағ талаб қилади. Чунки, агентликнинг профессионал ишлайдиган ходимлари, Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудларида мухбирлари бўлиши керак. Дунё хабар агентликлари маблағни рекламадан олишади, ҳозир бизда бундай имконият йўқ. Ҳозирги босқичдаги бирдан бир умидимиз – юрт ташқарисида яшаётган ўзбеклар. Биз секин-аста хабарлар сонини кўпайтириб борамиз ва бунга яраша бизга чет элларда яшайдиган ўзбеклар берадиган ҳомийлик ёрдамининг ошишига эришамиз. Кейин бу кампанияни Ўзбекистон ичига ҳам олиб кирамиз.
“Томчи-томчи кўл бўлар” деганларидек, ўқувчиларимиздан олинадиган ёрдамни йилига камида 100 минг долларга етказишни режалаштирмоқдамиз. Маблағ тўплаш иши, ғарбча терминлар билан айтсак, маблағ тўплаш учун очилган фондни ўстириш иши ҳам профессионал савияда олиб борилади, етарлича ўзбек диаспораси бўлган ҳамма мамлакатларда бизнинг агентларимиз (фондрейзерларимиз) бўлади. “Ҳаракат” агентлигининг сайти кучли информацион майдонга айланган сари, чет эллардаги ўзбекекистонлиларнинг у билан боғлилиги кучаяди, уларни ҳомийликка тортиш самаралироқ бўлишга бошлайди.
Кампаниянинг моҳияти шундан иборатки, тўпланган маблағ фақатгина “Ҳаракат” агентлигининг фаолиятини эмас, Ўзбекистондаги умумий демократик жараёнларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам сарфланади. Шу йўл билан оддий одамларнининг жамиятда бўлаётган жараёнларга таъсир кўрсатиш механизмлари яратилади. Бунинг ўзи жамиятимизда бўладиган инқилобий ўзгаришларга заминдир. Очиқ айтиш керак, “Юзга юз минг!” кампаниясининг илк мақсади шу заминни яратишдир.
Шу замин ва механизмларни яратсак, ўзбек жамиятида кескин ўзгаришларга йўл очилади. Акс ҳолда, яқин орада Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармайди, ва натижа ўлароқ, ўзбеклар дунёда ва хусусан Марказий Осиёда бир маҳаллар эгаллаган ўринларини бутунлай йўқотадилар.
Юқорида айтилганидек, ҳозирги режим ўзгарса, ҳамма нарса яхши бўлиб кетади, ўзбеклар қаддини тиклайди, деб ўйлашга асос йўқ. Ундай бўлмайди. Ўзбекистонда демократик жараёнлар тезлашиб, ҳақиқий бозор иқтисодига ўтиш бошланса, бир қатор ташқи юртларнинг бойлари Ўзбекистонда яшайдиган миллатдошлари воситасида сиёсий-иқтисодий соҳамиздаги таянч нуқталарини дарҳол сотиб оладилар ва ўзбеклар энди ўз мамлакатларида мардикор ҳолига тушадилар. Ўз мамлакатида мардикорга айланган олмонлар ўтган асрда национал-социализм ғояларини қурол қилиб олишга мажбур бўлишганини унутмайлик.
Демак, бошлаётган кампаниямизнинг мақсади - Ўзбекистонни бугунги чуқурдан чиқариш учун бошланғич қадам қўйишгина эмас, балки, кейинги чуқурга тушмасликнинг олдини олиш ҳамдир.
Ҳа, қисқа қилиб айтсак, “Юзга юз минг!” кампаниясининг ниҳоий мақсади – миллатнинг келажагидир. Уни ҳуррият ва фаровонликка қовуштириш йўлидаги илк қадамдир. Миллатнинг асл фарзандларини бу кампанияга қўшилишга чақирамиз.
13 апрель 2009 йил