Абдураҳим Пўлат: Туркия мухолифат партиясининг раҳабариятидаги истеъфо ва ўзимиздаги ўхшашликлар (Бироз тўлатилган версия) - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана"/> Абдураҳим Пўлат: Туркия мухолифат партиясининг раҳабариятидаги истеъфо ва ўзимиздаги ўхшашликлар (Бироз тўлатилган версия) - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана"/>

21 February 2009
04:00 - Абдураҳим Пўлат: Туркия мухолифат партиясининг раҳабариятидаги истеъфо ва ўзимиздаги ўхшашликлар (Бироз тўлатилган версия)

Абдураҳим Пўлат: Туркия мухолифат партиясининг раҳабариятидаги истеъфо ва ўзимиздаги ўхшашликлар (Бироз тўлатилган версия)

Авваламбор, олдин ҳам бир неча марта ёзилган бир фиикримни қайтармоқчиман.

Ушбу лавҳадаги каби нарсаларни ёзиш менинг вазифам эмас, ҳатто менга лойиқ эмас. Бу каби мавзуларни анализ қилиш журналистларнинг, сиёсатшуносларнинг иши. Аммо, ҳозир Ўзбекистонда на журналистика на сиёсатшунослик бор. Ўзбекистондаги воқеаларни ёки дунёда бўлаётган воқеаларни Ўзбекистон билан солиштириб анализ қилган ва қандайдир хулосалар чиқарган мақолаларни бизнинг сайтдан бошқа жойда мутлақо, қайтариб айтаман, мутлақо кўрмайсиз. Биздан ташқарида фақат мазохизм бор. Айнан шу аянчли аҳволдан келиб чиқиб, ўтган асрнинг 90-чи йиллари ўртасида, “сиёсат билан шуғулланиш имконияти бўлмаган Ўзбекистонда, ҳамма мухолифатчилар ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналистга айланишлари керак” деган чақириқ қилган эдим. Табиий, ўзим ҳам маълум маънода журналистга айландим. Ўша чақириғим эса, ҳали ҳам актуал.

Энди сарлавҳадаги мавзуга ўтаман.

Бир замонлар Туркияда Отатурк бошчилигида қурилган Жумҳурият Халқ Партиясининг бу кунлардаги Бош котиб ўринбосари Меҳмет Севиген кеча ўз лавозимидан ва партиясининг Марказий Бошқарув Кенгаши аъзолигидан истеъфога чиққанини эълон қилди. Сабаби ҳам маълум. Бу сиёсатчи Истанбулда ер сотиш ишига аралашиб катта фойда олгани журналистлар томонидан ўртага чиқарилгач, воқеа турк матбуотида катта шов-шувга айланган эди. Меҳмет Севиген “фойда олганим хусусидаги гаплар нотўғри, мен буни суд йўли билан исбот қиламан, лекин, ҳозир маҳаллий сайловлар арафасида партиямга ва партия раисимга зарар бермаслик учун истеъфога чиқаман” деб баёнот берди. Аслида, у ўша “фойда олиш” ишига аралашганга ўхшайди, шу сабабли истеъфога чиққан.

Фақат Туркияда эмас, бутун дунёда ҳам шу каби воқеалар бўлиб туради. Чунки, ҳамма одамлар каби сиёсатчилар ҳам пайғамбар эмас, улар хато қиладилар, баъзи ҳолларда ўз нафсларини тия олмай қоладилар. Қолаверса, бу - жамиятнинг касалликларидан бири. Демак, бу касалликнинг олидини олиш, касаллик ўртага чиқса, уни даволаш билан шуғулланиш жамиятнинг доимий вазифаларидан биридир. Ривожлаган мамлакатларда жамият бу вазифасини бажариб келмоқда.

Масалан, бир йилча аввал бир АҚШ конгрессменининг Капитолийдаги офисида, музлатгичнинг морозилниги (ўзбекчасига қандай айтишни билмадим, музлатгичнинг ўтамузлатгичи дейиш керакми) ичига бекитиб қўйилган 90 минг доллар нақд пул топилди. Табиий, у одам пора олган. Аммо, депутат сифатида унга қарши иш очиб бўлмасди. Матбуотда кўтарилган тўпалондан кейин, ўша конгрессмен истеъфога чиқди.

Сиёсатчилар фақат моддий манфаат билан боғлик хатолар қилишмайди. Бошқачалари ҳам бўлади.

Масалан, 5-6 йил аввал АҚШдаги Республикачилар Партиясининг Сенатдаги фракциясининг раҳбари Лотт бошқа бир амалдаги сенатор Сандерстормнинг 100 йиллик юбилейида қора танлиларга тегиб кетиши мумкин бўлган бир нарса деб юборди. У буни атайлаб қилмагани ҳам кўриниб турарди. Аммо, аммавий ахборот воситаларида катта жанжал кўтарилди. У “бечора” сенатор ҳар куни бир неча телепрограммада чиқиб, юбилей байрами ҳавосида оғзидан янглиш сўзлар чиқиб кетганини тушунтириб, қора танлилардан қайта-қата узр сўради. Лекин биронта кўзга кўринган қора танли жамоат арбоби ва ҳатто сенатор Лоттнинг ўз партиясидаги сафдошлари уни оқлашга ҳаракат қилмадилар, унинг ёнини олишга интилмадилар. Буни тушунган сенатор Лотт аввал фракция раҳбарлигидан, кейинчалик сиёсатдан бутунлай кетди. Ваҳолангки, у бу партиянинг Жорж Бушдан кейинги президентликка номзоди бўлиши кутиларди.

Бу каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Демоқчиманки, ҳар қандай партия раҳбариятининг сафлари оддий ротациядан ташқари, шу каби тўпалонга айланган воқеалар туфайли ҳам ўзгариб туради. Муҳим бўлгани шуки, ривожланган жамиятларда, жанжал марказида қолган сиёсатчилар ўзлари истеъфога кетадилар ёки истеъфога кетишга мабжур қилинадилар. Партиянинг обрўсини сақлаш, қолаверса, хатоларни тузатиш, бошқаларга ибрат ва огоҳлантириш сифатида бўладиган иш қилишнинг бошқа йўли йўқ.

Лекин ривожланмаган жамиятларда бу каби жанжаллар маданий шаклда ҳал қилинмайди, аксинча, партия ичидаги катта муаммога айланади. Натижада, партиялар бўлинади ва ҳатто йўқ бўлиб кетади.

“Бирлик” халқ ҳаракати тузилар тузилмас, шундай бўлган. Ҳозир 53-54 лақабли бўлиб қолган Салой Мадамин ўша пайтда ўз нафсини тия олмасдан, Каримов берган совғалар (53-54 сонили квартиралар ва компартия рўйхатидан альтернативсиз депутут бўлиш) эвазига “Бирлик”ни ҳукуматнинг қўғирчоғига айлантирмоқчи бўлди. Ўша кунлардаёқ машҳур ёзувчиларимиз Эркин Воҳидов ва Шукрулло буни хоинлик деб баҳолашди. Кейинчалик Салой совғалар олгани аниқ фактлар билан исботланди. У болада сиёсий мардлик, қолаверса эркаклик хусусияти бўлганда эди, у дарҳол истеъфога кетган ва ёзувчилигиними ёки санъаткорлигини давом эттираверган бўларди. Аммо, у “сиёсий мурда” сифатида бўлса ҳам сиёсий саҳнани саситиб юришни лозим топди ва ўз партиясини йўқ қилди.

“Эрк” партиясининг 2003 йилдаги қурултойида бўлиниш бўлганда, 53-54 ва унинг югурдаги Отаназар Орифовни арслонларча ҳимоя қилган Тошпўлат Йўлдошев ва Ойгул Маматовалар бир йил ўтар ўтмас, ўзлари ўша икки шахсга қарши чиқдилар, биттасини раисликда олдилар, бошқасини ҳатто партиядан чиқардилар. Кейин ўзлари йўқ бўлиб кетдилар. Балки, ҳеч нарса қилолмасдан йўқ бўлиб кетишгандир. Аммо, одам сифатида ҳали борлар-ку. Сиёсий мардлик кўрсатиб, партиядан чиққанларини эълон қилишса, ҳақиқий сиёсатчи эканликларини кўрсатишган бўларди.

Ибтидоийлик фақат “Эрк”да демоқчимасаман. Ибтидоийлик – жамиятда.

Масалан, бир қанча йил аввал, мухолифатга қарши қадамлардан бири, айни замонда, халқни алдаш қадами сифатида, Ислом Карим машҳур хонанда Юлдуз Усмоновани қўғирчоқдек ишлатиб, бир партия ҳам туздирди, кейин ҳаммасини улоқтирди. Бу хонанда қандай ўйинга туширилганини ҳам тушунмаслигини биламан, лекин ҳозир ҳеч нарса бўлмагандек, ўзини халққа хизмат қилувчи одамдек кўрсатишга интилиши кулгили. Ваҳоланки, тушунмасдан қўғирчоқ бўлиб, вақтинча бўлса ҳам, режимга хизматкор бўлиб юргани учун мардларча халқдан кечирим сўраши, ана ундан кейин санъаткорлигини давом эттириб юравериши керак эди. Эслатиб ўтиш жоиз, Шерали Жўраев ҳам бир маҳаллар бизга қарши ишлатилиб, кейин тепиб улоқтирилганди. Бу хусусда мен “Дўст бўлсанг ёнимда тур” номли мақола ёзганман.

Бундай мисоллар “Бирлик”да ҳам йўқ эмас. Биз ҳам шу ибтидоий жамиятнинг фарзандларимиз. Аммо, жамиятнинг ибтидоийлигини тушунганимиз сабабли, бу камчиликни ҳисобга олиб тўғри қадамлар қилишга интилмоқдамиз ва партияга жиддий зарар берилишининг олдини олмоқдамиз. Мана, “Бирлик”даги мисоллар.

1994-95 йиллари “Бирлик” халқ ҳаракати Самарқанд ва Тошкент вилояти ташкилотларининг раҳбарлари Алибой Йўляхши ва Ҳазратқул Худойбердилар бизни “Эрк”га қўшилиб террор йўлига ўтказишга роса уриндилар. Бўлмади. Уларда сиёсий мардлик бўлса эди, ўз вақтида истеъфога чиқиб кетардилар. Кетмадилар, ўзимиз уларни четлаштириб қўйдик. Лекин, ҳалигача қўлларидан келган жойда бизга қарши бир нарсалар қилиб юришади.

Толиб Ёқубни олайлик. У киши “Бирлик” фаоли эди, кейинчалик менинг саъй-ҳаракатларим билан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятига (ЎИҲЖ) раҳбар бўлди ва катта ишлар қилди, дунёда, тўғрироғи, дунёдаги Ўзбекистон билан шуғулланадиган доираларда номи чиққан сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячисига айланди. У ҳам одам, вақти келди - хато қилди, нафс балосига учради. Ўзининг шахсий манфаатларидан келиб чиқиб, “Бирлик” билан ЎИҲЖни бир-бирига қарши қўйишга ҳаракат бошлади, жамиятни Адлия вазирлигида рўйхатга олдиртирмаслик учун жон-жаҳди билан, қайтариб айтаман, жон-жаҳди билан курашди. Менинг қатъий илтимос ва талабларимга қарамасдан, ЎИҲЖни рўхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигига топшириладиган ҳужжатларнинг кичик, аммо муҳим жойларини қонунларга тўғри келмайдиган шаклда тайёрлаб вазирликка топшириб келди ва ҳар сафар аризаси орқага қайтарилди. У киши ҳам вақтида ўз хатосини тан олиб, яъни сиёсий мардлик кўрсатиб, истеъфога кетмади, биз ўзимиз у кишини четлатиб қўйишга мажбур бўлдик. Мана энди майда-чуйда фисқ-фасодлар билан шуғулланадиган одам даражасига тушиб қолди.

Охирги мисол – Исмоил Дадажоннинг тарихи. У “Бирлик” бўлингандан кейин, асосан Дадахон Ҳасаннинг таъсири остида, “Бирлик” ва “Эрк” ўртасида, ўкки ўт орасида қолди. 2001 йилда у ниҳоят бир тарафни танлади, қарор берди. Мен унга ишондим ва Қўқонликларнинг қаршилигига қарамасдан, уни ўзимга ўринбосар қилишга эришдим. У бир неча йил “Бирлик” учун жуда катта ишлар қилди. “Бирлик” халқ ҳаракатини тиклаш ва “Бирлик” Партияси сифатида ишни давом эттиришда фаол иштирок этти. У ҳам дунёнинг Ўзбекистон билан шуғулланадиган доираларида таниқли сиёсатчига айланди. Кейин янглишди. Режимга қарши курашиш учун ҳамма нарсани қилиш керак фалсафасидан келиб чиқиб, демократликдан диний радикализмга, аниқроғи, ҳизбутаҳрирчиликкка кечди. Мақсади бизни ҳам шу йўлга буриш бўлди. Бунинг учун қаттиқ курашди. Мен ва партия фаолларининг мутлақо кўпчилиги уни қабул қилмаганимиздан кейин, у сиёсий мардлик кўрсатиб партиядан истъфога чиқиши лозим эди. Аммо, мардлик етишмади. Мана энди соғлиги масаласини малзама (ашё, модда) сифатида ишлатиб, сиёсий майдонда чўкиб кетмаслик учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Барибир чўкиб кетади, чунки ўзининг аввалги ғояси ва принципларига хоинлик қилди.

Ҳали мантиқий сўнгига келмаган мисоллар ҳам бор. Масалан, Андижон воқеаларидан кейин, юрт ташқарисида яшаётган бир гуруҳ ўзбеклар Саддам Ҳусайиннинг юрт ташқарисидаги ашаддий мухолифи, АҚШнинг катта миқдордаги ёрдамга таянибгига сув юзида юрган Аҳмад Челебининг “Ироқ Миллий Конгресси”дан ўрнак олиб, “Ўзбек Миллий Конгресси” номи остида ташкилот тузишга киришдилар. Биз сайтимизда уларни “ўзбек челебичилари” дея кулги остига олганимиздан кейин, “Демократик Ўзбекистон Конгресси” номи ўртага отилди. Моҳият эса ўзгармади. На бир жиддий ғоя, на бир жиддий асослари бўлмагани учун, биронта иш қилишга улгурмасдан ички жанжаллар гирдобида қолишди. Унинг раҳбари ёки раҳбарларининг тақдири Салой, Алибой ака, Ҳазратқул, Тошпўлат, Ойгул, Толиб ака, Исмоилларнинг тақдири каби бўлади. Улар жараёнлар мантиқий чўкишга етиб боришини кутмасдан сиёсий мардлик кўрсатишса ва кўприклар ёниб битмасдан аввал Ўзбекистонда амалда иш олиб бораётганларга қўшилишса, умумий ишимиз учун фойда бўларди.

Мен бу мисолларни фожеа сифатида кўраётганим йўқ. Аксинча, булар сиёсатда етарлича оддий воқеалар эканлиги, аммо ривожланган жамиятларда хато қилганларни сиёсий мардлик қилиб, истеъфога кетишга мажбур қиладиган механизмлар борлиги, бизда ҳали бундай механизмлар ишламаётгани туфайли, ишимизнинг самарадорлиги озлигини айтмоқдаман.

Агарда ўз вақтида Салой, Алибой ака, Ҳазратқул, Тошпўлат, Ойгул, Толиб ака, Исмоиллар, шу кунда Жаҳонгир Муҳаммад ва Баҳодир Чорилар юқорида номи тилга олинган турк ва америкалик сиёсатчилар каби мардлик кўрсатиб, истеъфога кетсалар, ёки кечирса бўладиганлари тўғри йўлга ўтсалар эди, ўзбек мухолифати бугунгидан кучлироқ, мавжуд режим эса кучсизроқ бўларди.

Эътибор беринг, мен юқорида Ғарб сиёсатчиларнинг “сиёсий мардлигини” гапирган бўлсам, кейин “сиёсий мардликка мажбур қилиш механизмлари” иборасини ишлатдим. Чунки, аслида, Ғарб сиёстчилари ихтиёрий мардлик кўрсатмагандилар, жамият уларни шунга мажбур қилганди. Буни тушуниш жуда ҳам муҳим. Бизда шундай амалиётни жорий қилиш ундан ҳам муҳим.


Менинг ушбу лавҳам - ўзимизда ҳам шундай “сиёсий мардликка мажбур қилувчи механизмлар” яратиш йўлидаги қадамлардан биридир, холос.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону