24 January 2009
04:00 -
23:00 - Саиджаҳон Зайнобиддин Владимир Висоцкий ҳақида (улуғ рус санъаткорининг туғилиш куни арафасида фикрлар ва янги таржималар)
21:00 - “Ирмоқ” журналини гўё диний-радика
21:00 - “Ирмоқ” журналини гўё диний-радика
23:00 - Саиджаҳон Зайнобиддин Владимир Висоцкий ҳақида (улуғ рус санъаткорининг туғилиш куни арафасида фикрлар ва янги таржималар)
Эртага Владимир Висоцкий туғилган кун (1938 йил). Бу санъаткорнинг ижоди Совет тузуми, тўғрироғи, тузумнинг ўзаги ҳисобланиган коммунистик ғоя тарафидан ҳеч қачон эътироф этилмаган. Расмий пропаганда унинг борлигини ҳам тишини тишига қўйиб тан олишга мажбур бўларди. Унинг бевақт ўлими (1980 йилда) тузум гумашталарини севинтиргани ҳам ўз-ўзидан маълум. Аммо халқнинг кўриши бошқача эди.

Бу хусусда “Бирлик” раҳбари Абдураҳим Пўлат шуларни хотирлайди:
1981 йил апрель ойида бўлса керак, русларнинг пасхаси куни Москвада эдим. Дўстим Зафар билан Ваганьков қабристонида яқинда ўрнатилган Висоцкийнинг биринчи ҳайкалини бориб кўрдик. Байрам бўлгани учун қабристон одам билан тўла эканлигини гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Аммо, Висоцкийнинг қабрига ўрнатилган ҳайкал артофида нима бўлаётганини сўз билан тушунтириб бўлмайди.
Сал кам бўйнигача қопга солиниб боғлаб қўйилган Висоцкийни кўрсатувчи ҳайкалнинг яқинига келиб бўлмасди. Узоқ навбатда туриб унинг олдидан ўтдик. Совет касалхоналарида руҳий касалларни сокинлаштириш учун шундай қопларга солиб боғлаб қўйишларини эшитгандик. Ҳайкалтарош Совет идеологияси Висоцкийни касал деб ҳисоблагани ва уни доим исканжада ушлаб турганига ишора қиларди.
- Мана халқнинг ҳақиқий савгиси, - деди дўстим Зафар атрофдаги оломонга ишора қилиб.
- Висоцкийга севгидан ҳам кўпроқ, бу – халқнинг тузумга қарши исёни, - дедим мен.

Ҳали ҳам шу фикрдаман. Висоцкийнинг ҳайкали атрофидаги сассиз митинг - халқнинг мавжуд тузум идеологиясига қарши норозилик намойиши, исёни эди. Ҳар қандай шароитда халқ тузумга ўз муносабатини билдира олиш имкониятига эга. Масалан, бугун ўзбек халқи мавжуд режим қаршисида ҳеч нарса қилмаётгани - фақатгина режим кучининг эмас, халқимиз аҳволининг ҳам кўрсатгичидир.
“Бирлик” Партиясининг Андижон вилоятидаги етакчиси Саиджаҳон Зайнобиддин (Саиджаҳон Равоний таҳаллуси остида) Владимир Висоцкий туғилган куни арафасида шоирга ўз муносабатини кўрсатувчи фикр-мулоҳазаларини ёзибди, шоирнинг бир қатор шеърларини ўзбек тилига таржима қилибди. Улар билан сайтимизнинг “Актуал Мавзу” бўлимида танишинг. Саиджаҳоннинг бу йўналишдаги фаолияти учун “Офарин!” дейиш керак.
21:00 - “Ирмоқ” журналини гўё диний-радикал оқим молиялаштирган (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 1, 24.01.2009)
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигидан 2007 йилнинг февраль ойида 0226-рақам билан рўйхатга олинган “Irmoq” илмий-маърифий, ижтимоий журнали Туркиядаги “Нур”чилар диний-радикал оқими (мазкур оқим туркиялик Бадиуззамон Саид Нурсий (1876-1360 й) шахси ва таълимоти билан боғлиқ — Эзгулик) маблағлари ҳисобига чиқарилганликда айбланмоқда. “Шафақ-призма” маъсулияти чекланган жамияти муассислигидаги мазкур журнал таҳририятининг беш нафар журналисти устидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда журнал ходимлари Шуҳрат Шариф, Динмуҳаммад Мусахон ва яна уч нафар журналист ИИВ ертўласида ҳибсда сақланмоқда. Уларга нисбатан ўтган йилнинг августидан бошланган тергов ҳаракатлари ниҳоялаб, иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборилган.

Таҳририятнинг номини очиқламасликни сўраган ходими фаолларимизга ҳозирда журналнинг тўхтатилгани, унинг интернетдаги www.irmoq.uz сайти бекитилгани, муассисларнинг жиноий жавобгарликка тортилганини айтди. Таҳририят билан доимий ҳамкорлик қилган муаллифлардан бирининг таъкидлашича, журнал муассислари Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри орқали “Нур”чилар диний-радикал оқимининг маблағларини олиб келишган, унинг ҳисобига мамлакатдаги энг бежирим, қимматбаҳо қоғозга босиладиган рангли-безакли журнални чоп этишган. Таҳририятда ишлаган, айни пайтда ҳибсда бўлган журналистлар Тошкентдаги турк лицейларининг битирувчилари бўлишган.
Журнал саҳифаларидан ўрин олган мақолаларда илмий, маърифий, айни замонда кишини мушоҳадаги чорловчи чиқишлар ўрин олган. Унинг фавқулодда бежирим дизайни, қимматбаҳо қоғози, нархининг арзонлиги (журналнинг эркин сотувдаги баҳоси 1000 сўм — Эзгулик) айрим ноширларни ажаблантириб келган. Атиги 1500 тираждаги мазкур журнал агар қўшимча даромад манбаалари бўлмаса, таннархини қопламаслиги айтилади. Диний мавзуларга кўпроқ эътибор қаратган журналнинг ана шу жиҳати эҳтимол провокацияга асос бўлгандир. Бироқ фаолларимиз мазкур ҳодиса юзасидан расмий маълумотларни қўлга кирита олмади, воқеалар тафсилини ўрганиш имкониятлари деярли йўқ.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти республика Бош прокуратураси ҳамда бошқа мутасадди идораларни мазкур ҳодиса юзасидан тез фурсатларда изоҳ беришга чақиради. Ойнома мухлислари, оммавий ахборот воситасининг жамиятдаги ўрнини ҳисобга олиб, воқеалар тафсили, журналистлар тақдирига аниқлик киритилиши лозим, деб ҳисоблайди.
Сайт маъмуриятидан:"Ирмоқ" журналининг расми саҳифага биз тарафимиздан қўйилди, табиий, "Эзгулик" баёнотида у расм йўқ.
19:30 - Журналист Дадахон Ёқубов озодликка чиқарилган
Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани ИИБ томонидан фирибгарликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ва дастлабки тергов, суриштирувларга жалб қилинган журналист Дадахон Ёқубов озодликка чиқарилган. Бугун унинг ўзи билан суҳбатлашган Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети ўқитувчисига таяниб хабар бераётган мухбирларимиз журналистга қўйилган айблар тасдиқланмаганини эшитибди. “Наврўз” хайрия фондининг собиқ раиси ўзининг 10 кун давомида сўроқ қилингани, айрим молиявий чалкашликлар юзасидан сўроқ берганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Дадахон Ёқубов мустақилликнинг дастлабки йилларида “Ҳаёт қувончлари ва ташкишлари” телекўрсатуви билан машҳур бўлган, Президент девонининг Бош консультанти лавозимигача кўтарилган шахсдир. Кейинги пайтларда у “Наврўз” хайрия жамғармаси раиси бўлиши билан биргаликда Ўзбекистон Миллий универститетининг журналистика факультетида дарс бераётган эди.
Расмда: Дадахон Ёқуб ва Жаҳонгир Муҳаммад автограф беришмоқда. 1989-91 йиллар.