07 July 2014
19:17 - ЧИРЧИҚДА ЧЕМПИОН БОСҚИНЧИГА АЙЛАНТИРИЛДИ! (“Эзгулик” жамиятининг прес-релизи - №24, 07.07.2014)

2013 йилнинг 4-8 январь кунлари Тошкентдаги ЖАР спорт мажмуасида дюздо бўйича МСХК2 мамлакатимиз очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Унда иштирок этган чирчиқлик Муҳаммад Тошматов очиқ чемпионатнинг олтин медали ва фахрий ёрлиғини қўлга киритди. Дюздочилар орасида тенгсиз топилган Муҳаммад мамлакатимиз спортининг истиқболларидан бири эди. Мураббийларнинг ишончи, мамлакатимизда спортга бўлган эътибор унинг кежалакда таниқли спортчи бўлиб етишишига кафолат эди. Аммо Муҳаммад Тошматов 12 январь куни Чирчиқ шаҳар ИИБ томонидан ҳибсга олинди!

Маълум бўлишича, Тошкентда очиқ чемпионат ўтаётган, Муҳаммад майдонда жамоа шарифини ҳимоя қилаётган 7 январь куни соат 3.30 ларда бир гуруҳ шахслар Чирчиқ шаҳрида фуқаролардан бирининг хонадонига босқинчилик уюштиришади ва хонадондан кўплаб ашёларни олиб чиқиб кетишади. ИИБга кўра, жиноятчиларнинг бири уларнинг орасида Муҳаммаднинг ҳам бўлгани борасида кўрсатма берган ва шу тариқа Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 2-қисм (Босқинчилик) билан айбланган спортчи ҳам ҳибсга олинган.

Дюздочининг онаси Зуҳра Тошматовага кўра, уни 7 ой давомида тергов қилишди. Жиноят содир этилган пайтда Тошкентда бўлгани, босқинчилар сафида бўлмаганини таъкидлаган Тошматовдан шу давр ичида зўраки кўрсатмалар олинган. “Ҳар куни уни ўласи қилиб уришган, ноинсоний қийноқларга солишган. Кийимларидаги қон изи ва йирқтиқлар боламнинг аёвсиз дўппосланаётганидан далолат эди. Бу замонда ҳеч ким додингни эшитмас экан. Барча идораларга ёздим, Бош прокурордан тортиб Президентгача, ҳамма-ҳаммага ўғлимни қийнашаётганини билдирдим, ҳеч ким қулоқ солмади” дейди Зуҳра опа.

Жиноят ишлар бўийча Чирчиқ шаҳар суди босқинчиликда айлланган шахсларга узоқ йиллик қамоқ жазолари белгилади. Хусусан, дюздо бўйича Ўзбекистон чемпиони Муҳаммад Тошматов ҳам 8,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Спорт устозларининг суддаги кўргазмалари, жиноят содир этилган пайтда унинг Тошкентда бўлгани ҳақидаги далиллар инобатга олинмади. Суд терговнинг бир ёқлама қароирини қонунлаштирди ва спортчининг парвози шу тариқа синдирилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Репсубликаси Бош прокуратурасини Муҳаммад Тошматов ишини яна бир марта пиухта ўрганиш ва процессуал қонунчилик доирасида унга нисбатан чиқарилган ҳукмга нисбатан протест келтиришга чақиради. Олий судни ишни назорат тартибида кўраб чиқиб, одилона хулосага келишга чорлайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону