19 June 2014
16:05 - “Мусулмон-Қардошлар”нинг маънавий лидери ўлимга маҳкум қилинди

Мисрдаги исломчилар ҳаракатининг маънавий лидери Муҳаммад Бади ўлимга маҳкум қилингани ҳақидаги хабар жаҳон ахборот агентликлари тарафидан бугун тарқатилди. У билан бирга ташкилотнинг яна 13 аъзоси ўлимга маҳкум қилинган. Уларни Қоҳирада уюштирилган тартибсизликларда ва 10 кишининг ўлдирилишида айблашибди.

Муҳаммад Бади аввалроқ Эл-Миниядаги тартибсизликлар бўйича ҳам ўлим жазосига маҳкум қилинганди.

Маълумки, 1928 йилда тузилган бу ҳаракат 1954 йилда ўша пайтдаги президент Жамол Абдул Носирга қарши уюштирилган мувоффақиятсиз суиқасддан кейин тақиқланган, аммо 1984 йилда яна расмийлаштирилган ва мамлакат парламентида 88 кишилик (парламентининг 20 фоизи) фракцияга эга бўлган.

Президент Ҳусни Муборак йиқитилгандан кейин ўтказилган 2012 йилдаги президент сайловларида “Мусулмон-Қардошлар”нинг вакили Муҳаммад Мурсий ғалаба қозонди ва президентлик фаолиятини бошлади ҳам. Бир йил ўтар ўтмас, аниқроғи, 2013 йил 3 июлда ҳарбийлар тарафидан Муҳаммад Мурсий лавозимидан четлатилди ва қамоққа ташланди.

Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорлар бунга қарши катта намойишлар ўтказдилар, улар тартибсизликларга айланиб кетди, ўнлаб кишилар ҳалок бўлди. “Мусулмон-Қардошлар”нинг 500 дан кўп аъзоси шу тартибсизликларда иштирок этишда айбланиб, ўлимга макум қилинди.

Бу йил ўтказилган президент сайловларида ҳарбийларнинг одами - собиқ Мудофаа вазири ва Миср Қуролли кучларининг Бош қўмондони Абдул Фаттоҳ Ас-Сиси ғалаба қозонди. Ҳозир у Миcрнинг президенти.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону