2006 йили Москвада ўзи яшайдиган уйнинг лифтида отиб ўлдирилган машҳур журналист, Путиннинг ва унинг Кавказдаги Рамазон Қодиров каби гумашталарининг ашаддий танқидчиси Анна Политковскаянинг иши бўйича бугун Москва шаҳар суди ўз қарорини берди.
Қотилликнинг ташкилотчиси Лом-Али Гайтукаев ва қотил Рустам Маҳмудов умр бўйи қамоқ жазоси олди. Қотилик иштирокчилари Ибрагим ва Жабраил Маҳмудовлар 12 ва 14 йил қамоқда ётадилар.
Қотилликнинг буюртмачиларини топиш учун тергов ишлари давом этаверади.
Аслида, дейди мухбиримиз, буюртмачилар маълум, булар - Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамазон Қодировдир. Россия Президенти дунёда катта шов-шувларга сабаб бўлган, ҳозир ҳам тилдан тушмаётган бу қотилликнинг ташкилотчи ва ижрочиларини жазолашга мажбур бўлди. У шу билан демократик дунё жамоатчилигининг оғзини бекитаман деб ўйламоқда. Ундай бўлмайди. Ахир бир кун қотиллик буюртмачиларининг номи очиқ тилга олинади.
Москвадаги суд муносабати билан “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Қашқадарёдаги лидери, айни замонда, ҳуқуқ ҳимоячиси ҳам бўлган собиқ Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуроднинг фожиявий ўлимини ҳам эслаш керак. У 2001 йил 15 июнь куни уйидан чиқиб кетаётган пайтда ушланиб, Ички ишлар вазирлигининг Тошкентдаги биноси остидаги изоляторга ташланган ва ўша ерда 6 дан 7-чи июлга ўтар кечаси ваҳшийларча ўлдирилган.
Вақти келади, унинг қотиллари аниқланади ва жазоланади. Қотиллар бу дунёдан ўтишга улгарган бўлса ҳам жазоланиши шарт. У ифлосларнинг ҳоки ҳам муқаддас ўзбек тупроқларида қолдирилмайди. Бугунги аҳволи қанчалик аянчли эканлигини ахир бир кун тушунадиган ўзбек миллати уларга керакли жазони беради.
“Бирлик” лидери Абдурҳим Пўлат тарафидан “Ўзбекнинг Робин Гуди” деб аталган Шовруқ Рўзимудордни қатл қилишни буюрганлар ҳам малум – ҳозирги Президент Ислом Карим ва ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокир Алматов. Улар ҳам ахир бир кун жазосини олади.