23:00 - Андижон хунрезлигининг уч йиллиги: Аччиқ ҳақиқат ва аччиқ хулосалар (Тузатилган вариант) 20:00 - Носир Зокирга 22 минг сўмлик жарима жазоси берилди 16:00 - Бир қадам олдинга, и
205 йил 13 май. Бу қонли кун ўзбек халқининг тарихида абадий қолади. Ўша маъшум куннинг қурбонларини хотирлаш ва уларнинг руҳи учун дуо қилиш ҳар бир инсоннинг бурчи.
Аммо, биз фақат хотирлаш ва дуо қилиш билан овора бўлсак, тарихимиз шундай кунлардан иборат бўлиб қолаверади. Ватан ва миллатнинг асл фарзандлари бундай воқеалар такрорланмаслиги учун нималар қилиш кераклигини ўйлашлари керак. Бунинг учун эса, аваламбор, бу воқеаларнинг сабалари нима ва сабабчилари ким эканлигини билиш шарт. Акс ҳолда, ҳамма нарса эски тос, эски ҳаммом бўлиб қолаверади.
Ҳар ким яхши тушунадики, у воқеаларнинг сабаби – бировлар диктатура, бировлар авторитар дейдиган мавжуд режим яратган атмосфера бўлса, асосий сабабчилари – президент Ислом Карим ва унинг командасидир.
Бу диктатуранинг илдизлари Совет режими эканлиги ҳам маълум. Демак, Ислом Карим ва унинг командасини етиштирган ҳам Совет тузумидир. Шу шаклда тарих занжирининг ҳалқалари бўйлаб орқага юришни бошласак, айбдор қидириб Одам Атогача ҳам етиб боришдек мантиқсиз бўлиб қоламиз. Аммо, тарихнинг ўзимиз шоҳиди бўлган ва ҳали хотирамиздан кўтарилмаган ҳалқаларидан кўз юмиш - мантиқсизликдан ҳам кўпроқ ақлсизлик бўларди.
Шундай экан, кечагина ўтган кунларимизни эсламасдан бошқа иложимиз йўқ. Эслайлик.
Собиқ Совет жумҳуриятларида қайта қуриш йиллари яратилагн халқ ҳаракатлари ва фронтлари демократик тузум яратиш йўлида ҳал қилувчи қадамлар қилиб бўлишган экан, бугун бу жумҳуриятларнинг аксариятида демократия илгарилашни давом эттирар экан, нима учун Ўзбекистонда Горбачев бошлаб берган сиёсат қазога/аварияга учради ва Ислом Карим 20 миллион ўзбек ва Ўзбекистонда яшайдиган бошқа халқлар устида нима қилса қила оладиган кучга эга бўлолди?
“Бирлик” халқ ҳаракати энг кучли миллий ташкилотлардан бири бўлганини ҳозир ҳамма тан олади. Тан олмаганларга “Бирлик” ўтказган митинглар тасвирланган видеотасмаларни кўрсатиш етарли. Майдонларда шундай кучга эга бўлган мухолифат ташкилоти 1990 йилнинг бошида бўлган парламент сайловларида ғалаба қозониши, ёки ҳеч бўлмаса, парламентда катта кучга эга бўлиши муқаррарди. Яъни, майдондаги кучни расмий сиёсий саҳнадаги кучга айлантириш имкони бор эди.
Аммо, бундай бўлмади. Нима учун? Чунки, айнан шу сайловлар арафасида Ислом Каримнинг ноғарасига ўйнаб, асосий ғояси мустақиллик ва демократия бўлган мухолифатни на мустақиллик на демократияга етишмасимиздан аввал парчалаган Салой Мадамин ва Дадахон Ҳасан каби ҳозир 53-54-чилар деб билинган миллат хоинларининг айби билан Ўзбекистонда диктатура тикланди.
Андижонда ҳар бир томчи қоннинг тўкилишида шу хоинларнинг ҳам улуши борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Агар хоинларнинг ўзи буни тушунмаган ва ҳозиргача тушунмаётган бўлсалар ҳам, энди Андижондаги қонхўрликни қоралаб йиғи-сиғи қилишаётган бўлсалар ҳам, уларнинг гуноҳи ювилмайди.
2001 йилда Ўзбекистон АҚШ билан антитеррор уруши доирасида яқинлашди ва мамлакатимизда нисбатан эркинлик, бугун билан солиштириб бўлмайдиган даражада эркинлик шамоллари эса бошлади. Аввал “Бирлик”, сўнгра бошқа мухолиф гуруҳлар оёққа турдилар. Пўлат Охуннинг ташаббуси билан мухолиф кучларнинг Давра Кенгаши яратилди. 2004 йилдаги парламент сайловлари арафасида демократик мухолифатнинг расмий сиёсий саҳнага кириб олиши учун шароит яратилди.
Хўш, бу кучни ким йўқ қилди? Мавжуд режимми? Йўқ, яна ўша 53-54-чилар, Марат Зоҳидов ва бошқалар. Натижада, Ислом Карим сайловларни яна ўзи истаганча ўтказиб олди ва 2005 йил 13 майда ҳеч кимдан ҳайиқмасдан тинч аҳоли устига қўшин тортти. Андижонда ҳар бир томчи қоннинг тўкилишида мухолифатни парчалашни ўзига касб қилиб олганларнинг ҳам улуши борлигини ҳеч ким инкор этолмайди.
12-чи майдан 13 ўтар кечаси мамлакат қуролли кучларининг бир ҳарбий қисмига, қамоқхонага ва вилоят ҳокимлигига ҳужум қилган қуролли кучлар кимники эди? Акромийлар деб айтиладиган гуруҳ ким? Бу гуруҳнинг одамлари ичида ҳам ўша куни қурбон бўлганлар бор. Аммо, уларнинг ҳам (қурбон бўлганларининг ҳам тирик қолганларининг ҳам), Андижонда бегуноҳ инсонларнинг ҳар бир томчи қони тўкилишида улушлари йўқми? Ёки бундан буён ким президентни ёқтирмаса ҳарбий қисмларни, қамоқхоналарни, ҳокимликларни босиб олаверадими?
Ҳозир “Бирлик”нинг саъй-ҳаракатлари билан мухолифат оёққа туради. Аммо, эски воқеалардан сабоқ чиқарилмаса, хоинларнинг ишларидан ғайрат олган янги провокаторлар яна ўртага чиқишади ва режимнинг мутаҳкамланишига яна ҳисса қўшишади.
Дарвоқи, шундай ғаламислар ғимирлаб қолишгани ҳам кўпчиликка маълум. Андижон воқеаларидан кейин ҳукумат зарбалари остида яна фалаж бўлиб қолган мухолифатни тиклаш жараёни бошланиб, 2007 йил президент сайловида иштирок этиш ҳаракатида бўлган кунлари мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш "Бирлик" Партиясини болталаш ниятида "Бирлик" халқ ҳаракатини тиклаш фикрини ўртага отганлар, қандайдир хунасаларнинг номигина дабдабали "Уйғон Ўзбекистон" ташкилотини тузиш ташаббуси ниқобида яна "Бирлик" лидерига ҳужум бошлаганлар - ўша ғаламислардир.
Ўзбек демократик мухолифати Андижон воқеаларидан ва умуман тарихдан хулосалар чиқармаса, воқеаларни шундай анализ қилолмаса, Ўзбекистонда ҳеч қандай демократия бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас.
Андижонда қандайдир номаълум қуролланган гуруҳнинг давлат муассасаларига ҳужуми билан бошланган воқеалардан кейин тинч аҳоли нимага ўққа тутилгани, бунга ким буйруқ берганини аниқлаш ва айбдорларни жазолаш - ахир бир кун қилиниши керак бўлган ишлар. Бу ишларни фақат демократик шароитдагина бажариш мумкин. Демократияни Ўзбекистонга демократик мухолифат олиб келади. Демак, бугунги асосий вазифа - нима қилиб бўлса ҳам демократик мухолифатни тиклаш, уни хоин ва ғаламислардан тозалаш.
Аччиқ ҳақиқат ва аччиқ хулоса шу!
Изоҳ: Хулосанинг аччиқлиги - орқага қараб маза қилиб йиғлайвериш ўрнига, мазадан кечиб машаққатли олға кетиш йўли таклиф қилинаётганида. Унутмайликки, аввалги фожеалар такрорланмайдиган қилиб олға кетиш - ўтмиш қурбонларининг руҳини ҳам шод қиладиган энг тўғри йўлдир.
20:00 - Носир Зокирга 22 минг сўмлик жарима жазоси берилди
“Бирлик” Партияси Наманган ташкилоти раиси Носир Зокир 10 майда миршаблар томонидан тутилиб, тергов изоляторига қўйилгани, кеча эса озод қилиниб, унга қарши қўзғотилган маъмурий иш бекитилганини хабар қилгандик. Маълум бўлишича, иш бекитилмаган экан. Бугун Носир Зокир устидан маъмур суд жараёни бўлиб ўтган.
“Бирлик” фаолининг ўзидан олинган маълумотга кўра, судья Носир Зокирдан ишнинг ҳамма тафсилотларини сўраб олган, аммо, юқорининг буйруғи билан бўлаётгани аниқ бўлган ишни “юқори” истагандек тамомлаган. Яъни, Носир Зокир айбдор деб топилган ва унга минимал иш ҳаққи даражасида, яъни 22 минг сўм жарима солинган.
Партия раиси Абдураҳим Пўлат кеча Носир Зокирга телефон қилиб, унинг ўзи билан шахсан боғланолмасдан, ўғли билан гаплашган эди. Бугун у Носир Зокир билан суҳбатлашди ва унинг ҳол-аҳволини сўрашдан ташқари бўлган воқеаларнинг ва суднинг тафсилотларини ўрганди.
Икки кечани тергов изоляторида қуруқ полда ётиб ўтказган мухолифатчи даволанишга муҳтож. Уни бугун кўрган докторлар зудлик билан касалхонада даволанишни тавсия этганлар.
Ҳама тушунадики, Ўзбекистон ҳукумати Носир Зокирни мухолифатчи, яна ҳам аниқроғи, “Бирлик” Партиясининг маҳаллий раҳбарларидан бири бўлгани учун жазоламоқда. Ҳукумат “Бирлик” қайтадан оёққа тураётганидан, яқинда Марказий Кенгаш мажлиси, сўнгра партия Қурултойини ўтказишга тайёргарлик бошлаганидан ташвишда. “Озодлик” радиосидаги ҳукумат югурдаклари, айнан шу сабабли, ишнинг сиёсий томонини бекитишга ҳаракат қилаётганларини ҳам шу маънода тўғри тушуниш керак.
16:00 - Бир қадам олдинга, икки қадам орқага - Президент фармони қонунларга зид (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 27, 13.05.2008)
Шу йилнинг 2 майида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони матбуотда эълон қилинди. Айтиш мумкинки, кенг жамоатчилик, аксарият адвокатларда таажжуб уйғотган мазкур Фармонда адвокатурани ислоҳ қилишдан кўра, бу институт фаолиятини бироз жиловлашга қаратилган ҳаракат ётгани яққол кўринади. Хусусан, Фармонда адвокатларнинг марказлашган аппарати — Адвокатлар палатасини ташкил этиш, унга барча адвокатларнинг мажбурий аъзо бўлиши масаласида кўзланган “эзгу” мақсадни тушуниш қийин. Гарчанд, бу ислоҳотдан адвокатура тизимини такомиллаштириш, суд ва терговда ҳимояни кучайтириш кўзланганаётгани айтилса-да, кўп жиҳатдан мақсад воситани оқламайди.
Мустақиллик йилларида адвокатлик фаолиятини тартибга солувчи бир қанча қонун қабул қилингани ва ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Босқичма-босқич амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар жараёнида хусусий адвокатлик фирмалари, юридик консультацияларнинг юзага келгани ҳам жамиятимизда бу институтнинг такомиллашувига ижобий таъсир ўтказганини таъкидлаш керак. Гарчанд, сиёсий мотивлар билан судланаётган шахсларнинг ҳимоя ҳуқуқидан амалда маҳрумлиги, бундай шасхлар ҳимояси учун отланган адвокатларнинг таъқибларга учрашидан кўз юмиб бўлмаса-да, жамиятда адвокатура институтининг тадрижий ривожланиш босқичига кирганини тан олиш лозим.
Бироқ Президентнинг кечаги Фармони мазкур ислоҳотларга шубҳасиз болта урди. Пухта тергов, судловнинг очиқлик, ошкоралик принципларига асосланган тизимини яратишда омил бўлган жамоатчиликнинг суд мажлислари, суриштирув ва тергов жараёнларига аралашуви амалда таъқиқланди. Масалан, Фармоннинг 1-қисми 6-хатбошисида: “...ҳуқуқшунослик соҳасида махсус билимга эга бўлмаган шахсларнинг суд ишида иштирок этишига йўл қўймасликка қаратилган тарафлар вакиллиги институтини босқичма-босқич такомиллаштириш тизими... ислоҳ қилишнинг асосий йўналиши сифатида белгилансин” дейилади. Мазкур ғайриконституциявий ҳаракат замирида ҳимоя тизимининг дахлсизлигига зарба бериш, суд ишига жамоатчиликнинг аралашишини таъқиқлаш, суднинг яна коррупциялашган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўлига топшириш истаги ётибди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Жиноят ва Фуқаролик процессуал қонунчилигида тергов ҳамда суд жараёнларида жамоатчиликнинг аралашувига имкониятлар яратилган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида вужудга келган бундай тартиб жаҳон стандартларига мос, адвокатура институтининг ривожига ўзига хос ҳисса қўшди. Ноҳукумат, жамоат ташкилотлар вакилларининг судларда жамоатчи ҳимоячи сифатидаги иштироки судларнинг ошкоралигини таъминлаш, ахборот олишда бирмунча қулайликлар яратди. Биргина Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари кейинги 3-4 йил мобайнида 500 дан ортиқ суд мажлисларида иштирок этди. Суддаги адолатсизликлар, тергов жараёнидаги қийноқ ва зуғумлар хусусида ахборотлар тарқатди. Бироқ айни пайтда Ўзбекистон Президентининг ҳатто тоталитар жамиятлар ҳам адвокатура тизимида қўлламайдиган таъқиқни ўрнатишини... тўла маънода адвокатура институтнинг равнақига берилган зарба сифатида баҳолаш керак.
Шу кунларда юртимиздаги кўплаб адвокатлик бюролари, юридик консультанцияларида ташкил этилажак Адвокатлар палатасининг ҳуқуқий вориси — Адвокатлар ассоциацияси раҳбарияти томонидан ҳукуматнинг бу “ғамхўрлигини” тарғиб қилиш ҳаракатлари бошлаб юборилган. Ассоциация раҳбарияти ва халқаро минбарларда репрессив ҳукуматнинг ҳимоячиларига айланган бир-икки таниқли адвокатларнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган бу жараёнларда мустақил адвокатлик фирмалари шунчаки консультатив бюроларга айлантирилиши, адвокатлар ягона марказий аппаратга бўйсундирилиши тушунтирилмоқда. Адвокатларнинг стихияли норозилигига қарамай Адвокатлар ассоциацияси ҳукуматнинг ғайри конституциявий қарорини жорий қилишга уринмоқда.
Албатта, Президентнинг бу Фармонидан келиб чиқиб, қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритилади. Тергов ва суд жараёнларида жамоатчиликнинг иштироки (чунки аксарият жамоатчилик вакиллари юридик малакага эга эмас — Эзгулик) амалда таъқиқланади. Судлар ёпиқ, шахслар яна ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қолаверадилар. Адвокатларнинг оғзига кишан урилган, уларнинг жилови ҳукумат томонидан бошқариладиган Адвокатлар палатасининг қўлида тураверади. Бу билан ҳукумат жаҳон ҳамжамиятига яхши кўриниш мақсадида ҳибсга олиш учун санкицияларни номигагина судларга олиб бергани-ю, ўлим жазосини шунчаки популизм учун бекор қилганини исботлайди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти адвокатларнинг кўплаб мурожаатлари, жамоатчилик институтларининг талаб ва манфаатларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини Президентнинг мазкур Фармонини тафтиш қилишга, унинг қомусий нормаларга нечоғли мос эканини ўрганишга чақиради. Ўзбекистон Рсепубликаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти раҳбарияти, мустақил адвокатлар, кенг жамоатчиликни адвокатура институти, ҳимоя тизимини жиловлашга қаратилган мазкур Фармонни тадқиқ этишга ундайди.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Дадажонов Исмоил
"Бирлик" Халқ Ҳаракати тузилган 1988 йилдан бери унинг фаоли бўлган Исмоил Дадажонов 2003 йили "Бирлик" Халқ Ҳаракати асосида тузилган "Бирл...
Добавить сведения