27 March 2008
04:00 -
23:00 - АҚШ элчилигида матбуот анжумани - Пўлат Охуннинг иши ниҳоят судда кўрилишга бошлади
23:00 - АҚШ элчилигида матбуот анжумани

Бугун АҚШнинг мамлакатимиздаги элчилигида оммавий ахборот воситалари учун матубот конференцияси ўтказилди. Кун тартиби, регламенти белгиланмаган мазкур анжуман АҚШ — Ўзбекистон муносабатларининг бугунги аҳволи, истиқболлари мавзуида кечди. Гарчанд, анжуман журналистларининг элчилик матубот хизмати қошида ўтказиладиган пресс-гап мулоқотлари доирасида ўтказилган бўлса-да, элчи Ричард Норланд турли мавзудаги саволларга жавоб қайтарди. Дастлаб Ўзбекистонинг АҚШ ҳарбий контингентига ўз базаларидан фойдаланишга рухсат бергани ҳақидаги маълумотларни рад қилган элчи мамлакатлараро муносабатларнинг ҳозирги аҳволи ўнгланаётганига тўхталди.

Элчи баъзи маҳаллий журналистларнинг “қалтис” сўроқлар билан мот қилишга, АҚШ ҳукуматининг иккиюзламачилигини “фош этиш”га қаратилган саволларига эринмай қаътият билан жавоб қайтарди. “Ҳаракат” мухбирининг “АҚШ Давлат департаменти махсус дипломатлари, Хюман Райтс Вотч ташкилоти раҳбарларининг Ўзбекистон ҳукумати билан ярим яширин мулоқотлари ортида нима бор? (Бу мулоқотлар ҳақида хабарлар бергандик. – “Ҳаракат”) Умуман, АҚШнинг яқин келажакда Ўзбекистон билан муносабатларига доир стратегик режаси борми ёки муносабатлар Каримовнинг ўзини қандай тутиши биланагина боғлиқми?” деган саволига “Муносабатлар тикланяпти, яқин орада буни кўрамиз” деган умумий жавоб билан чекланди.

Гапни илиб кетган АҚШ ахборот агентликларидан бирининг мухбири элчидан “Ана шу муносабатлар Ўзбекистон ҳукуматининг диктовкасига қурилганми, АҚШ ҳукуматининг?” деб сўради. “Бу савол қизиқарли, узоқ жавоб беришга тўғри келади, кейинги учрашувларимизда бу ҳақда айтаман” деди элчи. У АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ўринбосари ёрдамчиси Памелла Спратленнинг Ўзбекистонда экани, у эртага айрим доиралар билан учрашувлар ўтказиши ҳақида айтди. Бу мулозимнинг ташрифи мобайнида преес-конференция ўтказилмас экан. Мухбиримизнинг айтишича, эртага Памелла Спратлен бир қатор мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашади. Улар орасида “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” инсон ҳақлари жамияти раиси Васила Иноят ҳам бор.

Памелла Спратлен Давлат департаментида Эван Файгенбаумнинг ўрнига тайинланган ўртамиёна амалдордир, дейди мухбиримиз.

Пўлат Охуннинг иши ниҳоят судда кўрилишга бошлади

“Бирлик” Партияси лидерларидан бири Пўлат Охуннинг паспорти бўйича суд маҳкамалари ниҳоят бугун бошланди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш ва кириш, фуқаролик Бошқармаси маъмуриятини жавобгарликка тортиш аризаси бўйича бошланган маҳкамага фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтохур туманлараро суди судьяси Мавлонова раислик қилмоқда. Дастлабки суд мажлисида ҳозир бўлган даъвогар Пўлат Охун, “Эзгулик” жамияти фаоллари Васила Иноят ва Абдураҳмон Ташанов Бошқарма вакили Файзиевни сўроққа тутдилар. Маҳкама раисининг сўроқларига жавоб берган Пўлат Охун ўзига паспорт берилмаслигига ҳеч қандай асос кўрмаётгани, қонуний чекловлар йўқлигини таъкидлади.

Маҳкамада ўзини бир қадар адолатли тутган судья Мавлонова тарафларнинг важларини эшитди. Бетайин ғулдирашдан нарига ўтмаган Файзиевнинг ҳаракатлари кулгили тус олди. У Ички ишлар вазирлиги Пўлат Охун борасида шу йил 23 мартда Швеция Қироллигига сўровнома юборилганини айтди. Довдираб қолган ИИВ инспектори 23 март дам олиш (якшанба) куни бўлганини ҳам эсдан чиқарди. Бу лўттибозликдан тутоққан Шайхонтохур тумани прокуратураси прокурори Мухторов жавобгарга қаттиқ дашном берди. Судда бундай лўттибоз билан маҳкама жараёнини давом эттириб бўлмаслигини таъкидлади. Раислик этувчидан хусусий Ажрим чиқариб, Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармаси бошлиғининг шахсан ўзини маҳкамага келтиришни сўради.

Судья ва прокурор иш матриаллари билан танишгач, Пўлат Охунга паспорт берилмаётгани сабабидан ажабланишганини яширишмади.

“Эзгулик” фаолларининг таъкидлашича, маҳкама шу йўсинда кетса, ҳукумат ҳуқуқий майдонда ҳам ютқазади. Суд мажлиси 3 апрелдан давом эттирилади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону