01 March 2008
04:00 -
23:30 - “Эзгулик” фаоли Улуғбек Каттабеков озодликка чиқарилди 23:00 - Каттақўрғон шаҳри ҳокими порахўрликда айбланмоқда - Дунё бозорида АҚШ доллари қадрсизланмоқда, Ўзбекистонда эса...
23:30 - “Эзгулик” фаоли Улуғбек Каттабеков озодликка чиқарилди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Зомин тумани бўлими раиси Улуғбек Каттабеков озодликка чиқарилди. Шу йилнинг 2 феврал куни озод қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси руҳан тушкун аҳволда экани туфайли ўзининг қамоқдан чиққанни шу пайтга қадар жамоатчиликка етказа олмаган. 2005 йилнинг баҳорида жиноят ишлари бўйича Зомин тумани судининг ҳукми билан 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячиси туманда сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар, талон-тарожликлар ва маҳаллий коррупцияга қарши курашгани учун қамоққа ташланган эди.

Расман Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) билан айбли топилган Улуғбек “Бирлик” партиясининг маҳаллий фаолларидан ҳамдир. Унинг қамалишида сиёсий фаолияти, илғор дунёқараши муҳим ўрин тутади. Бугун у билан узоқ суҳбатда бўлган, дардлашган таниқли ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамронинг таъкидлашича, Улуғбек анчайин ўзига келиб қолган, аҳволи, соғлиғи яхши.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноят “Ҳаракат” мухбири билан суҳбатда жамиятнинг бошқа фаоллари, хусусан, Дилмурод Муҳиддинов, Абдурасул Худойназаров ҳамда Мамаражаб Назаровнинг тақдиридан хавотирда эканини айтди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон ИИВнинг Жиноий жазоларни ижро этиш Бош бошқармаси жамиятининг бу шахслар ҳақидаги расмий сўровномасига жавоб бермай келаётир. Улуғбекнинг озод қилинганидан хурсандлигини айтган Васила Иноят бошқа ҳуқуқ фаолларини озод қилиш йўлида курашлар бораётганини таъкидлади.

Каттақўрғон шаҳри ҳокими порахўрликда айбланмоқда

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ва маҳаллий МХХ тезкор вакиллари иштирокида 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пора олаётганида ҳибсга олинган Каттақўрғон шаҳар ҳокими Даврон Маматқуловга нисбатан дастлабки тергов ва суриштирув ишлари бошланган. Муқаддам Самарқанд шаҳар Темирйўл тумани ҳокими бўлиб ишлаган бу шахс Каттақўрғон шаҳар Молия бўлими раҳбари воситасида пора олишга уринган.

Дунё бозорида АҚШ доллари қадрсизланмоқда, Ўзбекистонда эса...

Кейинги бир йилда инфляция миқдори 7,4 фоизни ташкил этаётган Америка Қўшма Штатларининг миллий валютаси - долларнинг жаҳон бозоридаги қадрига жиддий зарба етгани айтилмоқда. Ҳатто яқин кунларда бир баррели 80 АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган нефть учун энди 103 АҚШ доллари тўланяпти. АҚШдаги бу иқтисодий муаммо жаҳон иқтисодиётига ҳам маълум даражада таъсир қилиши турган гап. Қора бозори асосан АҚШ доллари билан бошқариладиган Ўзбекистонда эса бир қарашда бу ҳолга тескари бир кўринишни кузатиш мумкин. Яъни, жаҳон бозорида доллари курси тушиб кетаётган бир паллада Ўзбекистонда доллари нархи ошмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон қора бозорида 100 АҚШ доллари 140 000 ўзбек сўмига сотилмоқда. Давлат белгилаган курс эса 100 АҚШ долларига 130 600 сўмни ташкил этади. Бу ҳолатни синчиклаб ўрганган мухбирларимизга кўра, аслида Ўзбекистон бозорида АҚШ доллари курси кўтарилмаётгани, аксинча, ўзбек сўми шунчалик тезлик билан қадрсизланаётгани доллар курси кўтарилаётгандек манзарани ҳосил қилганини таъкидлайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону