01 December 2007
04:00 -
19:00 - ЕХҲТнинг 2010 йилдаги раиси Қозоғистон бўлиши ёмонми? 12:00 - АҚШ президенти бўлиш учун ҳаракат бошлаган Обаманинг исломий илдизлари
19:00 - ЕХҲТнинг 2010 йилдаги раиси Қозоғистон бўлиши ёмонми?

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг 29-30 ноябрь кунлари Мадридда бўлган йиллик мажлисида кейинги йиллар учун ташкилотнинг раислари белгиланди. Раис белгилашдек оддий бир иш бу йил катта сиёсий муаммога айланиб, кризисга айланишига сал қолган эди.

Қозоғистон 2003 йилдаёқ 2009 йилда ЕХҲТга раис бўлиш учун ариза берганлиги маълум. Лекин, АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Қозоғистон инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича бу ташкилотнинг стандартларига ҳали тайёр эмас деб, унинг раислигига қарши бўлдилар. Қозоғистонни эса МДҲ мамлакатлари қўллаб-қуватладилар ва ҳатто бу хусусда ультиматум каби Мурожаат қабул қилдилар.

Айниқcа, бу масалада Россия қаттиқ позицида турди. Аслида, унинг мақсади Қозоғистонга ёрдам бериш эмас, ҳозир ҳар қадамда қилаётганидек, Ғарб билан қарама-қаршиликка бориш, ўзини дунёдаги етакчи мамлакатлардан бири сифатида кўрсатиш эди.

Асосан парда орқасида олиб борилган кураш компромисс билан тугади. 2008 йилда Финландия, 2009 да Юнонистон, 2010 да Қозоғистон, 2011 да Литва раислик қиладиган бўлди.

Россия кризис чиқаришга ҳаракат қилди, аммо Қозоғистоннинг ўзи орқага чекиниб, 2010 йил учун рози бўлгани учун, масала нисбатан осойишта ҳал бўлди.

- Менимча, - дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат, - Ғарб бу масалада бунчалик қаттиқ турмасдан, 2009 йилдаёқ Қозоғистоннинг раислигига рози бўлса ёмон бўлмасди. Бу ерда бир неча факторни ҳисобга олиш керак.

Биринчидан, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича аҳвол 2010 йилгача ҳам тузалмайди. Демак, қозоқларнинг раислигини 1 йилга орқага суриш учун бунчалик қилинган ҳаракатдан кўп фойда бўлмайди. Чунки, раислик чўнтакда экан, Қозоғистон ҳозир қўшимча бир нарсалар қилишини кутиш қийин.

Иккинчидан, айнан бу ташкилотга раислик қилиш даврида, Назарбоев ўз обрўсига зарар етказмаслик учун, инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида баъзи қадамлар қилишга мажбур бўларди. Ҳозирги қарор билан 1 йил ютқазилди, дейиш мумкин.

Учинчидан, тарихга қараб ўхшашликлар қидириш керак. Масалан, 1977 йилда СССРнинг ҳам иштирокида ЕХҲТ тузилганда, СССРда аҳвол ЕХҲТ стандартларига жавоб берармиди? Йўқ. Айнан, СССР раҳбариятини Ғарб дунёсидаги каби демократик жараёнларга тортиш мақсадида, унинг ҳам иштирокида ЕХҲТ тузилди. Ҳозир ҳамма тушунадики, СССРдек тоталитар системанинг емирилишини тезлатишда ЕХҲТнинг роли ҳам етарлича бўлган. Демак, Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислиги - биз гапираётган мавзуларда ижобий роль ўйнашини кутиш мумкин.

Мен аминманки, агар ЕХҲТ Ўзбекистонни зўрлаб бўлса ҳам ўзига раисликка кўндиролса эди, салбийдан кўра ижобий натижа кўроқ бўлган бўларди. Масалан, ҳозир Ўзбекистон бу ташкилотнинг фаолиятида иштирок этмаяпти ҳисоб, ўзини-ўзи изоляция қилиб қўйган, раис бўлса, иштирок этишга мажбур бўларди.

12:00 - АҚШ президенти бўлиш учун ҳаракат бошлаган Обаманинг исломий илдизлари

Келаси йил АҚШда бўладиган президент сайлови кампанияси аллақачон бошланган. Ироқ ва Афғонистондаги муваффақиятсизликлар туфайли ҳозирги республикачи президент Жорж Бушнинг обрўси шинчалик тушиб кетганки, кейинги сайловда республикчиларнинг ютиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Демак, Демократик Партиянинг номзоди президент бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Бу партиядан номзод бўлишни истаганлар кўп бўлса ҳам, ҳозир улардан 2 кишининг шанси энг катта ҳисобланмоқда. Булар - машҳур Хиллари Клинтон ва катта сиёсий саҳнада 3 йил аввал пайдо бўлган сенатор Баррак Обама. Айнан 3 йил аввал сенатор бўлиб сайланган Обама АҚШнинг биринчи қора танли президенти бўлиш учун ҳаракат қилмоқда.

Шу кунларда Хиллари Клинтон ва Баррак Обама Демократик Партия номидан президентликка номзод бўлиш учун ҳаёт-мамот жанги олиб боришар экан, уларнинг шахсий ҳаётига оид турли воқеалар жамоатчиликка маълум бўлмоқда.

Вашингтон Пост газетасининг 29 ноябрдаги сонида Баррак Обаманинг мусулмон эканлиги ҳақида тарқалган гаплар атрофида катагина мақола эълон қилинди.

Мақоладан маълум бўладики, Обама оқ танли америкалик аёл билан Кениялик қора танли кишининг ўғлидир. Баррак Обаманинг болалик йиллари АҚШнинг Тинч океанидаги штати бўлмиш Гавая оролларида ўтган. Унинг онаси кейинчалик бошқа эрга теггач, Баррак 6 ёшидан 10 ёшгача Индонезияда яшаган, бу ерда унинг ўгай отаси мусулмон бўлган.

Ҳозир Обама Барракнинг душманлари шу факт орқасида спекуляция қилиб, у ўгай отасининг таъсирида мусулмонга айлангани ва исломий таълим олган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, оддий америкаликларни “Обама президент бўлса Қуръонда қасамёд қилади” деб қўрқитмоқдалар.

Баррак Обаманинг ўзи Чикагодаги Христоснинг Бирлашган Черкови номли диний жамоанинг аъзоси эканлигини гапирмоқда. Айни замонда, у дунёнинг АҚШдан ташқаридаги қисмини ҳам яхши билишини, агар у президент бўлса, АҚШниннг обрўси баланд бўлмаган мамлакатларга ҳам катта таъсир ўтказа олишини урғулайди. У бундай мамлакатлар ислом давлатлари эканлигини очиқча айтмаса ҳам, гап айнан улар ҳақида кетаётганини ҳамма тушунади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону