27 July 2007
03:00 -
23:30 - Владимир Норов бошчилигидаги делегациямиз Ашхободга келди - "Зарубежнефтегаз" ширкати мамлакатимизда тоғ-кон қидирув ишларини бошлайди - Россия ҳукумати ўрисларни ўз юртига қайтармоқчи - Мардикор юртдошимизни о
23:30 - Владимир Норов бошчилигидаги делегациямиз Ашхободга келди

Бугун Ўзбекистон Ташқи вазири Владимир Норов бошчилигидаги ҳукуматимиз делегацияси Туркманистонга келди. Дастлабки маълумотларга кўра, мамлактииз делегациясини амалдаги Туркманбоши Курбангули Бердимуҳамедов қабул қилган. Туркманистон Президенти саройидаги улкан ўзгаришдан сўнг ташриф буюрган Ўзбекистоннинг юқори мартабали мулозимлари салкам нолга келиб қолган ўзбек-туркман муносабатларини тиклашни кўзламоқда, дейди мухбиримиз.

"Зарубежнефтегаз" ширкати мамлакатимизда тоғ-кон қидирув ишларини бошлайди

Россия Федерациясининг “Газпром” ширкати шахобчаси бўлган "Зарубежнефтегаз" ёпиқ акциядорлик жамияти юртимизнинг Устуюрт минтақасидаги ҳудудда бурғулаш ва тоғ-кон қидируви амалиётини бошлайди, дейди мухбиримиз. Мазкур қидирув ишлари етти блоқда олиб борилиб, уларга 400 миллион АҚШ доллари миқдоридаги саромоя ётқизилиши кўзда тутилган.

Россия ҳукумати ўрисларни ўз юртига қайтармоқчи

Россия Федерал Миграция Хизмати яқин беш йил давомида Россияга турли минтақаларда яшовчи 300 мингдан ортиқ ўрис оилаларини кўчириб келишни режалаштирган. Мазкур амалиёт улкан империяга демографик хавф таҳдид солаётгани учун уюштирилаётгани билан изоҳланмоқда. Шу боисдан ҳам мамлакатнинг 12 та минтақаси юртдошларини қабул қилишга тайёрлигини билдирган. Бу жараён, албатта, Тошкентдаги уй-жойлар нархларининг мўътадиллашишига хизмат қилади. Ҳозирданоқ ҳаёт бошқа минтақаларга қараганда оғир бўлган Ўзбекистондан ўрисларнинг ёппасига кўчаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, дейди мухбиримиз.

Мардикор юртдошимизни отиб ўлдирган қозоқ аскари 16 йилга кесилди

Шу йилнинг 16 апрелида Қозоғистон сари тирикчилик учун отланган наманганлик юртдошимиз Муҳаббат Сойибназарова Қозоғистон Миллий хавфсизлиги қўмитаси Чегара қўшинлари сержанти Жандўс Байменов томонидан отиб ўлдирилганди. “Kazakhstan today” ахборот манбаси эълон қилган хабарга кўра, 20 ёшли бу қозоқ аскарини ҳарбий суд 16 йилга озодликдан маҳрум этишга қарор қилган. Икки ёш гўдакни етим қолдирган қозоқ аскар безорилик майли билан одам ўлдириш, хизмат фаолияти даврида икки ва ундан одамни ўлдиришга суиқасд ҳамда чегара тартибини бузиш сингари айбловлар билан айбланган.

22:30 - Режим матбуоти Рауф Парфи ижодига кенг ўрин ажратди

Миллатимизнинг оташнафас шоири, ҳурриятпарвар курашчи Рауф Парфи ижоди Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримнинг “Жаннатмакон” журналида кенг ёритилди. Абдулкарим Баҳриддин имзоси билан чоп этилган “Мен куйиниб сўзлайман, холос...” номли мақолада шу пайтга қадар Ўзбекистон матбуотида чоп этилмаган дилбар суратлар рангли-безакли шаклда берилган. Шоир ижодига кенг тўхталинилиб, унинг шеънларидан намуналар тақдим қилинган. Афтидан мақола анчагина цензура ва назоратдан сўнг чоп этилган кўринади.

Қиммат қоғоз ва бежирим дизайндаги ойлик журналнинг аввалги саҳифалари эса Гулнора Каримга бағишланган бўлиб, унинг фаолияти, хайр-саховатига доир маълумотлар берилган. Беўхшовликни қарангки, журналнинг аввалида зулмкор режимнинг раҳнамаоси ва миллат тараққиётининг тўғони бўлган оила тараннум этилса, унинг иккинчи қисмида бу режимга қарши матонат билан курашган ҳурриятпарвар шахс сиймоси гавдаланади.

Қозоғистон ҳукумати раҳбарининг мамлакатимизга ташрифи ниҳоялади

Илк расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Қозоғистон Бош вазири Карим Масимовни кеча Оқсаройда Ислом Карим қабул қилди. Расмий ахборотларда айтилишича, ўзаро такомиллашиб бораётган муносабатлар, савдо-иқтисодий алоқалар суҳбат мавзуини ташкил этган. Ўзаро қўшничилик алоқалари, борди-келдилар юзасидан популистик таклифлар билдирилган. Шунингдек, Бош вазиримиз Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган меҳмон ҳукуматлараро 9 йиллик иқтисодий стретегия ҳақидаги шартномани ҳужжатлаштирди.

Қозоғистон ҳукумати раисининг мамлакатимизга ташрифи муносабати билан Қозоғистон Тараққиёт банкининг юртимиздаги филиали очилди, дейди мухбиримиз. Ўзаро алоқаларимизни ифодаловчи рақамларга эътибор берсак, мамлакатлараро савдо айланмаси ўтган йили 718,6 миллион АҚШ долларини ташкил этган, бу йил эса бу кўрсаткич 40 фоизга ошиши кутилмоқда. Аммо бу ҳажм имконият ва талаб даражасида эмаслигини таъкидлаш керак.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону