28 July 2007
03:00 -
23:30 - Тожикистон чекистлари ўзбек мухолифати ичида муваффақият қозонишмоқчи 17:00 - Ислом Каримнинг Нурсултон Назарбойга муносабати илиқлашди, Тошкентда Абайга ҳайкал очилади - “Одамлар орасида” газетаси ёпилдими? 8:
23:30 - Тожикистон чекистлари ўзбек мухолифати ичида муваффақият қозонишмоқчи

СССР тарқалишидан кейин Тожикистонда бошланган фуқаролар уруши фақатгина икки томон, яъни ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги қонли жанжал бўлмагани ҳаммага маълум. Бу урушда диний-ғоявий, минтақавий ва миллий унсурлар ҳам катта роль ўйнаган. Айнан шу унсурларнинг бири туфайли, бу урушнинг фаол қатнашчиларидан бири бўлган ўзбек аслли Маҳмуд Худойбердиевнинг шахси, унинг урушдан кейинги ҳаёти ҳақида турли ривоятлар кўп.

Тожикистондаги уруш ўзаро келишув шартномаси билан тугаган бўлса ҳам, аслида бу сулҳ - ҳокимиятни қўлидан чиқармаган ва демократиядан узоқ бўлган совет типидаги режимнинг ғалабаси бўлган. Ўз ғолиблигининг меваларидан тўла фойдаланиш истагидаги Имомали Раҳмон режими урушдан кейин бир маҳаллар қарши тарафда бўлганларни аёвсиз таъқиб остига олди, уларнинг бир қисмини қамади, бир қисмини йўқ қилди, четга қочиб улгурганларни эса таъқиб қилишни давом эттирмоқда.

Шундай таъқиб остидаги қочқинлардан бир Маҳмуд Худайбердиев эканлиги ҳам ҳаммага маълум. Бу - диктатура учун табиий бир нарса. Аммо бу таъқибларга баъзи ўзбек мухолифатчиларининг қўшилишини мутлақо тушуниб бўлмасди. Секин аста бунинг сабаблари ҳам аниқ бўла бошлади. Бугун тўла аниқ бўлди дейиш мумкин.

Андижондаги қонли воқеалар Ўзбекистондаги мавжуд режимнинг қуролли кучлари томонидан амалга оширилганини бутун дунё гаприб турган бир пайтда, “Эрк” партиянинг 53-54-чилар фракцияси раҳбари Салой Мадамин қўшни бир мамлакат махсус хизматларидан олган маълумотларига асосланиб, Андижондаги қирғинда Маҳмуд Худойбердиенинг жангарилари иштирок этганини гапирабошлаганди.

Ўзбек демократлари хоинликни касб қилиб олган Салой Мадамин энди Тожикистон хавфсизлик хизматларининг топшириғини бажараётганига шубҳа қилмадилар, бу хусусда сайтимизда хам хабарлар бўлган. Бироқ, шу кунгача бир саволга жавоб йўқ эди: Салой Мадамин тожик хавфсизлик хизмати билан қандай алоқа қурди ва у айтаётган маълумотлар қандай қилиб қўлига келиб тушди?

Бу саволнинг жавоби ўзбек демократлари учун жуда кутилмаган шаклда ўртага чиқди дея олмаймиз. Аксинча, жавоб аввалги тахминларни тасдиқлади холос.

Аввалги тахминлар шундан иборатки, яқинда юрт ташқарисидаги мухолифатчилар, кўпроқ 53-54-чилар ичида фаол бўлиб қолган тожик аслли журналист Юсуф Расул ўзбек мухолифати ичида жанжал чиқариш, айни замонда мухолифатнинг асосий қисми тарафидан хоин деб эълон қилинган Салой Мадаминни мадҳ этиш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлари туфайли махсус хизматларга алоқаси борлиги гумон қилинаётганди. Масалан, шу йил 6 майга оид хабарларда ва “Ҳаракат” журналининг охирги сонларидан бирида эълон қилинган “Демократик мухолифатнинг лидери ким?” номли мақолада шундай ифода ишлатилган: “Тожикистон махсус хизматлари билан алоқаси ҳам борлиги гумон қилинаётган Юсуф Расул исмли журналист “

Булар тахминлар эди. Шу кунларда Тожикистондаги манбаларимиз буни тасдиқлашди – бу журналист тўғридан тўғри Тожикистон махсус хизматларига ишлайди, Андижондаги хунрезликда Маҳмуд Худайбердиев қатнашгани ҳақидаги “маълумотлар” Салой Мадаминга шу агент орқали етказилган.

Тожкистон махсус хизматларининг бу операциясини уларнинг ўз манфаатлари нуқтаи назаридан тушуниш осон. Уларнинг нияти, бир томондан, ўзларига душман деб билган одамни ўзбек демократларига ёмон отлиқ қилиб кўрсатиш бўлса, иккинчи томондан, Маҳмуд Худойбердиевни ўз миллатининг қонини тўкишдан ҳам чекинмайдиган маҳлуқ қилиб кўрсатиш.

Хўш, Тожикистон махсус хизматлари ва унга ишлаётган Юсуф Расулни тушуниш мумкиндир, улар ўз манфаатлари учун куршмоқдалар. Аммо 53-54 лақабли Салой Мадаминни қандай тушуниш мумкин?

Бир вақтлар “Бирлик”нинг асосчиларидан бири Дадахон Ҳасан шундай деган эди: “Бир фоҳишалик қилган аёл бутун умрини шу касб билан ўтказгани каби, Салой Мадаминов энди бутун умрини сотқинликда ўтказади”. Шоиримиз яна ҳақ бўлиб чиқди, Салой Мадамин навбатдаги миллатфурушлигини қилмоқда холос.

17:00 - Ислом Каримнинг Нурсултон Назарбойга муносабати илиқлашди, Тошкентда Абайга ҳайкал очилади

Ўзбекистон - Қозоғистон муносабатлари мураккаблиги, давлат раҳбарларининг шахсий амбиция ва феъллари айниб туришлари сир эмас. Шу туфайли ҳам икки қондош халқ ўртасига сим тўрлар тортилган. Мингйиллик тарихга эга ўзаро борди-келдилар кейинги пайтларда анчайин совуқлашган. Бу нафақат мамлакат тараққиёти ва келажаги, балки ўтмишига ҳам дахл қилаётганди. Гап шундаки, буюк қозоқ оқини Абай ижоди барча туркий халқларда улуғлангани боис Тошкентнинг азим кўчалиридан бири унинг номига қўйилган. Аммо бундан бир муддат илгари Ислом Каримнинг Нурсултон Назарбойга антипатияси боис кўчанинг бир қисмига Ботир Зокиров номи берилиб, Абай номи деярли ўчирилаётган эди.

Буни қарангки, Нурсултон Назарбой ҳам абадий раҳнамолик мисолида диктаторлик тўнини кийгач, муносабатлар тиклана бошлади. Ҳатто куни кеча Қозоғистон ҳукумати раҳбари Карим Масимов Тошкентга келиб кетгач, бугун, 28 июлда маҳаллий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Бадиий академиясининг бир эълонини чоп этди. Яъни, бу эълонда Тошкентда очилажак қозоқ адиби Абай Қўнонбоевнинг ҳайкали лойиҳаси танлови ҳақида айтилган. Албатта, мазкур ташаббус ҳақида шахсан Ислом Каримдан кўрсатма олинганига шубҳа йўқ. Чунки, дунёқараши ўта тор, феъли мураккаб бу одамдан изн олмай Абай мисолида қозоқларни улуғлаган кишининг боши кетади.

“Одамлар орасида” газетаси ёпилдими?

Журналист Хайрулла Ҳамидов етакчилигида чоп этилаётган “Одамлар орасида” газетаси ёпилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ҳарқалай, одамлар орасидаги бу гапда жон борки, мухбиримизнинг бу ҳақдаги сўровини Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги мониторинг бошқармаси ходими рад қилмади. Қисқа вақт ичида юқори тиражга кўтарилган газета инсон қалби кечинмалари, руҳий покланиш, ижтимоий ҳаёт ва дин-у диёнат ҳақида мақолалари билан омма орасига кириб бораётганди. Ҳозирги оғир иқтисодий ҳолат, ҳаром-ҳариш тирикчилик ҳамда одамлар орасида руҳий покланишга бўлган эҳтиёжнинг ҳар доимгидан кучлилиги ўқувчилар сонининг ўта тез ошишига сабаб бўлди.

Маҳаллий журналистларнинг таъкидлашича, газетанинг бундай оммалашуви ҳукуматда ҳақли хавотирлар уйғотган. Ҳатто нашрнинг шу пайтга қадар чоп этилган сонлари Президент девони, МХХ цензорлари томонидан кўрилган бўлса-да, унинг оммалашувининг олдини олиб бўлмади. Газета тиражи 50 мингга яқинлашиб қолган ва ҳукумат газетани ёпишга мажбур бўлган.

Аммо мазкур нашрнинг интернет тармоғидаги www.odamlar.uz сайти газетанинг сўнгги сони техник сабабларга кўра чиқмай қолганини айтган. Бу эса таҳририят жамоасининг ҳалиям ҳукумат билан муросадан умиди борлигини кўрсатади.

8:30 - Инглизларнинг кўзи очилмоқда, ББСга ишонч камайган

Машҳур Guardian газетасининг сайтида (www.guardian.co.uk) берилган хабарга кўра, бу газета ICM ширкати билан биргаликда инглизларнинг ББС телерадиокорпорациясига муносабатини ўрганиш учун сўровнома ўтказган. Маълум бўлишича, сўровномада қатнашганларнинг 59 фоизи ББСга борган сари камроқ ишонаётганини, 37 фоизигина ишончлари аввалги даражада эканлигини баён қилган.

Табиий, гап ББСнинг инглиз тилидаги эшиттиришларга муносабат хусусида бормоқда. Агар бошқа тиллардаги, масалан, ўзбекча программларининг эшитувчилари ўртасида бундай сўровнома ўтказилса эди, аҳвол бундан ҳам баттар эканлигининг шоҳиди бўлардик, дейди бизнинг мухбиримиз. Чунки, тамомийла Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати назорати остида ишлаётган ўзбек бўлимининг журналистлари тайёрлаётган саводсиз ва сифатсиз эшиттиришлар ҳар қандай янгилик ҳамда аналитик материалларга оч ўзбек радио эшитувчиларини ҳам қониқтирмай қўйган. Долзарб ва қизиқарли мавзуларни тилга олиш учун эса МХХдан рухсат йўқ.

Масалан, бу радионинг кечаги ўзбекча эшиттиришида “Бирлик” фаолларининг Брюсселдаги пикети ҳақида хабар берилган бўлса ҳам, пикетчиларнинг асосий сиёсий талаблари (масалан, “Бирлик” партиясини рўйхатга олиш ва бу партиянинг раиси ўринбосари Пўлат Охунга қарши қилинаётган ишларни тўхтатиш талаблари) эшиттириш ташқарисида қолдирилган.

2:30 - “Бирлик” фаоли Рустам Жалилов вафот этди

26 июлда “Бирлик”нинг Фарғона вилоятидаги асосчиларидан Рустам Жалилов 57 ёшида Қўқонда вафот этди. У “Бирлик”нинг Фарғона вилоят ташкилотига илк котиблик қилганди.

1990 йили Қўқонда ўтказилган “Бирлик” Марказий Кенгашининг биринчи сайёр мажлиси пайтида саҳнага қўқонликлар тарафидан махсус тиктирилган Туркистон Мухторияти байроғини олиб чиқиб, бу байроқ Ўзбекистоннинг байроғи бўлиши кераклигини айтган киши ҳам Рустам Жалилов бўлган. Кейинчалик айнан шу байроқни “Бирлик”нинг Ўзбекистон парламентидаги икки депутатидан бири Фарғоналик Садирали Умаров республика Олий Советининг мажлисида саҳнага тиккан ва уни расмий байроғимиз сифатида қабул қилишни таклиф қилганди. Аммо коммунистик рухдаги Олий Совет бу таклифни муҳокама қилишдан ҳам қочган.

Рустам Жалилов кейинги йилларда соғлиги туфайли сиёсий фаолиятлардан четда қолган бўлса ҳам, Қўқондаги бирликчиларнинг ишларидан доим воқиф бўлиб туришга интиларди.

Демократия ва Ўзбекистон мустақиллиги учун курашдаги ҳамма сафдошлар номидан марҳумнинг оиласига таъзия изҳор қиламиз.У кишини Оллоҳ раҳмат айласин.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону