27 January 2012
20:16 - “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг 20 йиллиги ҳам байрамми? Ўзбекнинг байрам қиладиган бошқа кунлари йўқми? Бор!

Бугун Ўзбекистон президенти Ислом Карим “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясининг ходимларига компаниянинг 20 йиллиги муносабати билан махсус табрик йўллади, бу соҳа ходимларининг тахминан 20 кишилик гуруҳини турли унвон, орден-медаллар билан табриклади.

Табиий, бутун мамлакат халқи каби, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясининг ходимлари ҳам меҳнат қилишмоқда, нималаргадир эришишмоқда, уларнинг илғорлари турли мукофотларга лойиқ. Аммо, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг 20 йиллиги байрам қилинадиган воқеами?

СССР замонида бутун “ҳаво йўллари” Аэрофлот комли давлат ташкилотининг қўлида эди. Бу ташкилотнинг расмий Ўзбекистон бўлими бўлмаган, аммо Ўзбекистон ҳудудларидаги ишларни амалага оширадиган етарлича мустақил ваколатли структуралари бўлган.

 

1991 йил 8 декабрь куни СССР расман тарқатилгандан кейин, ҳамма собиқ Совет республиклари каби Ўзбекистон ҳам мустақил бўлиб қолди. Аэрофлотнинг умумий учоқлар паркини бўлиб олиш ва баъзи техник нарсаларни келишиш учун 1 ойдан кўпроқ вақт кетган шекилли, Аэрофлотнинг Ўзбекистон ҳудудларидаги струтураси 20 йил аввал шу кунларда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” номи остида тўла мустақил ташкилот сифатида ишлашга бошлабди.

Бу кунни Ислом Каримнинг табрикномасида айтилгани каби “мамлакатимиз ҳаётидаги ҚУТЛУҒ сана” деб баҳолаш кулгилидир.
Испаниядан тез юрар поездлар сотиб олиб, буни сал кам байрамга айлантириш каби.

Шу каби кунлару воқеаларни байрам қилишга маҳкум қилинган ўзбеклар мардикорлар халқига айланиб бораётгани ҳам табиийдир.

Қирғизистонда ўзбеклар қирғинига кўз юмган ўзбеклар миллат сифатини ҳам йўқотиб борар экан, буюк миллатимизнинг қаддини тиклаш, ўзбек ўзбекман дея кўкрагини кериб юрадиган кунларни яқинлаштириш учун бошқа нарсаларни эслаш, бошқа кунларни байрам қилишимиз керак.

Ҳа, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг мустақиллиги
, ўзбекининг эркинлиги ва озодлиги, қолаверса, борлиги учун кураш бошлаб берган “Бирлик” халқ ҳаракатининг тузилиш кунини байрам қилишимиз керак.

Бу қачон бўлади?

“Бирлик”нинг ҳали СССР тирик кунлари “Ўзбек тили – давлат тили” шиори остида ўтказилган митингларидан бирида милиционерлар тарафидан юзи қонга бўялган отахоннинг “Берлинни олганман, ўлимдан қўрқмайман, аммо аввал тилимни олишим керак” деган сўзларини, Ўзбекистон меҳмонхонаси олдида ғира-шира пайтда, милиционерлар қуршови остида ўтказилаётган бошқа бир митингда Васила Иноятнинг “Она тилим олган куним тўй қиламан” деб шеър ўқиётганини кўрсатувчи видео-кадрлар албатта ўзбекларнинг телеэкранларида ахир бир кун кўрсатилади. Бу митингларни “кўча чангитиш” деб баҳолаган хоинлар ичимиздан чиққанини ҳам миллат кўради.

Қаҳрамон исмли “Бирлик”чи ўзбек отахони бир гуруҳ сафдошлари билан биргаликда Қирғизистон элчихонаси олдида “Ўзбекларга қарши геноцид тўхтатилсин!” плакатини кўтариб турганини кўрсатувчи расмларни ҳам ўзбек халқи ахир бир кун кўради. Ўзбекни ҳимоя қилиб чиққан ўзбек ўша куни ўзбек режимининг хизматкорлари тарафидан ушлаб кетилганини ўзбек халқи ахир бир кун ўрганади.

Ўшанда, тили учун ўлимга тайёр бўлган, тили учун тўй қиладиган, ўзбекни ўзбек бўлгани учун ҳимоя қилишга чиқадиган ўзбеклар ҳам борлигини ўзбек халқи ниҳоят ўрганади.

Ва ўзбек халқи шу кунгача ўғлини уйлантиришу қизини турмушга чиқариш учунгина тўй қилиш билан овора бўлиб қолган тўдага айлангани учун уялади. Тили учун тўй қилиш, миллати учун курашиш лозимлигини шу пайтгача тушунмагани учун юзи қизаради. Ўлимдан эмас, бор-йўғи ишдан ҳайдалиш хавфидан қўрқиб, сунъий яратилган қўшни "мамлакат"даги миллатдошларини ҳимоя қилишга чиқмагани учун ўз виждони олдида жавоб беришга мажбур бўлади.

Миллат ана ўшандан кейин нимани байрам қилиш кераклигини тушунишга бошлайди.

Ва миллат тақдрини белгиловчи кунларни байрам қилишга ўтади.

Миллатга ҳоинлик қилган ва қилаётганларга тупуради.

Балки, тупуриш билан чекланмайди.

Чекланмаслиги керак. Акс ҳолда, яна эски ҳолига келади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону