18 March 2007
04:00 -
13:30 - Самарқанддаги 14 февраль провокацияларида МХХнинг қўли 10:30 - Абдураҳим Пўлат: Бек акани хахолатиб кулдирдим, 53-54-чи мунофиқларни гаплашдик, Инсоннинг дунёдаги марказий ролини муҳокама қилдик
13:30 - Самарқанддаги 14 февраль провокацияларида МХХнинг қўли

23 февралдаги хабаримизда айтилганидек, Ўзбекистон ҳукуматининг «Press-uz.info» номли сайти 14 февралда Самарқандда “Эзгулик” фаолларига қарши уюштирилган провокацион ҳужумни давом эттириб, “Эзгулик” жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлим бошлиғи Абдухолиқ Эшқуватов номидан Васила Иноятга янги бўҳтонлар ёғдирганди. Сайтда Абдухолиқ Эшқуватов гўёки жамият фаоллари орасидаги ўзаро нифоқ ва Васила Иноятованинг террорчиларни қўллаб-қувватлашга мойил эканлигидан хабардор эканлигини билдиргани урғуланган.

“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари, “Эзгулик” жамиятининг Самарқанд бўлими собиқ раиси Холиқназар Ғаниев шу кунларда Абдухолиқ Эшқуватов билан учрашиб қизиқ фактларга дуч келди. Маълум бўлишича, Абдухолиқ Эшқуватов “Эзгулик” жамиятининг Иштихон тумани бўлими раҳбари сифатида 14 февралдаги мажлисда қатнашган ва у ерда провокаторларга қарши турган. Аммо, шундан кейин унинг ўзига қарши тазйиқлар кучайган. Хусусан, 20 февраль куни уни туман халқ таълими бўлимига чақиришган (у Иштихон туманининг Чайжавул қишлоғидаги ўрта мактабда ўқитувчи) ва у шу ерда ўзларини МХХ ходимлари Салоҳиддин Нажмиддинов ва Зуҳриддин деб таништирган одамлар билан “суҳбатлаштирилган”. МХХчилар ўз телефонларини ҳам беришибди – 406-20-07 (юрт ташқарисидан телефон қилиш учун – 998-66-406-2007).

“Суҳбат” асносида улар Абдухолиқ Эшқуватовдан бир варақнинг икки бетига тўлдириб рус тилида ёзилган қандайдир мақолага қўл қўйиб беришни талаб қилишган. У аввалига “Мен рус тилини билмайман” деган баҳона билан мақола тагига имзо чекишдан бош тортган, сўнгра мақоланинг охирроғида Холиқназар аканинг номи ҳам борлигини кўрсатиб, «Ғаниев у йиғилишда йўқ эди, нега уни қўшдиларинг”, деб туриб олган. Аммо, 4 соатча давом этган "суҳбат" ва дўқ-пўписалар натижасида у имзо чекишга мажбур бўлган.

Абдухолиқ Эшқуватовнинг принципсизлигини оқламаган ҳолда, МХХнинг қабиҳ иш усуллари ҳали ҳам давом этаётгани, бу ташкилот ҳали кўп нарсаларга қодир эканлигини тан олиш керак, дейди мухбиримиз.

10:30 - Абдураҳим Пўлат: Бек акани хахолатиб кулдирдим, 53-54-чи мунофиқларни гаплашдик, Инсоннинг дунёдаги марказий ролини муҳокама қилдик

Бек ака Тошмуҳамедов – академик олим, “Бирлик”нинг асосчиларидан, 1989-92 йиллари унинг раисдоши, миллатимизнинг буюк адиби Ойбекнинг ўғли, “Бирлик” тузилган йиллардан бери яқин дўстим. 1992 йил апрель ойида, яъни “Бирлик”нинг ўша даврдаги сўнгги Қурултойидан тахминан бир ойча аввал Бек ака янги яратилган Ўзбекистон Олий Аттестация Комисиясига раис этиб тайнланди. “Бирлик” аъзоси бўлиб қолавераман, аммо бу янги ташкилотни оёққа турғизиш анча вақт талаб қилади, шу сабабли, мен ҳозирча “Бирлик”нинг сайланган органларига кирмай тураман, Қурултойга ҳам боролмайман, деди Бек аканинг ўзи шахсан менга ўша кунларда.

Бундай қадам қилган фақат Бек ака эмасди. Маълумки, 1991 йил сентябрь ойида “Эрк” партияси рўйхатдан ўтиб, унга Каримов Тошкентнинг марказида катта бино ва Совет замонида ҳокимиятнинг символларидан бири бўлган қора “Волга” автомобилларию қизил телефонлар совға қилгандан кейин, партия раиси Салай Мадаминов Ёзувчилар Уюшмасининг котиблигидан кетди, унинг ўрнига “Бирлик” Марказий Кеннгашиниг аъзоси, 1989 йилда “Бирлик” бўлинганда биз тарафда қолган оз сонли ёзувчилардан бири Гулчеҳра Нуриллаева тайинланди. Ўшанда Гулчеҳра опа ҳам Бек ака айтган шаклда ташкилотимизнинг сайланган органларидан четда туришларини билдирганлар. Ўша пайтда Жамол Камол Ёзувчилар Уюшмасига раис этиб тайлангани учун “Бирлик”дан тамомийла айрилганди. Аслида, уларни тушунишга интилишимиз керак. Чунки, мамлакатимзнинг мустақил бўлиши бир қатор демократларда мавжуд режим билан ҳамкорлик қилиш йўлидаги маънавий тўсиқларни ҳеч бир шартсиз ошиб ўтиш керак деган ва унчалик тўғри бўлмаган фикр яратган эди. Эътибор бериш кераккаи, 53-54-чилардан фарқли ўлароқ, булардаги фикр мустақилликдан кейин ўртага чиқди. Бу катта фарқ.

Мен чет элга чиқиб кетган йилларимдан бери Бек ака билан ҳам Гулчеҳра опа билан ҳам ҳар замонда телефонда гаплашиб турамиз, сўнги йилларда, айниқса, “Бирлик” қайтадан тиклангандан бери телефонлашишлар яна ҳам кўпайди. Шунинг учун, кечаги гаплашишни навбатдагиси деса ҳам бўлаверади.

Салом-алик қилганимиздан кейин мавзу, табиий, дарҳол сиёсатга ўтди. “Бек ака, баъзи одамлар, Сиз, Гулчеҳра опа, Шуҳрат Исматуллаев ва Дадахон ака каби бир қатор фаолларимиз Абдураҳим Пўлат туфайли “Бирлик”ни ташлаб кетишган, деб гап тарқатишади, шунга нима дейсиз”, дедим. Бунинг гувоҳи Оллоҳнинг ўзи, Бек ака қаҳқаҳа уриб кулабошладилар. “Мен сен туфайли “Бирлик”дан чиқадиган ҳолга келсам, - деди кейин Бек ака ҳазил аралаш, - аввал сени “Бирлик”дан чиқартираман, ундан кейин ўзим чиқиш-чиқмаслик масаласини ўйлаб кўраман. Гап тарқатадиганлар бўлса, уларга айнан шундай жавоб бериш керак”. Бек ака билан кўроқ русча гаплашамиз, улар ёшлари каттароқ бўлгани учун менга танишган замонларимиздан бери “Сен” деб мурожаат қиладилар, буни мен самимий муносабатларимизнинг рамзи сифатида табиий деб кўраман.

Сўнгра жиддийроқ мавзуларга ўтдик, “Бирлик”нинг фаолиятини янада жонлантириш учун нима қилиш керак деб ҳисоблайсиз, деб сўрадим. У киши айнан шундай жавоб берди: “Эрк” билан бирлашиш керак, Сен Ўзбекистонга қайтишинг керак”.

Мен биринчи масала бўйича қуйидагича гапирдим: “Бек ака биласиз, аввалги суҳбатларимиз давомида ҳам буни гаплашгандик, бу масала доим кун тартибимизда, дердим. Аммо, ҳозир шароит ўзгарган. Мен АҚШнинг Хальсинки Комиссиясида бўлган гапларни Сизга аввал айтиб берганман. Шундан кейин ҳам шубҳалар бўлганди. Аммо, бугун Хельсинки Комиссиясида айтган гапларим бизнинг қатъий қароримизга айланди”.

Кейин “Эрк” раисининг демократдан кўпроқ ислом фанатикига ўхшаб кетишини тасдиқловчи гапларини яна бир марта эсатиб туриб, гапни шундай давом эттирдим: “Биз бундай фанатиклар билан бирга бўлмаймиз. Бугун фақат мен эмас, мухолифатнинг асосий шахслари, булар Муҳаммад Бобир Маликов, Самад Мурод, Васила Иноят, Дайнов Ташанов, Жаҳонгир Муҳаммад ва бошқалар, пайғамбаримизнинг исмини ҳам ҳақорат қилмаслик учун “Эрк” партияси раисини фақат Салай Мадаминов деб аташ кераклигини расмий чиқишларида эълон қилдилар, мени эса биласиз, унинг пешонасига 53-54 тамғасини аллақачон босиб бўлдим, энди уни ҳеч ким олиб ташлолмайди. Шу муносабат билан менинг Сиздан илтимосим, у болани бирон ерда ҳимоя қиламан деб овора бўлиб ўтирманг, ўзингиз шарманда бўласиз. Чунки, у бир миллат хоини эканлиги исботлаб бўлинган. Унинг энг яқин одамлари ҳам ҳозир буни инкор этолмаяптилар. Кўрасиз, у биринчи имкони бўлиши билан имонини ҳам сотади, Оллоҳни ҳам сотишга ҳаракат қиладидиган даражадаги мунофиқ.

Хуллас, “Эрк”нинг биз 53-54-чилар деб атайдиган фракцияси билан ҳеч қандай бирлашиш бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, бу фракцияда бир неча киши қолган халос. Мен ҳар бир айтган сўзим учун жавоб бераман. Уларни жиддий қабул қилинг. 1990 йида “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” деб мақола ёздим, ҳатто сафдошларимиз уни вақтида тушунишмади, 1991 йил май ойидаги Қурултойимизда “СССРнинг саноқли кунлари қолгани сабабли, курашдаги урғуни мустақилликдан демократияга ўтказиш”ни таклиф қилдим. У расман қабул қилинди, аммо, сафдошларимиз уни моҳиятан жиддий тушунишмади. Шулар сабали ҳозир халқимиз қулликда ўтирибди. Наҳотки, ҳозирги гапларимнии ҳам жиддий қабул қилмайсизларда, 10 йилдан кейин ўз хатоларингизни тан оласизларми?”

Бу хусусда баъзи воқеаларни эсадик, хусуан, ўша 1991 йилдаги қурултойимизни. Кейин бу масалага бошқа қайтмадик. Кўрдимки, Бек ака менинг гапларимни жиддий қабул қилдилар.

Иккинчи масала хусусида ҳам юрагимдаги бутун гапларни тўкиб солдим: “Мамлакатга қайтиш ҳар кунги орзуим. Аммо, менинг баъзи фанатиклрдан фарқли тушунчаларим бор. Тушунчаларимнинг асосида биз бирликчилар, қолаверса, Ўзбекистон - мусулмон дунёсида янги Ренессанс даврини бошлаш учун етакчилик қилиши лозим, деган фикр ётади. Ренессанс, русчаси – Возрождение, ўзбекчаси уни Уйғониш даври деймиз, маданиятдаги инқилобий ўзгаришларгина эмас. Йўқ, бу инсоннинг менталитетидаги инқилобий ўзгаришлар мажмуаси ҳамдир. Менинг бу масалалар устида ҳам жиддий мулоҳазаларим бор. Бу хусусда “Оллоҳ Ўзи яратган дунёнинг марказига Инсонни қўйган” сарлавҳали мақола ёзиш ниятидаман. Бунинг учун бугун укам Абдуманнобнинг уйидан ҳам рус тилида ҳам ўзбек тилидаги энциклопидияларнинг Уйғониш даврига оид атамаларни ўз ичига олган жилдларини олиб келдим. У ердан иқтибослар олиб кўрсатмоқчиманки, мана уларни Сизга ўқиб бераман Бек ака, Ғарб Ренессансининг асосида, мен аввалдан ҳам билганим каби, маданият инқилобигина эмас, гуманистик ғоялар, хусусан, дунёнинг марказида Ҳазрати Инсон турганини тан олиш, клеркиализмдан воз кечиш, яъни дин уламоларининг сиёсий ва маданий ҳаётга таъсирини минималлаштириш ғояси ётади. Биз ҳам, яъни мусулмонлар, аввал Оллоҳ яратган дунёнинг марказида Инсон туришини ва бу билан боғлиқ ғояларни қабул қилшимиз лозим.

Биз Инсоннинг марказий ролини англаб етсакгина, бирон нарсага эриша оламиз. Бу узун мулоҳазаларимнинг маъноси шундан иборатки, мен ҳеч бир бирликчини, ўша мунофиқ эркчилар каби, улар Фалестинадиги воқеалардан руҳланиб кетишган бўлса керак, ўлимга чақирмаганман ва чақирмайман. Ўлимга чақириш – у дунёда жаннат ваъда қилаётган чала мулла ислом фанатиклари ва ўлимга юборилаётганнинг авлодларига коммунизм ваъда қилиб келган коммунист фанатикларининг иши. Бизнинг фалсафамизни марказида Оллоҳ яратган Инсон ҳаётини эъзозлаш ётади. Мен шахсан ўзим ҳаммани мавҳум ғоялар учун бошни кундага қўйишга эмас, реал ғоянинг ғалабаси учун ҳаётда қолиб курашишга чақирганман. Менинг ўзим ҳам ўша дунёнинг марказига қўйишга, ҳаётини эъзозлашга чақираётганим инсонлардан бириман. Демак, ғоя учун Ўзбекистонга бориб бошимни бекорга кундага қўймайман. Бугун режим жаллодларидан узоқроқда туриб курашар эканман, миллатимизга, динимизга ақл ишлатиб, кўпроқ хизмат қилаётганимга, кўпроқ фойда келтираётганимга ишонаман.

Хўш, шундай экан, ватанга қайтиш вақтини қандай аниқлаймиз? Мен ватанга қайтиб бориб, ҳаётим жиддий таҳлика остида қолмаслигига ишонишим учун энг камида бир нарсани билишим керак. Масалан, Бек ака, Дадахон ака, Гулчеҳра опа, Шуҳрат Исматуллаев, Абдулазиз Маҳмудов, Қаҳрамон Ғуломов ва шу каби бир қатор сафдошларимиз расман баёнот эълон қилиб, “Бирлик” Партиясида эканликларини, партиянинг бу йилги президент сайловида кўрсатиладиган номзодини қўллаб қувватлашларини очиқча билдирсинлар. Шундай инсонлар “Бирлик” аъзоси эканликларини очиқ эълон қилишга журъат эттиларми, демак, унинг раиси мамлакатга қайтиш учун журъат қилса бўлади. Ва мен ўша заҳоти Ўзбекистонга қайтиб бораман”.

Бу масалани Бек ака билан муҳокама қилиш шуни кўрсатдики, мен санаб ўтган кишилар бугун айтилган журъатни кўрсатишга тайёр эмасга ўхшамоқдалар. Демак, ҳаммамизнинг журъатимизни ошириш йўлидаги ишларимиз ҳам давом этаверади. Мен аминманки, бу масала муҳокама қилинишга бошландими, демак, уни ҳал қилиш замони ҳам узоқда эмас.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону