17 August 2011
21:34 - Холиқназар Ғаниев: Партиядош ва мухолифатчи сафдошларга
Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг дастурий ҳужжатлари ва баёнотларида бизнинг партиямиз ва бошқа кўпчилик мухолифатчи ташкилотларнинг дастурий мақсадларига, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зид нарсани кӱрмаяпман. Унинг таъсисчи-ташкилотчилари ҳам ӱз сафларимизда етишган таниқли инсонлардир. Шу сабабли ва мухолифатнинг бугунги аҳволидан келиб чиқиб, халқ манфаатларини ўз амбицияларимиздан устун қўйиб, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини мухолифатдаги барча партия ва гуруҳлар бирлашиш майдони деб қарасак, халқимиз олдида, тарих олдида масъулиятимизни намоён қилган бўлар эдик.

«Мухолифатни бирлаштириб бӱлмайди» деган ақидага мутлақо қўшилмайман. Қолаверса, бошиданоқ Самарқандда биз «бўлиниш йўқ», яъни ташкилий бўлинсак-да, биргаликда фаолият олиб бораверамиз, деб келишганмиз ва ҳозиргача шундаймиз. Бундай ҳолатни мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам кўрамиз.

Холиқназар Ғаниев
“Бирлик” Партияси Самарқанд вилоят Кенгаши раиси
16.08.2011

“Ҳаракат” таҳририётидан: Бошқаларни билмаймиз, аммо бизнинг сайт Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини Конституция ва қонунларга зид эканлигини иддао қилмаган.

Бир маҳаллар мухолифатни Ислом Каримга сотишга ҳаракат қилган Салой Мадаминнинг “Митинг қилиш кўча чангитиш” деган сўзлари устидан конституцияга қарши эканлиги учун эмас, мантиқсизлиги, сиёсатчи учун ножиддийлиги учун кўп кулганмиз. Яна шу одам “Эрк” газетасида “Ёшларимизнп шундай тарибия қилайликки, уларни Оллоҳ номидан ўлимга жўнатсак, индамасдан кетаверсинлар” деб ёзганида ҳам бунинг конституцига эмас, демократик принципларга қарши бўлганини, бу каби чақириқлар Ал Қоидага ярашишини урғулагандик, холос.

Чет элга қочиб олган бир гуруҳ эркчилар турли даврларда Салой Мадамин ва Тоҳир Йўлдош раҳбарлигида террор ишларига аралашиб юришгани ҳақида ҳам, бунинг конституцияга қарши эканлигидан кўпроқ демократик принципларга қарши эканлигини ёзмоқдамиз.

Бундан бор-йўғи бир неча йил аввал яна ўша Салой Мадамин Миллий Нажот Қўмитаси туздик деб бонг уриб, ББС ва Озодлик радииолари ойлаб уни пропаганда қилишганда, бу Қўмитанинг конституцияга қаршилиги ҳақида гапирмадик, ўзи йўқ ташкилотини бор деб тиқиштиришга уруниш ножиддийлиги устидан кулдик ва ҳақ бўлиб чиқдик.

Ҳозир шундай принципсиз ва ножиддий одам атрофида ўзбек мухолифати бирлашади деб ўйлаш тўғри эмаслигига ишонамиз. Ҳозир бу Ҳаракатга кирганини эълон қилган саноқли кишилар орасида сиёсатни тушунишини кўрсатолган, биронта амалий иш қилолган шахс ҳам йўқ.

Қолаверса, бу Ҳаракатга қўшилган акромийлар 2005 йил 12 майдан 13 майга ўтар кечаси, замонавий тушунчалар бўйича, террористик иш қилишган. Яъни, бир кечада милиция постини, ҳарбий қисмни, давлат қамоқхонасини қуролли ҳужум йўли билан босиб олишган, одам ўлдиришган. Шулар атрофида мухолифат бирлашишини кутиш ўта ножиддийлик бўларди.

Яна қолаверса, ватан ва миллатни ўйлаганлар, ростдан ҳам амбицияларини йиғиштириб, энг кучли ташкилот атрофида бирлашишлари керак. Ҳеч шубҳасиз, бундай ташкилот – “Бирлик” Партиясидир.

Ўйлаймизки, Холиқназар ака бизга маълум бўлмаган қандайдир воқеалар ва ҳис-ҳаяжонлар таъсири остида шундай нарса ёзганлар. Бу шахсий мурожаат, холос.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону