18 January 2007
04:00 -
20:30 - “Бирлик” фаоли устидан Наманганда суд бошланди ва қолдирилди - Аҳоли коммунал хизматдан норози 19:00 - «Эзгулик»: “Мазлумчи” Гулбаҳор Тўраеванинг тақдиридан хавотирдамиз (Пресс-релиз №5) 17:00 - Россиянинг олтин-ва
20:30 - “Бирлик” фаоли устидан Наманганда суд бошланди ва қолдирилди

Кеча Наманган шаҳар жиноят ишлари бўйича суди Абдувосит Носиров бошчилигида “Бирлик” Партияси Наманган вилоят ташкилотининг раиси Муҳаммадали Қорабоев устидан ярим йилча аввал очилган ишни кўришни бошлади. Аммо, Қорабоевга шу пайтгача ўз адвокати билан алоҳида учрашиш имкони берилмагани ҳақидаги эътирозни инобатга олган судья, ўзини кутилмаган даражада юмшоқ тутиб, суд мажлисини бир ҳафтага кечиктириш қарорини олди.

Эслатиб ўтамиз, Муҳаммадали Қорабоевни бир аёлнинг номусига тажоввуз қилишда айбланган кишидан, бу ишни бекитиб юборишда ёрдамчи бўлиш ваъдаси ҳисобига катта миқдорда пул талаб қилгани ва ҳатто унинг бир қисмининг олгани билан айбланиб, қамоққа олинганди. Ҳуқуқ ҳимоячиларинг айтишича, Қорабоев уйида йўқлигида номаълум одамлар унинг уйига пул ташлаб кетганлар ва бир неча дақиқадан кейин уйга келган милиционерлар пулни топганлар. Бу пайтда ҳам “Бирлик” фаоли уйида бўлмаган.

“Эзгулик”нинг вилоят ташкилоти фаоллари бу ишни мониторинг қилишдан ташқари, Қорабоевни ҳимоя қилиш билан ҳам актив равишда шуғулланмоқдалар.

Аҳоли коммунал хизматдан норози

Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аҳолининг оммавий норозилиги хавфи реал тус олаётгани, мазкур соҳага эътиборсизлик ижтимоий портлашга сабаб бўлиши мумкинлиги хусусида яна бир мурожаат тарқатти. Унда мамлакатнинг лоқайд ҳукумати аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш ва бошқа хизмат турлари бўйича кўзбўямачилик қилиб келаётгани таъкидланади.

Жамиятнинг бу хусусдаги пресс-релизида, мисол сифатида, шу йилнинг 7 январь куни Қўқон шаҳрида яшовчи 400 нафар аёл шаҳар аҳолисининг табиий газ ва электр энергиясидан узиб қўйилгани сабабли шаҳарнинг Тошкент - Қўқон трассасига туташ Навбаҳор кўчасидаги чорраҳани тўсиб, қатновни тўхтатишга муваффақ бўлгани айтилади. Одамлар мазкур норозилик акциясига етиб келган маҳаллий “Эзгулик”чиларидан бу масалаларни ҳал этишда ёрдам сўрашган.

Аёлларнинг ҳузурида ҳозир бўлган Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи уларга газ ва электр энергиясининг мунтазам етказиб берилиши, коммунал ва ижтимоий хизматларнинг тўла адо этилишини ваъда қилиб, оломонни тарқатишга муваффақ бўлган. ИИБ маъмури сўзида туриб, шаҳарда мазкур коммунал хизматлар ўрнига қўйилди. Бироқ норозилик акцияси ташкилотчилари сиқувга олиниб, сўроқ беришмоқда.

Қўқон тарихий тамаддун бешиги сифатида ҳам жуғрофий, ҳам ижтимоий жиҳатдан муҳим стратегик нуқтада жойлашган. Ерлик аҳоли қони қайноқ, исёнкор, деворлари ўқ изларига гувоҳ бўлган кишилардир. Шу боисдан ҳам бўлиб ўтган воқеа ҳукуматни сергакликка чорлаши, мазкур воқеа мамлакатимизнинг ҳар бир нуқтасини содир бўлиши мумкинлиги эътиборга олиниши лозим, дейди “Эзгулик” жамияти ва ҳукуматни бу соҳада йиғилиб қолган муаммолар теграсида кескин чора кўриш, ислоҳотлар ўтказишга чақиради.

19:00 - «Эзгулик»: “Мазлумчи” Гулбаҳор Тўраеванинг тақдиридан хавотирдамиз (Пресс-релиз № 5)

Шу йилнинг 14 январида мамлакатимизнинг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош “Дўстлик” пунктидаги божхона масканида “Мазлум” норасмий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фаоли, андижонлик врач-патологоанатом Гулбаҳор Тўраева ҳибсга олинди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси қўшни мамлакат ҳудудига ўтаётганида унинг ёнидан ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолиятига доир матриаллар топилган. Гарчанд мазкур матриалар шахсни жавобгарликка тортишга асос бўлмаса-да, ҳуқуқ ҳимоячиси (ёнида ёш гўдаги бўлишига қарамай) дарҳол ҳибсга олинган ва уйи тинтув қилинган. Бироқ тинтувдан сўнг уйдан мамлакатимиз қонунчилигига зид матриаллар топилмаган.

Гулбаҳор Тўраева 2005 йилнинг май воқеалари тафсилоти ёритилишида муҳим роль ўйнаган шахслардан бири бўлиб, у воқеа жойидан республика ҳукумати идоралари, хорижий дипломатик ваколатхоналар ва оммавий ахборот воситаларига муҳим маълумотлар етказиб берган. Ҳукумат аскарлари томонидан содир этилган хунрезликлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаол иш олиб борган. Вилоятда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш акцияларини уюштириб, мамлакатда фуқаролик жамияти барпо этиш ишига ўзига хос ҳисса қўшган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Гулбаҳорнинг устидан жиноят иши қўзғатилган ва у Ўзбекистон Республикасининг конституциявий режимига тажовуз қилиш айби билан гумондор тариқасида сўроқ қилинмоқда. Дастлабки тергов ҳаркатларини олиб бораётган маҳаллий Миллий хавфсизлик хизмати идоралари унга нисбатан зўровонлик ишлатмоқда, руҳий қийноқлар ўтказишяпти. Бу ҳолат эса мамлакат қонунчилиги, халқаро меъёрий ҳужжат ва Пактлар талабига зид бўлиб, халқаро миқёсда мамлакат обрўсининг тўкилишига хизмат қилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Гулбаҳор Тўраеванинг ижтимоий хавфли шахс сифатида ҳибсга олингани ва терговларга жалб этилганини қоралайди. Жамоатчилик, халқаро ташкилотлар ва хорижий дипломатик корпус ваколатхоналарининг эътиборини ушбу масалага қаратиб, мамлакат қонунчилиги кафили бўлган Бош прокурор Рашитжон Қодировдан бу борада изоҳ беришини сўрайди.

17:00 - Россиянинг олтин-валюта запаслари 2,2 миллиард долларга камайди

Россия Марказий Банки мамлакатнинг олтин-валюта запаслари ўтган бир ҳафта ичида 2,2 миллиард АҚШ долларига камайганини эълон қилди. Сўнги йилларда улар фақат ортиб борарди. Бу хусусда хабар берган ахборот воситаларида ҳали биронта таҳлил йўқ бўлса ҳам шуни тахмин қилиш мумкинки, бу факт дунё бозорларида нефть нархининг кескин ткшиб кетиши билан боғлиқ. Шундай бўлса ҳам русларнинг умумий запаслари 301,7 миллард долларни ташкил қилмоқда.

9:30 - Дунёнинг энергетик хавфсизлик хусусидаги ташвишлари Ўзбекистонни ҳам қимирлатди

Кеча президент Каримов “Гeoлoгия-қидирув ишлaрини тaшкил қилишни ҳaмдa Ўзбeкистoн Рeспубликaси Дaвлaт гeoлoгия вa минeрaл рeсурслaр қўмитaси фaoлиятини тубдaн тaкoмиллaштириш чoрa-тaдбирлaри тўғрисидa” деб номланган Қарорга имзо чекди.

Бир қарашда одатдаги рутин бир қарор бўлиб кўринган бу ҳужжатга ҳозир айниқса Ғарб давлатларида энергетик хавфсизлик масаласи биринчи ўринга чиқаётганини ҳисобга олиб туриб қарасак, Ўзбекистон ҳам бу соҳада йирик қадамлар ташламоқчи эканлигини кўрамиз.

Маълумки, дунё миқёсида катта газ ва нефт бойликларига эга бўлган Россия ўтган йили Украинага сотиладиган газ нархини сиёсий қурол қилиб ишлатганидан кейин, ҳамма Россига шубҳа билан қараб, бу мамлакат қанчалик ишончли партнёр эканлиги хусусида саволлар уйғотди. Ҳозир АҚШ ва Европа ўзини энергия масаласида кафолатлаш учун турли йўллар қидирмоқда. АҚШ Аляскадаги шу пайтгача ортиқча ишлатилмаётган бойликларни даврага киритиш, қайта тикланадиган энергия ресурслари яратиш устидаги ишларни тезлаштириш каби йўлларни танлаган бўлса, Европа Россияни ўзига мойил қилиш, Марказий Осиёдаги бойликларга етишиш йўлларини изламоқда.

Бундай шароитда катта миқдорда углеводород хомашёсига эга бўлган Ўзбекистон ҳам бу соҳадаги ишларини тартибга солиш учун ҳаракат қилиши табиийдир. Ўзбекистон президентининг кечаги Қарори шу йўналишдаги жиддий қадамга ўхшаб кўринади.

Қарор фақат углеводородлар билан чекланмасдан, қиммaтбaҳo, рaнгли, нoдир мeтaллaр вa урaнни, шунингдeк ер oсти чучук вa минeрaл сувлaрни ҳам қамраб олгани диққатга сазовор. Унинг асосий мақсади бу соҳалардаги ишларни жадаллаштириш, уларнинг эскириб қолган теҳник базаларини янгилаш, бу ишларни молиявий таъминлаш ва шу кабилардир. Ҳукумат структурасида бу соҳага жавобгар тармоқларни янги масалаларга мослаштириш, янги идоралар яратиш ҳам кўзда тутилган.

Қарор яхши, аммо унинг ижроси қандай бўлади деган савол дарҳол туғилади. Уни бажариш учун катта маблағ, инвестицилар керак. Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари билан алоқалари, демак Ғарб контролидаги банклар билан алоқалари Андижон хунрезлигидан кейин бузилган. Каримовга ҳомий бўлишни иддао қилаётган Россия ва Хитой катта инвистицияларга қодир эмас, нефтнинг дунё бўйича нархи ҳозирги тезликда тушиб борадиган бўлса, яқин орда Россиянинг ўзи ташқи ёрдамга муҳтож бўлиб қолади. Владимир Путиннинг ташқи сиёсатга оид нутқларда анча юмшаб қолгани, ўз мамлакатидаги мигрантлар сонини кескин камайтириш учун қилаётган апил-тапил қадамлари ҳам Россияни яқин йилларда жиддий имтихонлар кутаётганини кўрсатади.

Бундай шароитда Ўзбекистоннинг бирдан бир йўли яна Ғарбга қўл чўзиш, Ғарб эса сиёсий эркинликлар ва демократияни ривожлантиришни, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни талаб қилмоқда. Демак, Каримов ўзи имзолаган Қарор қоғозда қолиб кетишини истамаса, Ғарбга юз ўзирмасдан бошқа иложи йўқ. Унинг Европа Иттифиқи олдида тиз чўкишга бошлагани шу йўналишдаги ҳаракатга ўхшайди. Россия ўзбек мардикорларини ҳайдаб чиқарса, аҳвол яна ҳам жиддийлашади.

Аммо, Ўзбекистон ҳукуматининг қилаётган қадамлари мутлақо етарсиз. Европа Иттифоқида Германия каби инсон ҳуқуқлари масаласига кўз юмишни истаган давлатлар бўлса ҳам, кўпчилик бундай эмас. Воқеаларнинг бу йўналишдаги ривожи мамлакатимиздаги мухолифат елкасига ҳам маълум маънода маъсулият юкламоқда. Мухолифат бундай юкни ташиш учун тайёр бўлиши керак.

Фридом Хаус Ўзбекистгонни мутлақо эркин бўлмаган мамлакат деди

Кеча АҚШнинг машҳур Фридом Хаус (Озодлик Уйи) ташкилоти дунё мамлакатларида сиёсий ҳақлар ва фуқаровий эркинликлар даражасини кўрсатувчи йиллик ҳисоботини эълон қилди. Бу йилги ҳисоботнинг энг қизиқ нуқтаси – дунё демократия нуқтаи назаридан турғинлик даврида эканлигини қайд этишдир. Яъни, кўпчилик мамлакатларда бу соҳада етарлича ижобий ўзгариш йўқ.

Аввалги йиллари каби Ўзбекистон бу соҳада Қозоғистон, Тожикистон ва Тукманистон билан биргаликда мутлақо эркин бўлмаган давлатлар бўлимига киритилган. Қирғизистон, табиий, қисман эркин мамлакатлар рўйхатидан жой олди. Дунёнинг 200 га яқин мамлакати эркин, қисман эркин ва мутлақо эркин бўлмаганлар рўйхатларидан бирига киритилган.

“Фридом Хаус”нинг бунадй рўйхатлар тузиш бўйича иши олқишга сазовор. Аммо, ўзбек демократлари биладиларки, бу ташкилотнинг Тошкентдаги маркази кўпчиликни қониқтирмаган эди. Тошкент марказининг ҳукумат билан баъзибир ўйинлари туфайли ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари норозилик митинги ўтказишганини ҳам кўпчилик билади. Баъзи демократлар Ўзбекистон ҳукумати бу ташкилотнинг Тошкентдаги марказини ундан норози бўлгани учун эмас, умумий антиамериканизм кайфиятидан келиб чиқиб бекитганини гапирмоқдалар. Бу гапларда жон бор.

Сўнги ойларда бу ташкилот Олма-Отада ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари учун махсус семинар ва конференциялар ўтказди. Шу кунларда Истанбулда уларга ўхшаг навбатдаги анжуманга тайёргарлик кетмоқда. Аммо, муаммолар ҳали ҳам кўп.

“Мен шу кунларда бу ташкилотнинг Вашингтондаги марказида Марказий Осиё программалари учун маъсул бўлган ходимлар билан учрашдим, - дейди бу хусусда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. – Ташкилот сиёсий ҳуқуқлар масаласини шиор қилиб кўтарса ҳам, аслида, сиёсий ҳақ-ҳуқуқлар билан боғлиқ масалалардан узоқ туришга ҳаракат қилмоқда. Буни бизга қарши жиноят деб баҳолаш кераклигини мен уларга айтдим. Улар ибтидоий монитрингчиликдан чиқишни истамаётганга ўхшайдилар. Менинг фикримча, “Фридом Хаус” Ўзбекистонгдаги ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларини рўйхатдан ўтиш, ўз матбуот органларини яратиш масалаларида жасоратлантириши, бу масалаларда ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам бериши керак.

Мен яна бир нарсанинг шоҳиди бўлдим. Бу ташкилотда бир ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси ишлаётган бўлишига қарамасдан, ташкилот маъсуллари Ўзбекистондаги сўнги воқеалардан мутлақо хабарсизлар. Бу ўзбек йигити, исми Баҳтиёр, фамилиясини билмадим, ўша ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг норозилигига сабабчи бўлган америкаликлар билан, яъни ҳукумат билан ўйинга кирган ташкилот ходимлари билан Тошкентда бирга ишлаган экан. У ҳали ҳам ўша ўйинлар ичида бўлиши мумкин.

Шуларни ҳаммасини кўриб, мен уларга анчагина қаттиқ гаплар гапиришга мажбур бўлдим.”

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону