03 January 2007
04:00 -
23:30 - “Ҳаракат” журналининг янги сони сайтга қўйилди - Президентлик рутбасига даъвогарлар сони ортмоқда 22:00 - “Эзгулик”: Ишонмагин президентга - сомон тиқар пўстингга! (“Эрк”чининг тақдири ҳақида пресс-
23:30 - “Ҳаракат” журналининг янги сони сайтга қўйилди

Ўзбекистонда ҳукуматдан мустақил бўлган ягона нашр бўлмиш “Ҳаракат” журналининг янги сони (№ 6(63), 2006) сайтимизга қўйилди.

Президентлик рутбасига даъвогарлар сони ортмоқда

Бугун хоразмлик олим Суҳбат Абдуллаев ўзининг қадрдон "Озодлик" радиоси орқали Ўзбекистон Президентлигига ўтказиладиган сайловларда даъвогарларга муносиб рақиб бўлажагини эълон қилди. Бемаврид номзод ўзининг воҳасида етарлича қўллаб-қувватланаётгани, ҳатто ташуббус гуруҳини тузиш учун имзолар тўплашни бошлаганини айтаркан, оламшумул стратегия ва дастурлари мавжудлигини ҳам қистириб ўтди. Афтидан русийзабон сайтлар, қўлбола "кенгаш"лардаги номзод кўрсатиш кампанияси Суҳбат Абдуллаевни ҳам ширин орзулар сари етаклагандир, дейди мухбиримиз.

Бироқ барча юртдошларимизнинг президент сайловларида қатнашиш ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда кампанияни майнавозчиликка айлантириш яна халқимиз учун қимматга тушажагини эътироф этиш керак. Эҳтимол шунинг учун ҳам Каримов режими ва унинг устуни бўлган МХХ (“Озодлик”даги ўзбек журналистлари унинг контроли остида ишлаётганларини авваллари ҳам ишончи далиллар билан ёзган эдик) ҳақиқий мухолифатдан кўрсатиладиган номзодларнинг аҳамиятини пасайтириш учун аввал Салой Мадаминовдан, энди Суҳбат Абдуллаевдан сиёсий қўғирчоқ ясашга уннаётгандир.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир ойча аввал “Озодлик” радиосининг ўзбекча программасидаги бир суҳбатда, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат бу икки масхарабоз на Ўзбекистон Конституцияни на мамлакатнинг бошқа қонунларини билмасликларини исбот қилиб ва уларнинг бошқа масалаларда ҳам сиёсий саводсизликларини фош этиб, шарманда қилган эди. Ўша суҳбат билан боғлиқ воқеа ҳам тилга олинган “ББС, “Озодлик” ва “Америка Овози”ни МХХ бошқарувидан қутқариш керак” номли мақолани “Ҳаракат” журналининг бугун сайтимизга қўйилган янги сонида (№ 6 (63), 2006) ҳам ўқиш мумкин.

22:00 - “Эзгулик”: Ишонмагин президентга - сомон тиқар пўстингга! (“Эрк”чининг тақдири ҳақида пресс-релиз № 1, 3 январь 2007 йил)

Янги йилнинг 3 январь кунида «Эзгулик» жамияти раиси В.Иноятова номига Андижон вилоят прокуратураси бўлими бошлиғи Б.П.Аҳмадалиев номидан 22.12.2006 йил 164—6- сонли жавоб хати келди. Ушбу хат Жамият томонидан 22.11.2006 Република Бош прокуратурасига йўлланган хатга жавоб бўлиб, унда Андижон вилояти, Андижон туманида истикомат қилган ва Ош шаҳридан ўғирлаб кетилган Исроилжон Холдоровнинг тақдири ҳақида маълумот сўралган эди. Жавоб хатида қуйидагилар маълум қилинади:

«Андижон вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан олиб борилаётган 401-2004-1336-сонли жиноят иши юзасидан олинган тезкор маълумотларга асосан 18.10.2005 йилда фуқаро И.Холдоровнинг яшаш уйида тинтув ўтказилганда, 86 турдаги Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилов тарзда ўзгартиришга ҳамда Ўзбекистондаги вазиятни барқарорлаштирувчи фикрлар мавжуд бўлган китоб, варақалар ва рисолалар аниқланиб олинган.

Мазкур холат юзасидан И.Холдоров терговдан қочиб яширинганлиги сабабли, 02.11.2005 йилда сиртдан Ўзбекистон Республикаси 159-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, эҳтиёт чораси қамоққа олиш қўлланилиб, қидирув эълон қилинган.

2006 йил 7 сентябрь куни И.Холдоров Ўзбекистон Республикаси МХҲ Андижон вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб келганлиги сабабли жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тикланиб, ҳимоя ҳуқуқлари билан таъминланиб, унга ЖПК нинг 46-моддасида кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган ҳамда «Ўз ҳуқуқларингиз тўғрисида нималарни билишингиз лозим» деб номланган эслатма топширилиб, жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, Жкнинг 159 моддаси 1-қисми билан айб эълон қилинган. Бу ҳақда унинг оила аъзоларига шу куннинг ўзида маълум қилинган.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 21.12.2006 йил куни И.Холдоровнинг айбдорлигидаги жиноят иши айблов хулосаси билан ЖПКнинг 388-моддаси тартибида суд муҳокамасига юборилганини маълум қиламан».

Жавоб хатидаги кўрсатилган важлардан шу ҳолат аниқландики, Исмролжон Холдоров чиндан ҳам Андижон ИИБ ходимлари томонидан ҳибсда тутилмоқда ва унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилган. Б.П.Ахмадалиев гарчи Исроилжон Холдоровнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланганини исботлашга уринсада, «Эзгулик» жамияти бу ўринда талай қонунбузарликлар рўй берганига шубҳа қилмайди. Акс холда бу хабарни Бош прокуратура қилиб эмас, балки унинг оила аъзоларидан аллақачон олинган бўларди. Исроилжон Холдоровнинг Андижон вилоят МХХсига ўз ихтиёри билан келгани айтилади. Агар шундай бўлса, Исроилжон ўзининг ҳеч қандай жиноят содир этмагани сабабли, қолаверса Президент И.Каримовнинг «қўллари қонга ботмаган ва ўз ихтиёри билан келганлар кечирилади», деган сўзларига ишониб келган бўларди.

«Эзгулик» жамияти Исроилжон Холдоровнинг бундан кейинги тақдири бўйича изланади ва лозим бўлса унинг ҳақ-хуҳуқларини химоя қилиш учун суд муҳокамасида жамоатчи химоячи сифатида қатнашади.

9:30 - Uzmetronom.com сайтининг бирликчиларга ҳам оид провокацион хабари ва сайловлар ҳақида

Ўтган йилнинг охирги кунларини бирида Uzmetronom.com сайтида “Украинадан яна 13 киши Ўзбекистонга қайтди” номли бир хабар тарқатилди. Хабар муаллифлари сўнги ойларда Ўзбекистонга чет эллардан қайтиб келаётган ўзбек қочқинлари мавзусини яна тилга олиб, 28 декабрда Украинадан бир гуруҳ қочқин юртига қайтганини билдирадилар. “Ҳаракат” ахборот агентлиги ўз вақтида бу қочқинлар зомбилаштирилган диний фанатиклар эканлигини хусусида ёзган ва уларнинг Ўзбекистонга қайтиш жараёни давом этса керак дея тахмин қилганди.

Номи тилга олинган сайт ўз хабарида ҳуқуқ ҳимоячиси Марат Зоҳидовнинг Швецияга келгани ва бу ерда “Бирлик” раисининг ўрибосарлари Пўлат Охунов ва Исмол Дадажоновлар билан учрашгани ҳам билдиради. Бу учрашув ҳақидаги маълумот “сайтнинг Швециядаги манбааларидан” олинганлиги айтилиб, унга қандайдир яширин учрашув туси берилган ва гўёки Марат Зоҳидов бу икки кишини оилалари билан Ўзбекистонга қайтишга рози қилгани урғуланган.

“Бирлик” раҳбарлари билан мулоқат қилган мухбиримизнинг билдиришича, улар Uzmetronom.com сайтининг хабарини мутлақо провокацион деб баҳолайдилар. Аслида, ўз ишлари билан Германияга келган Марат Зоҳидов Швецияда яшаётган қариндоши Исмоил Дадажонов билан кўришиш учун Хелсинборг шаҳарчасига келган ва айни шаҳарчада яшаётган Пўлат Охунов билан ҳам учрашган.

Пўлат Охунов ва Исмоил Дадажонов Ўзбекистонга қайтиш хусусида ҳеч кимнинг агитациясига мухтож эмаслар. Қолаверса, улар ўзларини чет элда яшовчи мухожир деб ҳисобламайдилар ҳам. Пўлат Охунов сўнгги йилларда ҳаётини ва сиёсий фаолиятини тамомийла Ўзбекистонда ўтказмоқда. У шу кунларда Швециядаги оила аъзолари билан байрамларни бирга ўтказиш учун келган ва тез кунларда Ўзбекистонга қайтади.

Исмоил Дадажонов ўзи ва оила аъзоларига қарши кучайган босимлар туфайли болаларини Швецияга кўчириб келишга маюбур бўлганини, ўзи бу мамлакатда яшашни ўйламаётганини ҳам билдириб, яқин замонда юртига қайтиш ниятини ҳар доим очиқча гапириб келаётганини таъкидлади.

“Ҳаракат”нинг мухбирига кўра, Швециядаги учрашувлар тамомийла шахсий бўлгани учун, “Бирлик” фаоллари бу хусусд расмий хабар беришни лозим топмаганлар. Айни замонда, бу учрашувни ҳеч кимдан яширмаганлар. Швецияда яшаётган ўзбек қочқинларининг кўпчилиги бу учрашувлардан хабардор. Айтиш керакки, Швециядаги ўзбекистонлиликлар диаспораси ҳозир дунёда энг катта диаспорадир.

Биз партия раҳбарларининг сиёсий мавзудаги телефон мулоқатларини ҳам сайтларимизда хабар сифатида бериб борамиз, дейди “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат. Агарда Швецияда номи тилга олинган сайт иддао қилаётгандек муҳим учрашув бўлса эди, буни ҳам ҳаммага маълум қлиган бўлардик. Вақти келгани учун шуни айтиш керакки, шу кунларда юрт ташқарисида яшаётган ҳамма “Бирлик” фаоллари ўзларини вақтинча Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган кишилар деб ҳисоблашади. Уларнинг ҳаммаси биринчи имкон пайдо бўлиши билан мамлакатга қайтиш ниятида. Мен ҳам шундайларданман. Мен бошқа “Бирлик” фаоллари каби ўзимини Ўзбекистонда яшаётган одам деб ҳисоблайман.

Қонунларни моҳиятини яхши тушунмайдиганлар учун шуни эслатмоқчиман, деб давом этади мухолифат лидери, мен ва бошқа мен каби мухолифатчиларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда бўладиган турли даражадаги сайловларда иштирок этишга тўла ҳақлари бор. Ўзбекистон қонунларидаги сайловларда иштирок этиш учун номзод 10 йил давомида Ўзбекистонда яшаши керак деган жумлалар мамлакатимизга яқиндагина келиб, уни ичидан яхши билмаган одамларнинг муҳим мақомларга сайланиб қолмаслигини олдини олиш учун киритилган.

Агар қонуннинг руҳи эмас, харфидан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти ва бир қатор юқори лавозимли амалдорлари ҳам ҳеч бир сайловда иштирк эта олмасдилар. Чунки улар ҳам баъзида иш билан, баъзида саёҳат қилиш ёки дам олиш учун, базида чет эл касалхоналарида даволаниш учун мамлакатни маълум муддатга тарк этадилар.

Ўзбекистонда ҳеч бир қонун ишламагани каби сайловларга оид бу қонунлар ҳам ишламаслиги, ишлатилса ҳам ҳозирги режим одамларининг талқинида ишлатилиши ўз-ўзидан маълум. 2004 йилдаги парламент сайловларидан ҳам маълумки, ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати қонунларнинг ҳеч бирига қарамайди, ҳамма нарса мамлакат раҳбарларининг хоҳиши билан ҳал қилинади. Ўша сайловларда Ўзбекистондан ҳеч қачон ташқарига чиқмаган мухолифатчи номзодлар ҳам рўйхатга олинмади. Бу йил 3 округда ўтказилган сайловларда ҳам айнан шундай бўлди. Демак, асосий масала қуйидагидир: Мухолифат ҳукуматни мавжуд қонунлар бўйича яшашга мажбур қилоладими ёки қилолмайдими?

Келаётган сайловларда мухолифат номидан кўрсатиладиган номзод фақат Ўзбекистон ҳудудиданн ҳеч қаёққа чиқмасдан яшаётганлар ичидан танланиши керак деб иддао қилаётганларни жиддий қабул қилиб бўлмайди. Керак бўлса, уларга ҳам қонунларнинг руҳи ва харфи хусусидаги нормаларни эслатиш керак бўлади, холос.

Бу ва бу каби масалалар бизнинг сайтларда ва “Ҳаракат” журналининг саҳифаларида бир йилчадан бери муҳокама қилинмоқда. Улар ББС, “Озодлик” ва “”Америка Овози”нинг ўзбекча программаларида ҳам муҳокама қилинса эди, мавжуд ҳукумат қонунларни қандай топтаётгани янада кўпроқ ўзбекларга маълум бўлган бўларди. Аммо бу радиолар МХХнинг қаттиқ назорати остида ишлаётганлари учун ҳеч бир замон бундай қилмайдилар. Чуни Ўзбекистон ҳукумати ва МХХ ўзбекларнинг сиёсий маънода билимлари ошиши, кўзлари очилишини истамайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону