05 June 2011
22:13 - Кун тартибида яна америкаликларнинг машҳур Маршалл плани ва ўзбек сиёсатшуносининг масхарабозлиги
Фархад Толипов исмли ўзбек сиёсатшуноси Озодлик радиосининг тожик программасида Европа Иттифоқи Марказий Осиёни оёққа турғизиш учун Маршалл-2 плани устида ишласа яхши бўлишини гапирибди.

Эслатиб ўтиш керакки, АҚШ Иккинчи жаҳон урушидан кейин вайрон бўлган Европани тиклаш учун ёрдам бериш планини шу планнинг муаллифи Маршалл номи билан атаганди. АҚШ Ўзбекистонни оёққа турғизиш мақсадида Маршал планига ўхшаш план яратиши кераклигини биринчи бўлиб ҳозирда марҳум ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуманноб Пўлат ўтган асрнинг 90-йиллари ўртасида АҚШда эълон қилинган инглизча мақоласида ёзган эди. Кейинчалик, ўз мамлакатлари учун ҳам шундай план бўлиши кераклигини қозоқ, қирғиз ва тожик мутахассислари ёзишган.

Аммо, “Ҳаракат” журналининг ўша йиллардаги шарҳига кўра, улар бир нарсани унутишган. АҚШ Европанинг фарзандидир. Ота-она оғир аҳволда қолса, фарзанд унга ёрдам қўлини чўзиши табиийдир. АҚШ Иккинчи жаҳон урушидан кейин шундай қилди. Лекин у ҳаммага шундай қилса керак деб тушуниш ўта соддаликдир.

Табиий, АҚШ ҳаммага, ҳатто ўз душмани бўлган Шимолий Кореянинг ҳам халқига ёрдам бериб келмоқда. Аммо, Маршалл плани ҳеч ким учун бўлмайди. ЕИ ҳам ҳеч қандай Маршалл-2 плани яратмайди. Унинг ёрдами – оғир аҳволдаги халқлар учун садақа даражасида бўлади. Шунга ҳам раҳмат айтишимиз керак.

Радионинг ўша эшиттиришида Марказий Осиёни биралаштириш ғояси ҳам тилга олинибди. Маълумки, бу ғоя “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг Туркияда яшаган пайтидаги мақолаларида, ҳатто туркча мақолаларида, кейинчалик “Ҳаракат” журналидаги чиқишларида доимо тилга олиб келинган, у мақолаларда келажакда бўладиган Марказий Осиё Бирлигиннинг сиёсий-иқтисодий контурлари чизилган. “Бирлик”нинг 2003 йили ўтказилган қурултойида бу хусусда махсус резолюция қабул қилинган.

Фарҳод Толипов ростдан ҳам сиёсатшунос бўлса, ўзи тилга олаётган мавзуни яхши билиши керак. Кўринишида, у ҳеч нарсани билмайди ёки “Бирлик”номини, Абдураҳим ва Абдуманноб Пўлатларнинг исмини тилга олишдан, “Озодлик” радиосидагилар каби, қўрқади. Шундай экан, у сиёстшунос эмас, навбатдаги масхарабоздир.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону