02 June 2011
23:01 - Шайхали колониясидан яна бир маҳкумнинг жасади келди (Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №21, 02.06.2011)
Шу йилнинг 17-18 май кунлари Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 64/51-сонли қамоқхонада диний радикал оқимларга мансубликда айбланиб, қамалган маҳкумлар ўзларига нисбатан қийноқлар тўхтатилиши талаби билан норозилик акцияси ўтказишгани ҳақида Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ташаббус гуруҳи хабар қилди. Мазкур маълумот оммавий ахборот воситалари орқали тарқалаётган айни дамларда худди шу вилоятнинг Шайхали посёлкасида жойлашган 64/61-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг қийноқлар таъсирида вафот этгани ва унинг уйига келтирилиб, ошиғич равишда кўмдирилгани ҳақида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига маълумот келиб тушди.

Абдуллаев Муҳиддин Зиёвуддинович, 1982 йилда туғилган, жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди томонидан диний экстремизмга алоқадорликда айбланиб қамалган. Суд ҳукми кучга киргач, шу йилнинг 5 майида Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ тизимидаги 64/61-колония (Қарши шаҳар Шайхали посёлкаси)га жазо муддатини ўташ учун юборилган. Жазо муддатининг 17 кунини ўтаган Муҳиддин 22 май куни вафот этди, унга тиббий комиссия жигар циррози туфайли оламдан ўтди, деган хулоса берди.

“Бироқ бу гапга ишонмаймиз, чунки Муҳиддиннни кафанлашда унга нисбатан қийноқлар қўлланилгани, унинг баданида жароҳат излари мавжудлигига амин бўлдик. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органалари ходимлари уни кўмдиришга шошилтиришди, оғир жудоликдан эсини йўқотиб қўйган ота-она нима қилишини билишмаётибди. Ахир, жигар циррозидан 17 кунда ўлиш мумкинми, агар унинг аҳволи шу қадар оғир бўлганида Тоштурма колонияга чиқаришга рухсат бермас эди” дейди “Эзгулик”ка маълумот етказган манба.

29 яшар Муҳиддин Абдуллаевнинг илк фарзанди у ҳибсга олинган сентябр ойида туғилган эди, орадан 9 ой ўтиб, етим қолди. Оғир жудоликдан ўсал ота-она, навжувон ёшида бева қолган хотини изтиробларини тасвирлаш мумкин эмас. Андишанинг отини қўрқоққа йўяётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса воқеага изоҳ беришдан қочмоқда. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Муҳиддин Абдуллаевнинг ўлими юзасидан Республикаси Бош прокуратурасининг жазони ижро этиш муассасаларида қонунга риоя этилишини назорат қилиш бошқармаси ва Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқрмаси маъмуриятини изоҳ беришга чақирган.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону