30 November 2006
04:00 -
23:30 - Ҳуқуқ ҳимоячилари ўзларини ҳам ҳимоя қилишлари лозим - "Ҳуқуқ ҳимоячиси ғаними" танлови якуний босқичда! 23:00 - “Бирлик”: сайловларда қатнашиш демократларн
23:30 - Ҳуқуқ ҳимоячилари ўзларини ҳам ҳимоя қилишлари лозим

Бугун “Ўлим жазосига қарши кураш” ташкилотининг офисида бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячиси тобора сийраклашиб бораётган сафларини мустаҳкамлаш ва, айни замонда, ҳукумат таъқибидан муҳофазаланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, бу борада бир-бирларининг ҳолидан хабардор бўлиб туриш механизмларини яратиш учун тўпланди. Уларнинг ичида HRWнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакили Умида Ниёзова, "Мазлум" инсон ҳақлари жамияти раҳбари Аъзам Турғунов, “Эзгулик"нинг Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташанов, "Веритас" вакиллари Суҳроб Исмоилов, Дилобар Худойберганова, ҳуқуқ ҳимоячилари Николай Кунгуров, Ахтам Шоймардонов, Абдулло Тожибой, Комил Ашуров ва бошқалар бор эди.

Муҳокама учун бир қанча ҳимояланиш усуллари ўртага ташланиб, фикрлар умумлаштирилди. Комил Ашуров ва Аъзам Турғуновнинг фикрича, ҳамкасблар орасида аксарият ҳолларда ҳуқуқий жиҳатдан саводнинг пастлиги тазйиқларга имкон яратмоқда. Николай Кунгуров эса таъқибларнинг сабабини ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзини тутиши билан ҳам боғлиқ, деб ҳисоблайди. Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларининг таъкидлашича, бу мулоҳазалар яқин кунларда яхлит концепция шаклига келтирилиб, амалиётга татбиқ этилади.

Бу йиғилганлар мутлақо хато йўлдан кетмоқдалар, дейди “Ҳараката”нинг эксперти бу хабар билан танишгач. Биринчидан, ҳуқуқ ҳимоячилиги билан актив шуғулланаётган инсонлар билан бир қаторда қоғоздагина мавжуд бўлган ташкилотларнинг вакиллари (масалан, Аъзам Турғунов ва Комил Ашуров) йиғилиб, жиддий бир насани ҳал қилишлари принцип ўлароқ мумкин эмас.

Иккинчидан, ҳуқуқ ҳимоячилиги ҳаваскорлик босқичидан ўтиб бўлди. Бугун Ўзбекистон каби мамлакатларда бу иш билан жиддий шуғулланиш лозим. Бунинг учун жиддий ташкилотлар тузилиши, улар рўйхатдан ўтиши ва жиддий фаолият олиб бориши керак. Яъни, қисқа қилиб айтсак, бу йиғилганлар авваламбор иш стратегияларини тўғри белгилаб олишлари, биринчи навбатда сиёсий ҳуқуқларга эътибор берилишини англаб етишлари, ниҳоят, ўз матбуотларини яратишлари, ҳеч бўлмаса, қўлбола бюллетенлар чиқариб тарқатишга бошлашлари керак. Кун сайин эътибордан қолаётган Центразия.ру сайтида информация тарқатиб кун кечириш вақти ўтиб бўлди.

Бир ташкилот тузиб уни рўйхатдан ўтказиш учун ҳаракат бошлашга ҳам қодир бўлмаган одамлар бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб бирон бир натижага эришишларига ҳеч ким ишонмайди.

"Ҳуқуқ ҳимоячиси ганими" танлови якуний босқичда!

10 декабрь - Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари куни муносабати билан, дейди мухбиримиз, мамлакатимизда ҳуқуқ химоячиларини энг кўп таъқиб қилган кучишлатар идора вакилига "Ҳуқуқ химоячиси ғаними - 2006" мукофоти таъсис этилди. Таъсисчилар - бир гуруҳ ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари.

Мазкур фахрий ёрлик шаклидаги "мақтов қоғози"га сазовор бўлиш имконияти Ўзбекистон ИИВнинг терроризмга қарши кураш бўлими собиқ бошлиғи Турсунпўлат Раҳматуллаев, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Жамол Сулиев ҳамда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи Хусановларда кўпроқдир.

23:00 - “Бирлик”: сайловларда қатнашиш демократларнинг бурчидир

Шу йил 24 декабрда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида бўшаган 3 жой учун бўладиган сайловга тайёрланиш давом этмоқда. 75-Зангиота ва 86-Қўқон округларида “Бирлик” Партияси ўз номзодлари билан қатнашиш ниятида. Партия рзйхатдан ўтмаганлиги сабабли номзодлар сайловчиларнинг 300 кишилик Ташаббус гуруҳлари орқали кўрсатилади.

Марказий Сайлов Комиссияси мавжуд қонунларни бузиб, ҳалигача бу округларнинг сайлов комиссияларини тузмади. Шундай бўлса ҳам “Бирлик” фаоллари сайлов кампаниясини давом эттирмоқдалар. Қўқонда Ташаббус гуруҳининг мажлисини чақириш учун тайёргарчилик ишлари битмоқда. Бугун бу шаҳардаги сафдошлари билан телефонда гаплашган патия раиси Абдураҳим Пўлат эски бирликчиларнинг ҳаммаси бу ишга жалб қилинганидан мамнуниятини билдирди.

75-Зангиота округида жараёнлар жуда илгари кетгани йўқ. Чунки ҳалигача номзод белгиланмаган эди. Бугун маълум бўлишича, маҳаллий мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари “Эзгулик” жамиятининг раиси, “Бирлик” Партиясининг Бош котиби Васила Иноятнинг номзодини олға суриш таклифи билан чиқишган. Шундан кейин Васила билан телефон орқали гаплашган Абдураҳим Пўлат ўз сафдошини бу таклифни қабул қилишга кўндирди. Ҳеч шубҳасиз, энди бу округда ҳам сайлов кампанияси жиддий шаклда жонланади.

Биз мавжуд ҳукуматнинг табиатини жуда яхши биламиз, дейди “Бирлик” лидери. У мухолифат вакилларини сайловга киритмаслик учун қўлидан келган ҳамма нарса қилади. Аммо, мен аминманки, тўғри йўл тутсак, унинг қаршиликларини енгиб ўтоламиз. Қолаверса, сайловларда қатнашиш биз демократларнинг бурчимиздир.

20:00 - Сайловдаги қонунбузарчиликлар 75-Зангиота округида ҳам давом этмоқда

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига 86-Қўқон округида сайлов кампанияси бошланар-бошланмас, одатдагидек қонунбузарлик бошланганини, хусусан ҳалигача округ сайлов комиссияси тузилмаганини аввал билдиргандик. Маълумки, бу округ бўйича “Бирлик” Партияси ўзининг Фарғона вилоят ташкилоти раиси Адҳам Муҳиддинновни номзод қилиб кўрсатмоқчи.

Ҳозир маълум бўлишича, Тошкент вилоятидаги 75-Зангиота сайлов округида ҳам аҳвол ўшанга ўхшайди. Мухбиримиз 75-округ сайлов комиссияси жойлашган бирор манзилни тополмагач, дастлаб Зангиота тумани ҳокимлиги ташкилий бўлимига борди. Бу ердаги ўзини таништирмаган котиба-реферант бўлим бошлиғининг йўқлигини айтиб, гапни қиска қилди. Ҳокимликнинг ер ресурслари ва кадастр бўлими (!) раҳбари сайлов Янгийўлда ўтказилажаги, округ сайлов комиссияси ҳам ўша ерда жойлашганини айтди.

Янгийўл туманининг Гулбаҳор посёлкасида жойлашган Янгийўл туман ҳокимлиги ташкилий бўлими раҳбари Эркин Бўтаев депутат Олим Топилов (ЎзЛДП номзоди)нинг ўрнига Янгийўл шаҳридаги округда сайлов ўтказилишидан хабардор экан. Мухбиримизни ўша ерга жўнатибди. Аммо, у Янгийўл шаҳрида округ сайлов комиссиясини излаб бирор натижага эришолмагач, шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаевнинг референтига мурожаат қилди. Референтнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам туманда қайта сайлов ўтказилади, унга ҳокимликнинг ташкилий бўлими раҳбари Дилмурод Иззатов масъулдир. Фақат у киши (баҳонага қаранг!!) шу масалалар бўйича икки-уч кундан бери Тошкентда экан.

75-округда бўшаб колган ўринга сайлов куни тайинланганига қарамасдан округ сайлов комиссияси ташкил қилинмаганига ишонч хосил қилган мухбиримиз пойтахтга келиб Марказий Сайлов Комиссиясининг ташкилий ишлар бўйича раис ўринбосари Юсуфжон Сирожиддиновга сим қоқди. Бу жаноб совуққина салом-аликдан сўнг: "Ташаббус гуруҳи орқали номзодингизни ким рўйхатга оларкан? Ўзи кечагина сайлов эълон килган бўлсак, округ комиссиясига бало борми? Мани телефонимни ким берди ўзи?" дея гўшакни улоқтирди. Қаранг, МСКнинг бу саводсиз ходими мамлакатимиз қонунига мувфиқ округ сайлов комиссияси сайловдан 25 кун аввал, демак, 29 ноябргача тузилиши кераклигидан, сайловчилар у шахсдан ижозат ҳам олмасдан номзод кўрсатиш ҳақлари борлигидан, унинг ўзи сайловчиларга ёрдам бериш учун ойлик олаётганидан ҳам хабари йўқ каби.

Мухбиримизнинг МСК раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов ҳамда матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматовлар билан гаплашишга уриниши зое кетди. Воқеалар ривожидан маълум бўлишича, ҳали сайлов округи комиссияси ташкил этилмаган. Ваҳоланки, "Олий Мажлиснинг конунчилик палатасига сайловлар тўғрисида"ги Конуннинг жойи бўшаган депутатлар ўрнига сайлов ўтказиш жараёнини белгиловчи 47-моддасига мувофиқ, номзодларни рўйхатга олиш сайлов кунига 15 кун қолганида, яъни 9 декабрда тўхтатилади!

Буни қарангки, бўшаб қолган депутат ўрни, унга бўладиган қайта сайлов ҳақида туманнинг энг мартабали мулозимлари ҳам билишмайди, дейди мухбиримиз. Ҳатто Марказий Сайлов Комиссиясининг рахбарияти бу борада "бегона"ларга нимадир деб қўйишдан чўчийди. Бунинг устига, сайловлар учун бош маъсул бўлган бу ташкилотнинг ўзи сайловлар ҳақидаги қонунни қўпол равишдв бузмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, демократлар ичида ҳам фақатгина “Бирлик” ва “Эзгулик” сайлов масаласини билан яқиндан қизиқиб, унда ўз номзодлари билан иштирок этиш ниятида. Сайловлар демократиянинг фундаментал принципи, демак, фақат “Бирлик” ва “Эзгулик” буни тушунган ҳолда демократия учун курашмоқдадир.

17:30 - Қирғизлар яна нима истайдилар, нимага норозилик билдирадилар

Кеча эрталаб Бишкекдаги Дунё Банки олдида асосан ёшлардан иборат тахминан ўттиз кишилик гуруҳ (у ерда "Асаба" партиясининг вакиллари ва баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари бор эди) ўз ҳукуматларининг бу банк ташкил қилган бир программага қўшилиш ниятига қарши пикет ўтказгандилар. Бу программада қашшоқ мамлакатларга ёрдам бериш, уларни қарздан қутқариш кўзда тутилган учун у жозибадор кўринса ҳам, аслида, пикетчиларнинг фикрича, оз фойда келтирадиган корхоналарнинг бекилиши ва ишсизлар сонининг кескин oшиб кетишига сабаб бўлади. Пикетчиларнинг қўлида қирғиз ва рус тилларида "ХИПИК"у - НЕТ " ва хатто "Боскинчилар - Йуқолсин" деган шиорлар бор эди. “ХИПИК” – ўша программаниннг инглизча қисқартирилган номи.

Бугун кечқурун соат 5 лар атрофида Бишкек шахрининг "Алатоо" майдони қаршисидаги "Эркиндиқ" (Аёл тимсоли) ҳайкали пойида "Оналар қатлга қарши!" шиори остида митинг бўлиб ўтди. Ҳаво совуқ бўлгани ва ва майда қор ёғабошлаганига қарамасдан тахминан 100 киши қатнашган митинг бир соатдан ортиқ давом этди.

Митингда таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Турсубой Охун, Бишкек масжидининг Бош имом хатиби, насронийларнинг бош руҳонийси ва бошқалар сўзга чиқишди. Тўпланганларнинг асосий қисми ёшлар бўлиб, уларнинг қўлида тез ёнувчи (арча байрамида ишлатилатиган) шамчалар, бенгал оловлари ва шарлар бор эди. Кўпчиликнинг кўксидаги митинг шиорлари ёзилган нишонлар ҳам диққатни ўзига тортарди. Шарларнинг боғичларига ноҳақ қамалганларнинг исмлари ёзилган.

Турсунбой Охуннинг: “Мана шу шарларни учирамиз, ноҳақ қамалганлар яшасин ва уларга умр берилсин! Ушбу шарлар максадлармизнинг рамзий маъносидир”, деган сўзларидан кейин шарлар осмонга учирилди, бир қўшиқчи ўртага чиқиб, мусиқа садоси остида "Осойишта Бишкегим" номли қўшиқни куйлади. Унга кўпчилик жўр бўлди.

Митинчиларнинг қўлида турли рангдаги матоларга ёзилган шундай шиорлар бор эди: “Города за жизнь - города против смертной казни", "Мы за мир без смертной казни", "Право на жизнь неотъемлемое право человека", "Бишкек тынчтыктын шары!" ва бошқалар.

Бу пикет ва митинг тўғрисида хабар берган “Бирлик” фаоллари Акбарали Орифов ва Улуғбек Бекировлар ҳайратларини яширолмайдилар. Яқиндагина тугаган катта митингларнинг ҳовури ҳали совумай, яна бу каби митинглар бўлиши, қирғизлар ўз ҳаётларига бефарқ эмасликларини, улар ўз сиёсий ҳақлари учун кураш йўлини очиб олганларини кўрсатади. Демак, Қирғизистонда демократия қўшни мамлакатлар билан солиштириб бўлмас даражада олға кетиб бўлди. Биз ўзбеклар уларга нафақат ҳавас билан қарашимиз, балки, улардан ўрганиб, Ўзбекистонда ҳам демократияни илгари суриш учун курашни жадаллаштиришимиз лозим.

8:00 - Яна бир марта Озодлик ва ББС радиоларининг ўзбекча программалари ҳақида

Аввалги хабарларимизда билдирилганидек, мухолифат лиделари АҚШ Давлат Департаментидаги учрашув пайтида Озодлик ва Америка Овози радиоларининг ўзбекча эшиттришлардаги аҳволини ҳам муҳокама қилишган. Маълумки, бизнинг мухбирларимиз бу радиолар билан бир қаторда ББС радиоси ўзбек хизмати ходимлари ҳам Ўзбекистон МХХ контороли остида ишлаётганини иддао қилишганди.

Бу иддаолар фактлар ва уларнинг анализи асосида қилингани учун ҳеч ким уларни шубҳа остига ҳам қўя олмайди. Бу радиоларнинг ўзбекча программалари асосан ўзбек мухолифатини дискредитация қиладиган шахслар минбарига айланиб қолгани, у ерда ишлайдиган ўзбек журналистлари ичида ўзбек тилининг асосларини ҳам билмайдиган саводсизлар борлигини энди ҳамма билади.

Шу кунларга оид программаларда ҳам бу айбномаларни тасдиқловчи мисоллар кўп.

Масалан, Озодлик радиоси ўзбекча хизматининг сайтида кеча Замира исмли журналистнинг “МДҲнинг судралаётган бир пайтда НАТО фаоллашмоқда” номли лавҳаси эълон қилинган. Шу жумлани ёзган журналистни ўзбекча билишига ишонасизми? Бу саводсиз журналист сарлавҳа “МДҲ судралаётган бир пайтда НАТО фаоллашмоқда” шаклида бўлиши кераклигига ақли етармикан?

Энг ачинарлиси, аслида, бу журналистнинг саводсизлиги фақат бу мақолада эмас, унинг ҳар кунги чиқишларди “бурқираб” туради.

Саводсиз журналистлар америкаликларни алдаб, уларни пулини шилиш билан шуғулланишларига кўз юмиш мумкиндир-ку, лекин ўзбек радиотингловчиларига ҳурматсизликларини ҳеч қачон кечириб бўлмайди.

Энди ББС қилаётган ишларга бир назар ташлайлик. У ерда биронта ўзбек грамматикасини яхши биладиган одам йўқлиги шундоқ ҳам кўриниб турибди. Лекин улар ҳеч бўлмаса сиёсий маънода тузук иш қилолмасликларига нима дейсиз. Шу кунларда улар Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон муносабатларини муҳокама қилиш учун суҳбатга “ҳуқуқ ҳимоячиси” деб танитилган Сафар Бекжонни чиқаришибди.

Унинг одамни энсасини қотирадиган бир неча оғиз умумий демогогок гаплари радионинг фақат обрўсини туширади. Тўғри, бу радионинг иши. Аммо, МХХ контролидаги радионинг асл мақсади ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси деган шарафли исмга ҳам доғ туширишдир. Сафар Бекжон ўша пайтда “Эрк” партиясининг котиби бўлган Жаҳонгир Муҳаммаднинг очиқча ёзишига қараганда, Хоразмдаги бир музейдан ўрта асрларга оид тангани ўғирлаш ишига аралашиб қолган. Тангани партия раҳбари Истанбулда сотолмагандан кейингина, у Ўзбекистон ҳукуматига қайта топширилган. Уч йил қамоқ муддатина ўтириб чиқиши билан чет элга кетиб қолган бу “ҳуқуқ ҳимоячиси” сўнгги 10 йилда бирон иш қилганини эшитган борми?

Ҳа, унинг бир иши баъзиларга маълум. Асосан ўзбек мухолифатчилари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини лойга булғашдан иборат бўлган бир китоб ёзибди. У китобида Сафар Бекжон шундай ҳикояни ёзади. У қамоқхонада ўтирганида ҳужрадаги қўшниси шундай деган эмиш: “Бир жиноят бўйича устимда иш очилганда, Ўзбекистон халқ депутати Жаҳонгир Маматовга пора бердим, у мени озод қилишга ваъда берди, аммо пулни олиб, ваъдасини бажармади. Шундан кейин катта пул эвазига 1990 йили бир кунга қамоқхонадан чиқиб, Жаҳонгирнинг уйини ёқиб ташладим ва қасосимни олдим”.

Ҳар бир ақли расо одам биладики, бирон бир маҳаллада, Жаҳонгир айнан маҳаллада яшар эди, уй ёниб кетса, бу авлодни қўйиб туринг, кейинги авлодгача бу воқеани эслаб юради. Ростдан ҳам Жаҳонгирнингг уйига ўт тушган. Аммо 1990-чи эмас, 1980-чи йилда. Ана энди бу “ҳуқуқ ҳимоячиси” Сафар Бекжоннинг пасткашлигига нима дейсиз? Ҳуқуқ ҳимоясига ҳеч бир алоқаси бўлмаган одамни ҳуқуқ ҳимоячиси деб радиога чиқаришдан ББСнинг мақсади нима? Бугун Ўзбекистонда мардларча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган, режим тазйиқлари остида яшаётган, зиндонларда чиритилаётган ҳақиқий ҳуқуқ ҳимоячиларининг устидан кулиш эмасми? Худди шундай.

Радиода "етакчи" журналист Пахлавон Турғунов МХХнинг резиденти бўлганидан кейин, бу радиодан нима ҳам кутиш мумкин.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону