28 May 2011
01:45 - Франциядаги G8 cаммитининг асосий натижаси: Россия ҳам Каддафини кетказиш тарафдори бўлди

Дунёнинг энг кучли саккиз давлатининг G8 деб номланган саммити икки кунлик ишини бугун тугатди. Бундай йиғилишларда одатда бугунги куннинг ҳамма долзарб масалалари муҳокама қилинади. Табиий, G8 норасмий структура бўлгани учун, у расмий қарорлар қабул қилмайди. Аммо, у ердаги келишувлар жаҳоннинг ҳаётида катта роль ўйнайди.

Кечадан бери тарқатилаётган хабарларга кўра, G8 саммитида тугалланиш даражасига етиб қолган жаҳон иқтисодий кризиси хусусида фикр амлашилган. Бировни зўрлашга ҳаракат қилиш айби билан қамалган ва ўз лавозимидан истеъфога кетган Халқаро Валюта Фондининг директори Доминик Стросс-Кан ўрнига Франция молия вазири Кристин Лагарднинг номзодини қўллаб-қувватлашга келишилган. G8 раҳбарлари келишишдими, демак, у янги директор бўлади, деб ҳисоблаш мумкин.

Аммо, ҳеч шубҳасиз, кун тартибининг марказида Ливия турганга ўхшайди. Бу масалада G8 раҳбарлари қандай ютуққа эришишгани ҳам маълум. Шу пайтгача Муаммар Каддафини жойида сақлаб қолиш ҳаракатида бўлган Россия, ниҳоят, бу диктатордан воз кечган. Россияга бу масала бўйича Каддафи билан кўришиш ва уни ўз истаги билан истеъфога кетишга кўндириш топширилган. Демак, у яқинда ўз ихтиёри билан аввалдан танланган биронта давлатга “қочиб кетади”.

Россия бундай қадам учун яхшигина ҳақ олган ҳам кўринади. Чунки, яна хабарларда айтилишича, G8 шу йил охиригача Россияни Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо қилишга ваъда берган. Маълумки, шу пайтгача унинг йўлини тўсиб турган давлат Гуржистон эди. Тахмин қилиш қийин эмас, Гуржистоннинг орқасида турган асосий куч, яъни, АҚШ гуржиларни Россия йўлида турмасликка кўндиради. Табиий, текинга эмас.

Хуллас, номи улуғ G8 оддий олиб-сотиш бозоридир. Бу фактга фожеа каби қараш ҳам керак эмас. Қолаверса, бутун дунёнинг ўзи катта бир бозор. Муҳим бўлгани, бу бозорнинг ҳамма ўйинчилари келишилган бозор қоидалари доирасида олди-сотди қилишлари керак.

 

Акс ҳолда, дунёда хаос бўлади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону