13 April 2011
06:45 - Туркия парламент сайловларида иштирок этадиган ягона ҳижобли аёл ҳужжатлардаги расмга ҳижобсиз тушмоқда
Бу мамлакатда 12 июнь куни бўладиган парламент сайловларига тайёргарлик авжига чиққан. Кеча сайловда қатнашадиган 22 партия ўз номзодларининг рўйхатини Марказий Сайлов Комиссиясига топшириб ҳам бўлди.

Номзодларни муҳокама қилиш, уларнинг қайси вилоятдан кимлар билан рақобат қилиши каби масалалар - Туркия матбуотининг асосий мавзуларидан бири.

Шундай шароитда ҳам, Туркиянинг 14 депутат чиқарадиган Анталия вилоятидан номзод бўлаётган 37 ёшли Гулдеран Гултекинга қизиқиш жуда катта. Чунки, исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) рўйхатидан номзод бўлган бу аёл ҳижоб кияди. У вилоятлардаги университетларнинг бирида Илоҳият факультетини битирган ва шундан бери мактабда Дин маданияти ва аҳлоқ билимидан дарс беради.

Гулдеран Гултекинга АТПнинг шу вилоятдан кўрсатилган 14 номзоднинг рўйхатида 13-чи ўрин берилган. Демак, унинг сайланиш эҳтимоллиги жуда оз. Аввалги сайловларда бу партия шу вилоятдан 4 депутат чиқаролганди. Аммо, тишларини ҳам ғарбчасига кўрсатиб, кулимясираётган, аммо ҳижоб таққан бу номзодга ҳозирги босқичда қизиқиш катталигини тушуниш мумкин.

Туркия қонунлари бўйича жамоат жойларига, парламент ҳам жамоат жойи, ҳижобда кириш мумкин эмас. Шу сабабли, Гулдеран Гултекин ҳозирча ҳамма ҳужжатларини ҳижобсиз расми билан топширмоқда. Агар у сайланиб қолса нима бўлади? Парламентга қандай боради? Ҳижоб биланми, ёки ҳижобсиз? Унинг ўзи бу саволга жавоб беришдан қочиб, “туғилмaган болага ном қидиришдан нима фойда?” деб ҳазиллашмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону