05 September 2006
03:00 -
24:00 - “Liberty-Озодлик” радиосининг ўзбекча сайтлар хусусида холисликдан узоқ таҳлиллари 23:30 - Дадахон Ҳасан: Жиноят қилмаганман - қўшиқ айтганман, холос! - Деновликларга истиқлол байрами муборак бўлмад
24:00 - “Liberty-Озодлик” радиосининг ўзбекча сайтлар хусусида холисликдан узоқ таҳлиллари

Бугун бу радионинг ходими Даниэл Киммаж ўзбек тилидаги ёки рус тилида бўлса ҳам Ўзбекистонга бағишланган сайтларнинг жуда қисқача анализи қилинган инглизча мақоласини тарқатди. Унда, хусуан, UzA, UzReport, Ferghana.ru, Erkinyurt, Harakat, MuslimUzbekistan, Isyonkor, Uzbekinfo.org, MediaUz, Dialog, Uznews.net, UzMetronom, Press-uz.info, Gazeta.uz сайтлари тилга олинган. Бу сайтларага берилган баҳолар шунчалик саёз ва умумийки, бу мақолани тарқатишнинг маъноси нима деб ўйлаб қолиш ҳеч гап эмас.

Бу маъносиз мақоланинг, аслида, жуда катта маъноси бор. Бу - муаллифнинг очиқча холиссизлигидир. Масалан, Erkinyurt - “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракцияси ва бу сайтга ҳеч алоқаси бўлмаган Ўзбекистон демократик партиясининг сайти экани деб эълон қилинганини жуда яхши билган Даниэл Киммаж, бу партияларнинг масқарабозлигини очиб қўймаслик учун бўлса керак, у “Эрк” партияси тарафидан юритилади, дейди. Аслида, “Эрк” партияси 3 ёки 4 га бўлиниб кетаганлигини яхши билан америкалик тадқиқотчи бу фактни 53-54-чилар фойдасига беркитишга уринган.

Бундан ташқари, Даниэл Киммаж “Эрк”нинг бу фракцияси билан боғлиқ бўлган сайтлар диний экстремистик руҳдаги, ҳатто мавжуд жиноятчи ҳукуматга қарши қурол билан чиқиш мумкин ва кераклигини тарғиб қилувчи мақолалар чиқаришаётганини беркитишга ҳам ҳаракат қилиб, уларнинг бу каби мақолаларини “Бирлик”ка қарши чиқишлар деб баҳолаб қўя қолади. Ҳарҳолда, шу йўл билан у сайтларнинг айбини беркитиш учун ўзига хос равишда “Бирлик”ка илтифот қилишга мажбур бўлгандир.

Яқинда АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида сўзлаган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат бу сайтларнинг бин Ладен сайтларига ўхшатгандан кейин, бу мақолалар дарҳол сайтлардан олиб қўйилганига ҳам кўз юмади америкалик шаввоз. У “Эрк” партиясининг Самад Мурод бошчилигидаги асосий фракцияси Тошкентдан оғир шартлар остида юритаётган erkinfo сайти ва Демократик Ўзбекистон Конгрессининг сайтларини ҳам гўёки билмайди.

Бир неча йил аввал “Ҳаракат” журналининг асосчиларидан - журналист Анвар Усмон “Ўзбек паловининг ҳиди” номли мақоласида, бир маҳаллар Москвадан келган комиссияларнинг “кўнглини” олиш учун асосий восита сифати чойхонада ёзилган тўла-тўкис дастурхон, палов, ароқ ва коньякларни ишлатишни ўрганиб олган Ўзбекистон ҳукуматининг одамлари, энди ўша тажрибаларини Ғарбдан келганларнинг “кўнглини” олиш учун ишлатаётганларини ёзганди. Шу кунлардар “Озодлик”нинг инглизча саҳифаларида мухолифатнинг фаолиятини кўринишидан ўша “ҳидлар” асосида бир таарафлама ёритаётган Гулноза Саидазимова ва нохолис тадқиқотчи Даниэл Киммажнинг ижодлари шунга ишора қилмоқдаки, 53-54-чилар ош қилишни яхши билишади, аммо бошқа нарсага ярамайдилар.

Ҳа ошнинг ҳиди – кучдир. У баъзиларнинг кўзларини хира, ақлларини бошқача қилиб қўйиши ҳеч гап эмас.

23:30 - Дадахон Ҳасан: Жиноят қилмаганман - қўшиқ айтганман, холос!

Бугунги даракларимизда ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан устидан олиб борилаётган суд мажлислари қайтадан бошлангани, унинг ҳимоясиз қолдирилгани ҳақида хабар бергандик. Аммо жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ёнида тўпланган журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳофизнинг мухлислари суд мажлиси тугагунга қадар тарқалишмади. Дадахон ака шомга яқин суд мажлисидан бирмунча тетик, мамнун ҳолда чиқиб келди, дейди мухбиримиз. У кишининг айтишича, гарчанд ҳимоячиларсиз бўлса-да, ўзи қозининг сўрокларига дадил жавоб кайтарган. Суд аслида на боши, на адоғи бўлмаган куракда турмас айблов юзасидан сўроқ ўтказган.

Жавобгарнинг жиноят предмети бўлган қўшиқларни ҳақиқатан ҳам айтган-айтмагани, унинг аудио ва компакт дискларда таркатилгани борасидаги саволларига Дадахон Ҳасан ҳақиқатан ҳам бу қўшиқлар у томонидан куйлангани, аммо у буни жиноят деб билмаслигини таъкидлаган. Дастлабки айблов хулосаси билан таниш адвокатларнинг айтишича, ишда жиноят предмети бўлган Андижон қатлиоми ҳақидаги қўшиқларнинг на ёзма шакли, на аудио шакли мавжуд. Унда Президент шахсига нисбатан ҳақоратларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш имконияти йўқ. Судья бусиз қандай ҳукм чиқариши тушунарсиз.

Дадахон ака суд мажлисидан чиққач мухбиримизга "Ўзбеклар доим умид билан яшайди, мен хам уларнинг бириман. Назаримда адолат қарор топадигандек" деди. Йиғилганларнинг "Ҳофизга озодлик!" деган қийқириқлари миршаблар, махсус хизмат одамларини чўчитиб юборди.

Деновликларга истиқлол байрами муборак бўлмади

Сурхондарёдаги мухбирларимиздан кечикиб олинган хабарга кўра, 1 сентябрь куни вилоятнинг Денов шаҳрида жойлашган "Сурхонозиковкатсаноат" комбинатида йирик ҳалокат содир бўлган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кайта ишлашга мўлжалланган бу йирик комбинатнинг иссиқлик узатиш (кательнўй) тизимида кучли босим натижасида ёрилиш юзага келиб, бир неча цистернадаги 350-400 тоннага якин мазут маҳсулоти оқиб кетган. Унинг бир қисми яқин орадан оқиб ўтувчи Сурхон дарёсига тўқилиб, хавза жиддий экологик муаммо гирдобида қолган.

Ўзбекистон "Ёғмойтамакисаноат" акциядорлик жамияти тизимидаги бу йирик корхона ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган бўлиб, асосан пахта чигитини кайта ишлашга мўлжалланган. Ўтган давр оралигида деярли таъмирланмаган қувурлар эскириб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Мазкур иш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари суриштирувлар олиб бораётгани айтилмоқда.
19:00 - Дадахон Ҳасан устидан суд бошланди, лекин ҳимоячиларсиз

Илгари хабар берганимиздек, бир неча кунлик танаффуслардан сўнг бугун, 5 сентябрь куни соат 15 да Тошкент шаҳар жиноий ишлар судида ҳофиз ва шоир, “Бирлик“ асосчиларидан бири Дадахон Ҳасан устидан суд жараёни бошланди. Суд мажлиси унинг 8 асосий қатнашчиси - судья, халқ маслахатчилари, прокурор, адвокатлар, суд котиби ва судланувчининг ўзи иштирокидагина очилди. Бошка ҳеч ким суд залига киритилмади.

Судда кутилмаган воқеа юз берди: судланувчи ўзининг барча ҳимоячиларидан воз кечди. Ва суд бу илтимосни қаноатлантирди. Адвокатлик вазифасини зиммасига олганлардан бири - ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов ва бошқаларга кўра, сўнгги ҳафталарда махсус хизмат ходимлари ҳофиз билан “ёпиқли қозон - ёпиқли қолсин“ шаклида оғзаки шартнома тузган ва бунинг эвазига номигагина жазо белгилашни ваъда қилган бўлишлари мумкин.

Суд ҳимоячиларсиз, кузатувчиларсиз ва судланувчининг яқинларисиз давом этди.

Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (5 сентябрь, сешанба маълумоти)

Расмий курс (Ўзбекистон Марказий банки бахоси): 1 АҚШ доллари ($) = 1228,38 сўм; 1 EВРО = 1579,33 сўм; 1 рубль = 45,91 сўм.

Тижорат курси (Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар банки баҳоси): 1 АҚШ доллари = сотишда 1236 сўм ва харид қилишда 1239 сўм; 1 EВРO = сотишда 1580 сўм ва харид қилишда 1600 сўм; 1 фунт-стерлинг = сотишда 2343 сўм ва харид қилишда 2373 сўм.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону