02 September 2006
03:00 -
23:30 - Ўзбек мухолифатчиларининг Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик пикети 22:00 - Абдураҳим Пўлат: Мухолифатни бирлаштиришдек машаққатли иш давом этмоқда 20:00 - Каримов ҳали ҳам Қозоғи
23:30 - Ўзбек мухолифатчиларининг Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик пикети

Кеча Украинада яшаётган сиёсий қочоқлар, жами 15 киши, кўпчилиги “Бирлик” фаоллари, мамлакатимизнинг Киевдаги элчихонаси олдида норозилик пикети ўтказдилар. Ўзбекистоннинг муcтақиллик кунига режалаштирилган пикетнинг мақсади Ўзбекистон ҳукуматининг антидемократик сиёсати ва ўзгача фикрловчиларга қарши репрессияларини қоралаш эди. Пикетчиларнинг қўлларида “Биз ҳақиқий мустақил эмасмиз”, “Сиёсий ислоҳотлар ва одил сайловлар истаймиз” каби 10га яқин плакат бор бўлган.

Маҳаллий ҳокимиятдан рухсат олиб ўтказилган пикет 1 соат давом этти. Эмнести Интернейшнл ва Чегарасиз ташаббуслар каби маҳаллий ташкилотларнинг вакиллари ҳам қатнашган норозилик акциясини “Бирлик” Партияси Украина норасмий бўлими раиси Улуғбек Зайнобиддинов ва унинг Крим бўлими раҳбари Иномжон Бобохоновлар бошқаришди. Иномжон ва яна 3 нафар ўзбек мухолифатчиcи Кримдан махсус пикетда қатнашиш учун келганлар.

22:00 - Абдураҳим Пўлат: Мухолифатни бирлаштиришдек машаққатли иш давом этмоқда

Одамзод яратилибдики, бўлиниш бор, унинг натижасида ўртага чиқадиган бирлашиш муаммоси бор. Ўзбекистон мухолифати туғилибдики, у ҳам шу жараёнлар ичида. Бутун тарихимиз бўлиниш ва бирлашишга уринишдир.

Бирлашиш осон иш эмаслиги, гина-гудратни унутиш билан ҳар нарса битмаслиги, бирлашиш учун ўтмишдан сабоқ олиб ва тишни тишга қўйиб узоқ ишлаш кераклигини тан олсакгина натижага эришиш мумкинлигига ишонаман.

Ҳозир ҳам тишни тишга қўйиб ишлаш давом этмоқда. Ўтган шанба, яъни 26 август куни шу йўналишда яна бир қадам қилинди. Шу куни Нью-Йорк шаҳрида Демократик Ўзбекистон Конгресси ташкилотининг “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат ҳам иштирок этган йиғилиши бўлди. Бу ерда Ўзбекистон мухолифатини келаётган президент сайловлари арафасида бирлаштириш ва сайловда умумий мухолифат номзоди билан иштирок этиш масаласи муҳокама қилинди.

Тахминан 20 кишидан иборат мажлис қатнашчилари “сайловда мухолифат умумий номзод билан иштирок этиши шарт, айни замонда, мухолифатнинг бирлигини доим бузиб келаётган, экстремистик чиқишлари билан ўзбек мухолифатини дискредатция қилаётган “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракцияси билан ҳеч қандай алоқа қилмаслик керак”, деган фикр атрофида бирлашишди.

Аммo, умумий мухолифат номзоди қандай одам бўлиши керак, уни қандай танлаш керак каби саволларига тўла жавоб берилмади.

Конгрессчиларга кўра, умумий номзод Ўзбекистон қонунларига тўла жавоб бериши учун, Ўзбекистонда яшаётган бир киши бўлиши лозим. Бугун Ўзбекистонда яшаётган мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари ичида президентликка номзод қилиб кўрсатиш учун етарлича етук ва тиниқли одам топилмаса, у ҳолда, зиёлилар ичида демократик руҳдаги одамлар кўплигини ҳисобга олиб, улардан бирини танлаш, аммо уни репрессиялардан сақлаш мақсадида, исмини охирги дақиқагача сир сақлаш керак.

Мен бу асосий фикрга тўла қўшилиш қийинлигини урғулаб қуйидагилани айтдим.

Биринчидан, бу шаклда сал кам маҳфий номзоднинг ўртага чиқарилишини на ўзбек халқи на ўзбек мухолифати на дунё жамоатчилиги жиддий қабул қилмайди. Номзод бугунги режимга очиқча қарши эканлигини очиқча гапираётган кишилардан танланиши лозим.

Иккинчидан, мақсадни аниқ белгилаб олиш керак. Менга кўра, мақсадимиз - келаётган сайловларда иштирок этиш жараёнида ўзбек мухолифатинининг мавқеини мустаҳкамлаб олиш. Шундай мустаҳкам бўлишимиз керакки, у билан мавжуд ҳукумат ҳисоблашишга мажбур бўлсин. Беркитиб ўтиришни ортиқча деб биламан, бу жараёндан, агар ҳамма бир ёқадан бош чиқариб курашса, ҳозироқ энг кучли бўлган “Бирлик” яна ҳам кучли бўлади. Аммо, ўзини ҳақиқий демократ деб ўйладиганлар, бундан қўрқмасликлари керак.

Учинчидан, катта мажлислардан ҳеч бир муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Олинадиган қарорлар лойиҳаси аввалдан ҳамма билан келишилиб, ошкоралик руҳида тайёрлаб қўйилиши керак. Демак, президентликка номзод мухолифатнинг умумий қурултойигача белгилаб олиниши лозим.

Тўртинчидан, мамлакатимиз Конституциясининг 90-моддасида Ўзбекистон президенти 35 ёшдан ошган одам бўлиши керак дейилган. Бу шартсиз талабдир. Аммо шу моддадаги Ўзбекистон президенти сайловдан олдинги 10 йилда Ўзбекистонда муқим яшаши керак деган сўзлар шархга муҳтож. Гап яқиндагина мпмлакатимизга келиб, ватандошлик ҳаққини олган одам Ўзбекистон президенти бўлолмаслиги ҳақида кетмоқда. Бутун умрини Ўзбекистон муаммолари билан яшаб ўтказаётган хориждаги мухолифатчилар бу чекловга тобе эмаслар. Агар, Конституциянинг руҳига эмас, харфларигагина қарайдиган бўлсак, Каримов ҳам президент бўлолмайди Чунки у ҳам 10 йил Ўзбекистонда муқим яшаган эмас, анчагина вақтини Қрим-Кавказларда дам олиб ўтказади, 2-3 йил аввал эса тахминан бир ой Германияда яшаган. Тўғри, бугунги режим истаганини қилаберади, хоҳласа туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ҳам шубҳа остига олиб, истамаган одамини номзод қилиб рўйхатга олдирмайди. Шу сабабли, биз номзод кўрсатиш, уни рўйхатдан ўтказиш каби ишларнинг ҳаммасига сиёсий курашнинг боқичлари деб қарашимиз керак.

Бешинчидан, Самарали сайлов олди кампаниясини, яъни расман ёки партия номидан ёки ташаббус гуруҳи номидан номзод кўрсатиш ва ярим миллиондан кўпроқ имзо тўплаш, пропаганда юритиш каби ишларни кучли структураси бор ташкилотгина қилолади. Бундай ташкилот Ўзбекистонда битта - “Бирлик” Партияси. Ҳақиқий демократия истаган инсонлар, кичикроқ ташкилотлар сайлов масаласида “Бирлик” атрофида бирлашсалар энг катта ютуғимиз бўларди. Аммо ҳар қандай босқичдаги ғалабамиз, бу умумий ғалаба бўлишини ҳеч қачон угутмаймиз. Биз катта бир мамлакатининг энг катта сиёсий жараёни хусусида гаплашмоқдамиз. Бу ерда мушук-сичқон ўйини ўйнаш керак эмас, деган фикрдаман.

Шу сабабли, бу масалада “Бирлик”нинг таклифларини жиддийга олиш лозим. “Бирлик” эса, умумий мухолифат номзоди сифатида ўз одамини кўрсатиш ва уни ҳамма тарафидан қабул қилинишига эришиш учун ҳаракат қилмоқда. Беркитадиган жойи йўқ, гап менинг номзодим ҳақида кетмоқда.

Мен айтган гаплар ва фикрлар ҳамма томонидан қабул қилинди демоқчи эмасман. Аммо, ҳамма уларни эътиборга олди. Мухолифатнинг умумий қурултойигача бу масалалар хусусида умумий нуқтага келишга ҳаракат қиламиз.

Йиғилганлар, яъни мен ҳам, шу йил ноябрь ойининг охирларида мухолифатнинг умумий қурлутойини Нью-Йорк шаҳрида чақиришга келишдик. Бу масаланинг ҳали ўзимиз учун ҳам қоронғу тарафлари бор. Молиявий имкониятлар аниқ бўлмагани учун унда қанча одам қатнашиши, ташкилотлардан қанчадан одам чақирилиши номаълум. Ҳатто, бу йиғилиш АҚШда яшовчи мухолифат тарафдори кучларнинг Ўзбекистон ва Европадан ҳам чақирилган меҳмонлар иштирокида ўтказиладиган анжумани мақомида қолар.

Аслида, бу каби тадбирларни мухолифатни бирлаштирувчи структураларнинг ўзи ташкил қилгани маъқул. Ҳозирда мамлакатимиздаги мухолифатчиларни бирлаштирувчи яхшими ёмоними, аммо ягона структура – Ўзбекистон мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг “Давра Кенгаши”дир. Бир оз вақт ўтиб, бўлажак Қурултой билан боғлиқ масалалар ойдинлашгач, уни ўтказишда кимлар қандай роль ўйнаши ҳам ўз-ўзидан маълум бўлиб қолади.

20:00 - Каримов ҳали ҳам Қозоғистонда

Кеча Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувига борган Ўзбекистон президенти Каримов бугун ҳам Қозоғистонда.

ЎзА агентлиги норасмий учрашувнинг асосий мавзуи Марказий Осиёда сув-энергетика консорциумини тузишни тезлатиш ва гидроэнергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш бўлганини, шунингдек, учрашувда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ҳам фикр алмашилганини қайд этса-да, лекин Қозоғистон манбалари саммитнинг қатъий бир кун тартиби бўлмаганлиги, асосий мунозаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтганига эътиборни қаратдилар.

Президентларнинг матбуот анжуманида Марказий Осиё минтақасидаги 4 мамлакатнинг ўзаро манфаатли асосда интеграциялашуви минтақанинг гуллаб яшнашига олиб келиши эътироф этилган халос.

Кўринишидан, Марказий Осиё мкамлакатларининг раҳбарлари ўз олдиларида катта муаммолар турганини яхшигина хис этмоқдалар, ёпиқ эшиклар ортида уларни ҳал этмоқчилар. Аммо, улар бир нарсани тушунмайдилар. Буюк муаммоларни ҳал этиш учун буюк лойиҳалар лозим. Уларни эса, бу каби норасмий саммитларда яратиб бўлмайди. Путиндан ўрганиб бундай учрашувлар ўтказишнинг маъноси йўқ. Чунки, Путин бундай йиғилишларни муаммоларни ечиш учун эмас, катта потенциалга эга бўлган Россиянинг гегемонлигини тасдиқлатиш учун ўтказади.

Марказий Осиё раҳбарлари учун бирдан бир йўл - Марказий Осиё (ёки Туркистон) Бирлиги каби структура яратиш ва ҳамма муаммоларни унинг доирасида ечиш. Энг муҳими минатқанинг тақдирини ҳал этувчи масалалар устида уйлашда мухолифатнингҳам фикрини ҳисобга олиш.

18:30 - Ҳолиқназар Ғаниев: Бултур ўғирлаб кетилган кунимнинг бир йиллигими ёки мустақилликнинг 15 йиллиги?

Бир йил аввал, аниқроғи 2005 йил 24 август куни уйим олдида мени МХХ айғоқчилари ўғирлаб кетишиб, 10 кун қаерлигини фақат тахмин қилишим мумкин бўлган жойда, бир камерада сақлашган ва кейин Самарқанд вилоятидаги бир чўлга ташлаб кетишганди. Ўзбекистон мустақиллигининг 14 йиллиги кунини ҳам ўша камерада ўтказганман.

Бу йил ўша воқеаларга 1 йил бўлди. Энди ўғирлашмаган бўлса ҳам, барибир яна тинч қўйишмади. 22-23 август кунлари МХХдан ўғлимга телефон қилишиб: «Отангиз 26 августда Тошкентга қандайдир йиғилишга борармиш, айтинг бориб юрмасин, яхши булмайди. «Бирлик»нинг журналларини тарқатиб юрган эмиш, бунинг охири яхши бўлмайди», деган гапларни айтибди. Шундан кейин, 25 август эрталаб 7-8 лардан бошлаб 30 август кечқурун соат 6-7 ларгача уйим ва ўзим қаттиқ кузатувда бўлдим. Уйдан ташқарига чиқсам пойлоқчилар изма-из юришди. Улар кўпинча 14Т5359 давлат рақмли оқ «Жигаули» автомашинада юришди. Баъзан 14Т4930 рақамли бошқа оқ «Жигули» хам пайдо бўлар эди.

Менинг шикоятим ва талабимга кўра, Жомбой шаҳрининг ўзим яшайдиган Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси С.Остонов ва маҳалла посбони пойлоқчиларнинг ҳужжатларини текширганда, 14Т5359 рақамли автомашина Самарқанд шаҳар, Рудакий кўча, 50-уйда яшовчи Шерматов Зокирга тегишли эканлиги аниқланди. Маҳалла раисининг «Нега бу ерда турибсизлар?» деган саволига, пойлоқчилар «Бировни кутиб турибмиз» деган жавобни беришди. Менинг акт тузиб, милиция чақириш ҳақидаги талабим маҳалла раҳбарлари томонидан қаноатлантирилмади.

25 август куни эрталабдан кузатувни бошлаб берган 14Т4930 рақамли автомашинадагилардан бирига, пойлоқчиларнинг бошлиғи шекилли, «бу ишларинг уят иш, қандай сизлар уялмайсизлар» деган эдим, у: «Бизлар бошлиқли одамлармиз, буйруқни бажарамиз» деб жавоб берди.

Кеча эрталаб соат 9-10 ларда номаълум киши телефон қилиб: «Мен Васила опа билан гаплашдим, у киши Сизга “Ҳаракат” журналларни берганлигини айтди» деди таҳдидли оҳангда ва дарҳол телефонни узди. Мана байрам ҳам ўтди. Бугун кунимиз тинч ўтгандек кўринади.

Сайт маъмуриятидан: Ҳолиқназар Ғаниев “Бирлик” партияси раисининг ўринбосари, партиянинг Самарқанд вилоят ташкилоти раиси. У ўтган йили ўғирлаб кетилишидан ташқари, “Бирлик”нинг 30 майга режалаштирлиган Андижон қонхўрлигини қоралаш бўйича пикетида қатнашиш учун Тошкентга кетаётганда милиция томонидан ушланиб, уйдирма айбнома асосида 15 кунга қамаган ҳам эди.

9:00 - “Эрк”чи Холдор Вулқон “Бирлик” Партиясига ўтди

Адабий таҳаллуси Холдор Вулқон бўлган Холдорбой Абдусаломов - прозаик ёзувчи, 1999 йидан бери Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг аъзоси. У 1991 йилда “Эрк” партиясига аъзо бўлган, бу партиянинг Андижон вилоят ташкилотининг лидерларидан. Холдор Вулқон эски партиясини тарк этиб, “Бирлик” сафига қўшилишини шундай изоҳлайди:

Сўнгги йилларда партия раҳбарияти олиб бораётган сиёсатдан норозиман. Аммо норозиликни билдириш имконияти ҳам йўқ. Талабларимизга қарамасдан, Отаназар Орипов партиянинг Марказий Кенгаш мажлисларини ҳам чақирмай қўйган. Сабр косамнинг тўлишига сабаб бўлган воқеалар эса қуйидагилардир.

- Шу йил апрель ойида Отаназар Орипов партиямиз раисини у билан келишган ҳолда Марказий Кенгаш номидан президентликка номзод қилиб кўрсатиланини эълон қилди. Аслида бундай Марказий Кенгаш мажлиси бўлмаган. Бунинг устига, Конституцияга кўра, президентликка номзод сайловлар эълон қилингандан кейин партия қурултойида кўрсатилиши керак. Муҳим сиёсий воқеанинг бундай шаклда масхарабозликка айлантирилишини кечириб бўлмайди.

- Бир неча ой аввал рус сайтларида раисимизга қарши мақолалар эълон қилинганди. Партия ичидаги ҳамжиҳатликни намойиш қилиш мақсадида сайт учун Муҳаммад Солиҳнинг ижобий образини чизувчи демократик руҳдаги бир мақола ёздим. Аммо бу мақолам фақат раисимизни мадҳ қилишга бағишланган “Эрк” газетасининг 132-сонида босилибди. Газетанинг бундай шаклда ҳозирланиши демократик принципларга мутлақо терсидир. Мақоламнинг ёнига Муҳаммад Солиҳнинг демократлардан кўра экстремистларнинг позициясини кўрсатувчи бир шиорини жойлаштирилиши, менинг ҳам демократик сифатидаги обрўимга зарар келтирди.

- Яқинда Андижонда менинг халқимнинг ваҳшийларча ўққа тутилишининг бир йиллиги хотирланди. Бир қатор чет эл пойтахтларидаги Ўзбекистон элчихоналари қаршисида ўзбек мухолифатчилари норозилик пикетлари ўтказдилар. Киевдаги пикетда баъзи партиямиз фаоллари қонхўрлик қурбонларини хотирлаш ўрнига партия раисининг кўрсатмаси билан унинг расми бор плакатларни кўтаришга ҳаракат қилишганини эшитиб жуда ранжиган эдим. Аммо Ўш шаҳрида шундай қилинганлиги, бегуноҳ қурбонларни эслаш ўрнига “Эрк” раисининг 5 та портретини кўтариб турган 5 мухолифатчининг расми сайтларда чиқарилиши партиямизнинг обрўсини ер билан бир қилди.

Мен бундай партияда аъзо бўлолмайман. Демократия ғояларига содиқлигини изчиллик билан кўрсатиб келаётган “Бирлик” Партиясиги ўтиб, халқим ва ватаним учун курашни шу партия сафларида давом эттираман.

Сайт маъмуриятидан: Бу хабарнинг матни “Бирлик” Партияси Андижон вилоят ташкилоти раиси Акбарали Орипов воситасида Холдор Вулқоннинг шахсан ўзи билан келишилган равишда тайёрланган. 53-54 ва ака-ука Бобожоновлар Мурод Жўраевга нисбатан қилаётган провокацияларини Холдор Вулқонга нисбатан давом эттирмайдилар деб умид қиламиз.

Исмат Хушев доҳийсидан воз кечди

Демократик Ўзбекистон Конгрессининг сайтида (uzbekcongress.org) хабар берилишича, журналист Исмат Хушев ўз иборасига кўра, “устози Муҳаммадбобир Маликов ҳам бор бўлган” конгрессчилар сафига қўшилганини эълон қилган.

Бу оддий бир воқеанинг қизиқ жойи шундаки, “Ҳаракат” сайтидаги шу йил 23 июль хабарларида қуйидаги сатрлар бор эди:

Мана, масалан, Каримовнинг маддоҳларидан бири бўлган исмат Исмат Хушевни олайлик. У уялмасдан, “янглишган эканман, Каримовни 10 йил доҳийим дея этагидан тутган эдим, ҳозир билиб қолдимки, асл “доҳийим” Салой Мадаминов бўлиши керак” дея очиқча бонг урмоқда. Яна қаерда урмоқда денг? Бу маънавиятсизларга қарши курашиши керак бўлган америкаликларга оид “Озодлик” радиосининг ўзбекча программаларида.

Бунинг яна бир сабаби, советчасига маддоҳ руҳида тарбияланган “ижодкор”лар бу радиони тўлатиб олганида эмасмикан? Майли, Исматвой ҳам даражаси бўйича “ўрта бўйи” маддоҳлардан. Яқин кунларда “доҳийсини” яна алмаштиришини эълон қилишини ҳам биламиз. Аммо, ёшлари ҳам ундан қолишмайди. Ўзини “қочқинликдаги ижодкорлар” дея ҳаммага тиқиштиришга жон жаҳди билан уринётган “ёшлар” Юсуф Расул, Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожонов кабиларга нима дейсиз?


Кўриниб турибдики, мухбиримизнинг башорати тўғри чиқибди, Исматвой доҳийсини алмаштирибди. Тушуниш керакки, Муҳаммадбобир Маликов ва Жаҳонгир Муҳаммад бор ташкилотга у Салой Мадаминовдан юз ўгирибгина келиши мумкин.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону