16 December 2010
01:13 - “Эзгулик” Жаҳон Банкини лойиҳаларни молиялашда инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам ҳисобга олишга чақирди
Дунёнинг илғор ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотлари қаторида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Жаҳон Банки маъмуриятини Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, айниқса, пахтачилик билан боғлиқ масалалардаги лойиҳаларни молиялаш, соҳага кредитлар ажратишда инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам инобатга олишга чақирди. Хусусан, Ўзбекистонда болалар меҳнати эвазига териб олинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, пахта етиштиришнинг усуллари Жаҳон банкидек нуфузли ташкилотнинг диққат эътиборидан четда қолиши мумкин эмас. Шундай экан кредит илинжида юзаки ҳисоботлар тақдим этаётан Ўзбекистон ҳукуматининг мурожаатларини ўрганиш асносида фуқаролик жамияти вакилларининг ҳам муносабатлари ҳисобга олиниши лозим.

Маълум бўлишича, Жаҳон Банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш мақсадида Rural Enterprise Support Project – Phase 2 лойиҳаси доирасида 67,8 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган. Мазкур маблағ 2015 йилга қадар мамлакатимиз аграр тармоғининг турли соҳаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни ўз ичига қамраб олади. Жаҳон Банки директорлар кенгаши ана шу маблағлар ажратилиши даврида ҳукуматнинг бирмунча юзаки ҳисоботини асос сифатида қабул қилган. Яъни, ҳукумат ҳисоботида фермерларнинг мустақил муқобил синфга мансублиги, далаларда болалар меҳнатидан фойдаланилмаслиги, қишлоқ хўжалиги бутунлай маъмурий-буйруқбозлик тизимидан холи экани таъкидланади.

Аслида эса, дейди “Эзгулик” раҳбари Васила Иноят, реал вазият бунинг мутлақо тескариси. Яъни, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бутунлай маъмурий-буйруқбозлик тизимига бўйсундирилган, болалар меҳнатидан оммавий равишда фойдаланилади. Биз молия муассасаларининг кредит линиялари очишига қарши эмасмиз, аксинча, бундан хурсандмиз, аммо мазкур маблағлар аграр тармоқ ривожланишига ҳисса қўшиши лозим. Болаларнинг экспулатация қилиниши, фермерлар қолиб уларни қул сифатида ишлатаётган чоракорларнинг ҳамёнлари қаппайиши ёхуд коррупциянинг илдиз отишига хизмат қиладиган рағбатларга қаршимиз, дейилади ҳуқуқ ҳимоячи жамият билдиришномасида.

Жамиятнинг Жаҳон банки лойиҳасига муносабатига оид кичик таҳлилий ҳисобот ва банк вице-президенти Циего Катсуга (Shigeo Katsu) йўлланган очиқ хат матнини сайтимизнинг “Актуал мавзу” бўлимида ўқийсиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону