15 December 2010
20:01 - Ўзбекистонда веб нашрлар: Сон бор, салмоқ йўқ! (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №39, 15.12.2010)
Мамлакатимиздаги UZ маъмурий домен зонаси бугун эълон қилган статистикага кўра, шу соатларгача мазкур миллий доменида 11 мингдан ортиқ веб саҳифалар рўйхатдан ўтказилибди. Йил бошида 9546 доменнни рўйхатга олган миллий интернетчиларимиз ўзига хос рекордни тантана қилмоқда. Кейинги йил яна-да кўпайиши айтилаётган доменларимизнинг ишига барака, аммо миллий интернет етакчиси бўлган Республика компьютер ва информацион техонлогияларни ривожлантириш маркази (UZINFOCOM)нинг байромона таъбини бироз хира қилишга тўғри келади.

Асосий базаси 1995 йилнинг 29 апрелидан ишга тушган миллий доменимиз ўзгача фикрловчи, ҳукумат сиёсатига мос келмайдиган бир қанча ўжар сайтларнинг пайини қирққани ёхуд уларни очилмайдиган (блокировка) қилиб қўйганини яшириб бўлмайди. Ўзбекистон Адлия вазирлигидан расмий рўйхатдан ўтган, давлат ҳокимяти органларига тегишли ҳисотларни қонун доирасида тақдим этувчи Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг расмий веб саҳифаси миллий доменимизда рўйхатга олинмаган, Швеция қироллигида рўйхатдан ўтган веб сайт блокировка қилинган. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига бундан 6 йил аввал “Эзгулик” газетасини очишга рухсат сўраб берилган мурожаатга ҳалигача жавоб йўқ.

Асосий қисми, аниқроғи 82 фоизи мамлакатимиз резидентлари бўлган миллий доменларимизда мамлакат сиёсатига мухолиф фикрларни учратиш мумкинми? Танқидий, таҳлилий ҳамда инсон ҳуқуқлари аҳволини реал акс эттирадиган материалларни ўқишнинг иложи борми? Кишиларнинг муаммолари, жамиятимиздаги иллатлар аёвсиз фош этилган сайтлар кўзга ташланадими? Афсуски, бу риторик савол бугун рекордини тантана қилаётган миллий интерентфурушларимизнинг ишини чиппакка чиқаради.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Республика компьютер ва информацион техонлогияларни ривожлантириш маркази ва бошқа мутасадди органларни ўзига хос рекорд билан қутлаб, жамиятимиз расмий веб сайти бўлган www.ezgulik.org саҳифасини тўсиқларсиз очиладиган қилишга чақиради. Кишиларнинг халқаро ахборот тизимига интилувчанлигини жамиятдаги позитив ўзгариш сифатида баҳолаб, тармоқни яна-да ривожлантиришга ундайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону