12 July 2006
03:00 - 22:00 - Қодир Ғуломов ишида томонлар музокарага киришди - Адлиянинг қарори қатъий, шикоятга ўрин йўқ! 19:00 - Ташқи ишларга оид идораларда муҳим ўзгаришлар 16:00 - Эндигина президент эсига тушган эски муаммо
22:00 - Қодир Ғуломов ишида томонлар музокарага киришди

Бугун, 12 июлда Ўзбекистон Олий Ҳарбий судида давом этаётган собиқ Мудофаа вазири Қодир Ғуломов иши юзасидан томонлар музокарага ўтиришган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг "Ватанпарвар" газетаси журналисти номини очиқламаслик шарти билан қисқагина маълумот етказди. Бугунги суд мажлисида дастлаб давлат айбловчиси собиқ вазирга қўйилган айбловларнинг бир қисмини ўкиб бўлган. Бу айбловлар ичида давлат мулкини талон-тарож қилиш, мансаб суиистеъмоллиги сингари мотивлар мавжуд.

Айрим ахборот воситаларида собиқ вазир суди жараёнида ҳарбий суд раиси Тоҳир Мирзаевга Давлат маслахатчиси томонидан дашном берилгани, бу эса унинг исътефоси яқинлигини англатиши ҳақида хабарлар тарқалди, аммо бундай узунқулоқ гапларда мантиқ йўк, деди мухбиримизга Олий суднинг Ҳарбий ҳаъйати собиқ раиси Ҳ.Ҳасанов. Айримлар таъкидлаётганидек, суд раисининг ишдан кетиш-кетмаслиги Ғуломов ишига алоқадор эмас. "Ғуломов иши" президент девони ва МХХ назоратида бўлиб, у ердан судьядан тортиб давлат айбловчисигача нималарни гапириш борасида мунтазам кўрсатмалар бериб турилади.

Адлиянинг қарори қатъий, шикоятга ўрин йўқ!

Кеча, 11 июлда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судидан Central Asian Free Exchange (Марказий Осиёда эркин айрибошлаш) ноҳукумат ташкилоти ваколатхонаси маъмурлари Роберт Грейвз, Джеймс Холл, адвокат Людмила Нидерквель, ҳуқуқ ҳимоячиси Марат Зоҳидовлар ҳафсаласи пир бўлиб қайтган. Сабаби, мазкур ваколатхона шу йилнинг июнь ойидаги суднинг дастлабки инстанцияси қарори устидан аппелация тартибида шикоят қилганди. Адлия вазирлигинг бирданига уч вакили қатнашган кечаги суд мажлиси мазкур америка ваколатхонасини батамом тугатиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирди.

Бугун эса фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Адлия вазирлигининг Урбан институти (Urban Institute) ваколатхонасини ёпиш ҳақидаги даъвоси кўрилди. Дастлаб суд Адлия вазирлиги даъвосида келтирилган важлар билан танишиб, вазирлик вакилларидан буборада изоҳ сўради. Сўнгра қонубузарлик фактлари муҳокама қилиниб, атиги уч соатлик мажлисдан сўнг ваколатхона ёпилиши керак, деган қарорга келинди. Ваколатхона раҳбари Ирина Генцлер ва адвокат Леонид Хван мазкур суд қарорининг ноҳақ эканлигини таъкидлаб, кейинги аппелация инстанциясига шикоят қилажагини билдирди.

19:00 - Ташқи ишларга оид идораларда муҳим ўзгаришлар

Бугун президент Каримов фармони билан, Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси (шунгача ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган) Владимир Норов ташқи ишлар вазири этиб, ҳозиргача ташки ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Элёр Fаниев Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири этиб тасдиқланди.

16:00 - Эндигина президент эсига тушган эски муаммо ва унинг фармойиши

Ўзбекистонда деҳкон мехнатидек оғир, лекин унинг баҳосидек арзон нарса бўлмаса керак. Бу меҳнат маҳсули мева ва сабзавотлар бўлсачи? Улар тез сотиб юборилмаса ёки қайта ишланмаса, йил бўйи қилинган меҳнат зое кетди деяверинг.

Ҳозир юртимизда айни пишиқчилик. Республикада мева ва сабзавотларни четга сотиш ва қайта ишлаш имкониятлари ғоятда чекланганлиги сабабли ҳар йили ўн минглаб тонна бундай маҳсулотлар бесамар нобуд бўлади. 2006 йил ҳам истисно эмас. Бу муаммони эндигина Ўзбекистон президенти диққат-эътиборига етказишга муваффақ бўлинди, чоғи, куни кеча президент Каримов бир фармойиш чиқарди. У “Мева-сабзавот маҳсулотларини кайта ишлаш учун фермер хўжаликларини замонавий ускуналар ва мини-технологиялар билан таъминлаш борасидаги таклифларни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида“ деб аталади.

Фармойишга кўра, 2 ой муддатда мазкур ишчи гуруҳи мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича пешқадам Германия, Венгрия, Италия каби мамлакатлар компанияларининг ускуналари ва мини-технологияларини ўрганиб, Ўзбекистонга олиб келиш механизмиини ишлаб чиқиши, шунингдек, ҳар туман бўйича бундай ускуналарга бўлган талабни аниқлаб, уларни фермер хўжаликлари ва агрофирмаларга етказиб бериш тўғрисида таклифлар тайёрлаши лозим. Лекин фармойишда ночор хўжаликларга замонавий ускуналарни олишда моддий ёрдам бериш йўллари ва шакллари ҳақида сўз очилмаган.

Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (11 июль, сешанба маълумоти)

Расмий курс (Ўзбекистон Марказий банки баҳоси): 1 АҚШ доллари ($) = 1225,54 сўм; 1 EВРО = 1567,83 сўм; 1 рубль = 45,60 сўм.

Тижорат курси (Ўзбекистон Ташки иқтисодий алоқалар банки баҳоси): 1 АҚШ доллари = сотишда 1222 сўм ва харид қилишда 1226 сўм; 1 EВРO = сотишда 1568 сўм ва харид қилишда 1588 сўм; 1 фунт-стерлинг = сотишда 2267 сўм ва харид қилишда 2297 сўм.

Қорабозор курси: 1 АҚШ доллари (ўртача ҳисоб) = сотишда 1210 сўм ва харид қилишда 1220 сўм.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону