20 November 2010
07:48 - Хомталаш ёхуд Солиқ қўмитасининг ўзгалар қўли билан амалга оширган босқинчилиги (“Эзгулик” жамиятининг релизи, №35, 19.11.2010)
Зўрники тегирмон юритади.
Халқ мақоли

Тошкентнинг Абай кўчасидаги озодалик уйи, қисқа қилиб айтганда, ҳаммом қарийб бир йилдан бери ишламайди. Сўнгги замонавий дизайн ва архитектура анъаналари асосида ишлов берилиб, қайта таъмирланган мазкур йирик иншоот ўзига хос рейдерлик, содда қилиб айтганда, босқинчилик қурбони бўлди. Мамлакат Президенти Парламентнинг олий минбаридан туриб “...энди давлатни мушт билан бошқаришга йўл қўйилмайди”, дея ваъда берган кунларда ҳаммом биноси муштумзўрлик қурбонига айланди. Яъни, ҳаммом ёнида жойлашган Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси уни зўрлик билан тортиб олди, энди ҳаммомда (тўғрироғи, ҳаммом биносида) солиқ органининг аллақандай бошқармаси ўтиради. Босқинчилар анойи эмас, қўлларида ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи суд қарорларига эга, суд қарорларининг сифатига эса бу жаноблар кафил эмас.

“Босқинчилик” бошида мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев, ундан қуйироқда Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев ва унинг қўли остидагилар ўтирибди. Катта-кичик прокурорлар, миршаблар ва судьялардан иборат каттагина гуруҳ Солиқ қўмитаси биносини кенгайтириш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорининг “ижроси” учун хизмат қилишган. Бироқ адолат тарозисининг палласини “тўғри тутиш” учун айтиш лозимки, “Садоқат-Комилжон” фирмаси деб юритиладиган ҳаммом хўжайини К. Акромовга дастлаб манфаатдор тараф “бизнес таклиф” билан чиқишган, яъни ҳаммом биносини ўзларига муайян маблағ эвазига сотишни тавсия этишган. Акс холда, тортиб олиш, ўзини эса турмада чиритиш билан қўрқитишган.

Солиқчилар биринчи ваъдасининг устидан чиқишди: бинони тортиб олишди, лекин К. Акромовни қаматишга келганда, уддалаша олишмади. Боиси ҳаммомдан жиноят топилмади, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган чекларнинг сохталаштирилгани Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Эксперт-криминалистика маркази томонидан аниқланди. Чек, тўлов квитанцияларини сохталаштирган терговчи-ю суриштирувчиларга жиноят иши қўзғатиш тугул ҳайфсан ҳам берилмади. Аксинча, миршаблар томонидан ясалган сохта чеклар орқали К. Акромовни жавобгарликка тортишди, суд Амнистия қўллаб уни жазодан озод қилди. Ўз навбатида ҳимояланиш учун мамлакатнинг энг юқори идораларига ўнлаб шикоят ёзаётган, зўровонликдан ҳимояланиш учун курашаётган ҳаммомчилар бугунги кунда мулкларидан айрилган.

Орада бир неча ўн миллонлик мулкларини йўқотган мулкдорлар норозилик акциялари ўтказмоқчи бўлишди, қила олишмади. Ҳозирги кунда яна уриниб кўришмоқчи, уларни ҳимоя қиладиган иносн ҳуқуқи ташкилотлари, дипкорпуслар қидиришяпти. “Ҳайронман нима қилишга, аввал Шаҳидлар хотираси мажмуаси қурилиши учун Юнусободдаги овқатланиш тармоғимни тортиб олишганди, орадан ўн йил ўтгани, ҳамма ҳужжатлар мавжудлигига қарамай бир неча миллион сўмлик оилавий маблағларимни бермай келишмоқда” дейди К. Акромов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур масалани атрофлича ўрганмоқда. Суриштирув натижалари, иш тафсилотларига кейинги релизларимизда қайтамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону