16 November 2010
06:05 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Қонунга таслим бўлайлик”
“Қонун майда балиқлар илиниб, катта наҳанглар йиртиб
кетадиган тўр бўлмаслиги керак”
Онаре Де Бальзак

1. Жабрланувчига айланган қоидабузар

2009 йилнинг 23 май куни соат 11.30 лар. Шеробод туман ҳокими, туман ва ДАН бошлиқлари Сурхандарё вилоят Ички ишлар Бошқармасининг янги раҳбари полковник Т.Саттаровни Деҳқон бозори олдида кутиб олаётган бир пайт. Навқирон ёшдаги Жўрабек Каримов акасининг орыа ва ён ойналарига қора парда ўрнатилган 19 F 1100 давлат белгили АЗЛК “Москвич” автомашинасига ўрнатилган қўшимча товуш сигналини варанглатиб., хуш хаёллар оғушида мусиқани баралла кўтариб, ДАН ходими қизил таёғи билан тўхта дея ишора қилганини кўрсада бўйсунмасдан, намойишкорона қоидабузарлик қилганлигини кўрган вилоят ИИБнинг раҳбари Т.Саттаров: - бу ким., нега қонунга итоат қилмайди, тез тутиб келинглар., дея буйруқ бергач., “катта”нинг топшириғи билан йўл ҳаракати патруль хизмати ходимлари Одилжон Исмоилов ва Баҳриддин Номозовлар қоидабузар яшайдиган Балхигузар маҳалласигача таъқиб қилиб боришган. Ж.Каримов автомашинани ҳовли дарвозаси ёнида тўхтатиб, машинани қулфлаб калитини дарвоза устидан ичкарига отиб юбориб ЙПХ ходимларига: - сенлар одамни кўчага юришга қўясанларми, йўқми., деб ҳақоротомуз гаплар айтиб, О.Исмоиловнинг хизмат кўйлаги ёқасидан ушлаб, чап кўкрак соҳасига мушт туширган ва погони ва кўйлаги тугмаларини узиб ташлаганида, Б.Номозов уларни ажратган. Ж.Каримов шахсини тасдиқловчи ва автомашина ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортиб (кейин аниқланишича, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган., изоҳ бизники: З.С.) шовқин: -мени ураяпти., деб овози борича бақира бошлагач., пайт уйдан Ж.Каримовнинг янгаси Н.Йўлдошева билан онаси Ш.Нурхонова чиққач Б.Номозов унга ўғлининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари тўғрисида айтганида у: - илтимос бунга тегманглар, бу ўзи тентак деган ҳужжатиям бор, тентаклиги тутиб ўз акасини ҳам пичоқлаб ўлдирган., деганидан сўнг 02 тезкор хизмати орқали қўшимча ёрдам чақиришга мажбур бўлган. Воқеа жойига етиб келган 02 хизмат машинасини кўрган онаси ўғлини қочириб юбориб, ёрдамга келган Шуҳрат Рахимов ва Хайрулло Нурмонов деган милиция ходимларига: - бошлиқларинг билан қўшиб ёзиб, шантаж қилиб бўлсаям йўқ қиламан., деб бақира бошлагач тезкор гуруҳ ҳам қайтиб кетган. ЙПХ ходимлари кетаётганида Жўрабекнинг Равшан деган катта акаси келиб, ҳеч қандай гап-сўз эшитишни истамасдан сўкиб ҳақоротлаганидан сўнг улар ушбу ҳолат юзасидан далолатнома тузиш имкони бўлмаганлиги учун бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари ҳақида Шеробод туман ИИБ бошлиғи номига билдирги тайёрлаб топширганлар.

Ж.Каримов дастлабки тергов ва кейин судда: - 2009 йил 23 май куни соат 11.30 ларда Шеробод деҳқон бозори олдида тўхтаганида вилоят ИИБ Йўл Ҳаракати хавфсизлиги Бошқармасини бошлиғи вазифасини бажарувчи Б.Хўшбоқов ҳақорот қилиб, йўл патруль хизмати ходимларига ушлаб қамаб ташланглар деганидан сўнг қўрқиб машинани уйга қараб ҳайдагани, Б.Номозов ва О.Исмоиловлар қувиб келгани, Б.Номозов ҳақоротлаб қўлини қайиргани, О.Исмоилов ёқасидан ушлаб майкасини йиртгани, О.Исмоилов тепиб, урганида бурни қонагани., онаси Ш.Нурхонова уларни ажратмоқчи бўлганда, ички ишлар ходимлари етиб келганида онаси ҳушдан кетгани ва улар бу аҳволни кўриб кетиб қолганликлари., нима бўлганиини тўлиқ эслайолмаслиги, туман ИИБга топширган аризаси эътиборсиз қолиб экспертизадан ўтказмаганликлари ҳақида онаси юқори идораларга шикоят ёзгач Шеробод туман прокуратураси 2009 йил 16 июнда текширув бошлаганлигини., баён қилган... 2009 йил 23 майда рўйхатга олинган Ш.Нурхонованинг аризаси 23 кун давомида ижросиз қолиб кетгани, Ж.Каримов ўз вақтида экспертизага юборилмаганлигига сабабчи бўлган туман ИИБнинг биринчи ўринбосари З.Ж.Кенжаев, туман ИИБ ҲООБ инспектори Ф.Э.Луқмоновларга интизомий чоралар кўрилган. Вилоят ИИБ томонидан кеч бўлсада ўтказилиб 22.06.2009 йилда Шеробод туман прокуратурасига асл нусхаси юборилган, жами 26 варақда жамланган хизмат текшируви хулосасига кўра Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирининг 06.06.2001 йилдаги № 175 сонли буйруғининг 12.17 бандига биноан: - ЙПХ ходими жиноят содир этишда гумон этилаётган шахслар ёхуд ҳайдовчилари йўл транспорт ҳодисаси жойидан яширинган, ўз ҳатти-ҳаракатлари билан бошқа ҳаракат қатнашчилари ҳаётига хавф солаётган ёки тўхташ тўғрисидаги милиция ходими талабини бажармаган транспорт воситалари кетига тушиб, таъқиб қилишни амалга оширади., шу сабабли ЙПХ ходимлари Б.Номозов ва О.Исмоиловлар қоидабузарни таъқиб этиш орқали ноқонуний ҳаракат содир этмаган., дейилган.

Ш.Нурхонованинг ЙПХ ходимлари ўғлимни урди, лекин чора кўрилмади., деган мазмундаги Республика Бош прокурорига ёзган шикояти бўйича Шеробод туман прокуратураси терговчиси А.Бобомуродовнинг 2009 йил 16 июндаги қарорига асосан 1988 йилда туғилган Ж.Каримовни кўрикдан ўтказган Шеробод туманларо СТЭ бўлинмасининг 1-тоифали суд тиббиёти эксперти Ш.Т.Примовнинг 2009 йил 18 июндаги № 302 сонли суд-тиббий экспертиза хулосасида: - Ж.Каримовнинг баданидаги оғирлик даражасига кўра 6 кундан ошмайдиган тез ўтиб кетадиган оқибатли енгил тан жароҳат излари суд тиббий экспертиза текширувидан 7-14 суткалар чамаси илгари, ўнг сон соҳасидаги қонталаши эса 3-4 суткалар илгариги муддатларга тўғри келади яъни жароҳатлари кўрикдан ўтувчининг кўрсатган вақтига тўғри келмайди., дейилган.

Терговчи А.Бобомуродов: - туман наркология диспансерининг 2009 йил 16 июндаги № 212 ва 213 рақамли далолатномалари, эксперт Ш.Т.Примовнинг ва вилоят ИИБ маъсулларининг хизмат текшируви хулосаларига асосланган ҳолда Ўз.Р. ЖПКнинг 83-моддаси, 2-бандига асосан 2009 йил 22 июнда: - Ш.Нурхонованинг даъволари ўз тасдиғини топмаганлиги., учун жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган.

2. Тергов жараёнида ғойиб бўлган ҳужжатлар

Агар, одам ўзининг ҳақлигига ишонса, бу унинг бегуноҳлигига
кафил турган иккита гувоҳдан ҳам муҳимдир.
Т.Гиппель

Терговчининг ушбу қароридан норози бўлган Ш.Нурхонова вилоят прокурори ўринбосари А.Қ.Ниязовга мурожаат этгач., у жонкуяр онанинг иддоаларидан қаттиқ таъсирланган чоғи, ишни назорат тартибида ўрганган ва 2009 йил 30 июнда терговчи А.Бобомуродовнинг қарорини бекор қилиб: - фуқоро Ж.Каримовнинг олган тан жароҳати ҳолати бўйича Ўз.Р.ЖКнинг 206-моддасининг, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиш ҳақида., вилоят прокуратураси назорат прокурори Ҳ.Т.Алиев тайёрлаган қарорни тасдиқлаган.

Терговчи А.Бобомуродовнинг жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорида воқеа иштирокчиларининг номлари аниқ кўрсатилсада, ушбу қарорни бекор қилган вилоят прокурори ўринбосари А.Қ.Ниязов ғайри табиий эҳтиёткорлик ила Ж.Каримовнинг тан жароҳати ҳолати бўйича номаълум шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатганлиги алоҳида изоҳ талаб этади?!

Сурхандарё вилоят ИИБ бошлиғи Т.Саттаровнинг шахсан ўзи имзолаган: - ЙПХ ходимлари Б.Номозов ва О.Исмоиловлар қоидабузарни таъқиб этиш орқали ноқонуний ҳаракат содир этмаган., дейилган ички хизмат текшируви хулосасидан сўнг, ЖПКнинг 83-моддаси, 1-бандига асосан: - иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса., О.Исмоилов ва Б.Номозовлар айбсиз деб топилиб, реабилитация этилиши лозим эди!

Вилоят прокурори ўринбосари А.Қ.Ниязов тасдиқлаб 30.06.2009 йилда тергов ҳаракатлари ўтказиш учун Шеробод туман прокуратурасига юборилган қарорга илова этилган ҳужжатлар орасидан: - ички хизмат текшируви хулосаси сирли равишда ғойиб бўлган?! А.Қ.Ниязов томонидан айблов моддаси олдиндан аниқ кўрсатилган ишни Шеробод туман прокурорининг катта ёрдамчиси, 1-даражали юрист Х.А.Хамраев 2009 йил 30 июнда ўз юритувига қабул қилиб, Ўз.Р.ЖПКнинг 351-моддасида кўрсатилган 3 ойлик муддатда 2009 йил 29 сентябрда тамомлаб: - Шеробод туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори, кичик сержант О.А.Исмоилов ва вилоят ИИБ ЙҲХБ АЙПХ отряди 3-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори сержант Б.Н.Номозовларга: - мансабдор шахс ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этганликда., Ўз.Р.ЖКнинг 206-моддасининг 1-қисми билан айблов эълон қилган.

Мазкур айблов хулосасида терговчи А.Бобомуродовнинг қарорига асосан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси ҳақида лом-лим дейилмаган?! Жиноят иши Ўз.Р.ЖПКнинг 388-моддаси талаби асосида 2009 йил 29 сентябрда Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судига юборилганидан сўнг, атиги бир кун ўтиб, туман прокурори Э.Я Мусаев кўпчилик ҳамкасбларини ҳайрон қолдирган ишга қўл уриб 2009 йил 30 сентябрда судга: - ЖПКнинг 362-моддаси талаблари асосида “Жиноят ишини чақириб олиш ҳақида” деб номланган сўров хати юборган?! ЖПКнинг ушбу моддасида: - Айбловни ўзгартириш, тугатиш ва тўлдириш., деб аталади унга кўра айбловни ўзгартириш, тўлдириш., зарурати пайдо бўлган бўлса айбловнинг янги мазмунини баён қилган ҳолда терговчи қарор чиқариши, мобода тугатиш лозим бўлса бу ҳақдаги қарор нусхасини айбланувчига дарҳол тақдим этилиши ёки юборилиши лозим., дейилган. Ўз.Р.ЖПК талабларида кўрсатилган процессуал муддатларга амал қилмасдан ўтказилган тергов ҳаракатлари номаъқбул далил ҳисобланиши тўғрисида Олий суд Пленуми қарорида алоҳида қайд этилган бўлишига қарамасдан., Шеробод туман ЖИБ суди раиси М.Х.Нурматов: - расман ўз иш юритувига қабул қилган бўлган жиноят ишини қонунга хилоф тарзда 2009 йил 30 сентябрда туман прокурорига қайтариб юборган?!

Уч ойлик терговдан сўнг, судга юборилиб, шубҳали тарзда яна қайтариб олинган жиноят ишини туман прокурори Э.Мусаев камчиликларини бартараф этиб, яна судга юбориш учун ўз ёрдамчиси Ҳ.Ҳамраевга топширган. Ҳ.Ҳамраев: - О.Исмоилов ва Б.Номозовларга 2009 йил 03 октябрь куни чақирув қоғози юбориб қайта терговга киришсада., 3 ойлик тергов муддати ўтиб кетган мазкур жиноят иши кейинчалик негадир Термиз шаҳар прокуратурасидан ёрдамга келган терговчи П.Махманазаров юритувига ўтиб қолган?!

П.Махманазаров жиноят ишини юритувига қабул қилгач, дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосасининг тўғрилигига., шубҳа билдириб: - жароҳатлар пайдо бўлиш механизми, характери, қандай предмет билан етказилганлиги, муддати, оғирлик даражаси СТЭнинг 2009 йилдаги 302-сонли хулосаси асослантирилганми ёки йўқми., деган саволларни муҳокама қилиб аниқлаш учун, жабрланувчи Ж.Каримовни экспертизага олиб келиш имконияти бўлмаганлигини алоҳида қайд этиб., ЖПКнинг 177-моддасига биноан комиссиявий экспертиза тайинлаш тўғрисида 2009 йил 18 октябрда қарор чиқариб Сурхандарё вилоят суд-тиббий экспертиза бюросига юборсада, ЖПКнинг 179-моддасида қайд этилган гумонланувчи, айбланувчи, судланувчининг экспертиза тайинлаш ва ўтказишдаги ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун талабини бузган ҳолда уларни қарор билан таништирмаган?!

ВСТЭ Бюроси бошлиғи, олий тоифали суд тиббий эксперти У.Х.Жўраев, бўлим мудири, 1-тоифали эксперт Ж.К.Курмашова, вилоят тиббиёт маркази жарроҳлик бўлими мудири А.Хаитовларнинг 2009 йил 20 октябрдаги 115-сонли хулосада: - фуқоронинг ўзи текширувга тақдим қилинмаганлиги, етарли далиллар бўлмагани, муддат ўтганлиги сабабли жароҳатлар олинган муддатни аниқлаш имкони йўқ. Экспертиза 302-сонли бирламчи экспертиза хулосаси асосида якунланди., дейилган. Шу ўринда Ж.Каримов текширувга “тақдим” қилинмаган., ҳатто жабрланувчи тан жароҳатларини ўзига ўзи етказиши мумкинми., деган саволга жавоб бераолмаган ва бирламчи экспертиза хулосасига асосланган хулосаси кимга керак., деган мантиқий савол пайдо бўлади?! Терговчи П.Х.Махманазаров эксперт Ш.Т.Примовнинг хулосасига шубҳа билдириб, яширин экспертиза ўтказгани етмагандай, қайта комисион экспертиза олдига қўйган саволларининг бирортасига ўз шубҳасига аниқлик киритувчи жавоб берилмаган ана шу 115-сонли хулосага асосан айбловни янада оғирлаштириб: - ЖКнинг 206-моддасининг 1-қисмидан, 2-қисмига алмаштирган?! Терговчи айбловни оғирлаштиришга берилиб, муҳим бир ҳолатни эътибордан четда қолдирган. Яъни, Ж.Каримов юқоридаги жанжалдан 24 кун ўтиб, 2009 йил 16 июнда яна аварияга учргач, уни 18 июнда кўрикдан ўтказган Шеробод туман шифокори С.О.Очилов: - баданида ҳеч қандай тан жароҳати йўқлиги қайд этиб., бу ҳақда № 213 сонли далолатнома тузган. Хўш, юқоридаги асосий жанжал 23 май куни содир бўлган бўлса, орадан 24 кун ўтиб, у авария содир этгач 16 июнда баданида ҳеч қандай тан жароҳати бўлмаган бўлса., икки кундан сўнг, яъни 18 июндаги № 302 сонли эксперт хулосасида қайд этилган тан жароҳатларини у қачон ва қаерда олган?! Ж.Каримов Б.Номозов қўлимни қайириб турган и ҳолда мени О.Исмоилов ёқамдан ушлаб майкамни йиртди, уриб бурнимни қонатди., деб даъво қилсада, эксперт хулосасида: - унинг чап қўл билак ва ўнг тирсак бўғими соҳаларида шилинмалар кўринишидаги тан жароҳатлари тан жароҳатларининг клиник тузалишдан кейин қолган қолган чандиқ излари ва ўнг сон соҳасидаги қонталаш сифатли жароҳатлари мавжуд бўлиб, улар қаттиқ ўтмас қиррали ва қаттиқ ўтмас чегараланган юзали жисмлардан бевосита олинган. Бу жароҳатлар олинган вақт кўрикдан ўтувчи кўрсатган муддатга тўғри келмайди., дейилган?! Агар, О.Исмоилов Ж.Каримовни қўли билан урган бўлса, унинг танидаги: - қаттиқ ўтмас қиррали ва қаттиқ ўтмас чегараланган юзали жисмдан (?) олинган жароҳатлар қандай пайдо бўлган?! О.Одилов уни темир қўлқоп кийиб урмагандир?! Тергов органи томонидан ўтказилган Ж.Каримовга тегишли кийим (футболка) бўйича 2009 йил 16 сентябрдаги 148-сонли экспертиза хулосаси ҳам ўта мавҳум бўлиб, мазкур кийим айнан 2009 йил 23 майда йиритлганлигини тасдиқлайдиган бирорта далил мавжуд эмас

Шундан сўнг дастлабки хизмат текшируви хулосаси жиноят ишига қўшилмаганлигини хаспўшлаш учун бўлса керак., туман прокурори Э.Я.Мусаевнинг расмий мурожаатидан сўнг 2009 йил 28 октябрда Шеробод туман прокуратурасига юборилган қўшимча идоравий хизмат текшируви хулосасида: - фуқоро Ж.Каримов шахсини тасдиқловчи ва транспорт воситаси ҳужжатларини тақдим этмаганлиги сабабли Ўз.Р.ИИВнинг 2000 йил 23 апрелдаги 87-сонли буйруғининг 2.2.2-банди талабларини бажариш имкони бўлмаганлиги учун унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилмаганлиги., қайд этилиб, О.Исмоилов, Б.Номозовларнинг Ж.Каримовга нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилмаганлиги аниқланди., дейилган.Таажубланарлик жойи шундаки, О.Исмоилов ва Б.Номозовларни оқлашга изн берадиган мазкур хулоса ҳам судга тақдим этилган жиноят ишига қўшилмаган ёки атайлаб олиб ташланган?! Шу боис бўлса керак., ЖИБ Музработ туман судининг О.А.Исмоилов ва Б.Н.Номозовларни Ўз.Р.ЖКнинг 206-моддаси, 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топган 2010 йил 12 январдаги ҳукмида на терговчи А.Р.Бобомуродовнинг 2009 йил 22 июндаги жиноят ишини рад этиш тўғрисидаги қарори, на дастлабки хизмат текшируви, на қайта ўтказилган идоравий жизмат текширув хулосалари ҳақида бирор жумла йўқ!

Ҳимоячилар нечоғлик талаб қилишмасин ҳақиқатни аниқлаш учун ўта муҳим бўлган бу ҳужжатлар қандай асосга кўра жиноят ишига қўшилмаганлиги биринчи инстанция суди томонидан муҳокама этилиб, бу жиноий қилмишларга ҳуқуқий баҳо берилмагач, адвокат А.Н.Рихсиев ўз ҳимоя нутқида бу ҳолатни мактаб боласига ҳам тушунарлик арифметик йўсинда шундай ифодалаган: - 302 сонли эксперт хулосасига кўра Ж.Каримовдаги жароҳатлар энг узоғи билан 7-14 сутка чамаси илгари олинган, ушбу экспертиза хулосаси 2009 йил 18 июнда берилган, яъни: (18 -14 кун = 3), эксперт хулосаси бўйича жабрланувчи тан жароҳатини 2009 йилнинг 3-4 июнь кунлари олган ва бу воқеа содир бўлган 2009 йилнинг 23 май кунига мутлақа тўғри келмайди... Шу боис терговчи А.Бобомуродов ЖПКнинг 83-моддаси, 2-қисми билан жиноят ишини рад этиш тўғрисида қонуний қарор қабул қилган. Лекин, ЖИБ Музработ туман суди жиноят иши бўйича айблов чиқаришдан манфаатдор бўлгани ҳолда атайлаб терговчи А.Бобомуродовни гувоҳ тариқасида судга жалб этиб сўроқ қилмаган.

Мазкур иш туман прокуратураси томонидан судга юборилиб, бир кундан сўнг 2009 йил 30 сентябрда туман прокурори томонидан ЖПК талабларига хилоф тарзда қайтариб олиниб, процессуал муддаларга амал қилинмаган ҳолда ўтказилган П.Махманазаровнинг қайта терговидан сўнг судга юборилгач, ЖИБ Музработ суди судьяси А.И.Аслонов раислигида ўтган 2010 йил 12 январдаги суд ҳукми билан О.Исмоилов ва Б.Номозовлар Ўз.Р.ЖКнинг 206-моддаси, 2-қисмининг, “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилиганлигининг 18 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 2-банди қўлланилиб, жазодан озод қилинган.

3. Далиллар мақбуллигига қарши жараёнлар солномаси

Одамлар адолатни севишлари учун уларга адолатсизликнинг
оқибатларини кўрсатиб турмоқ зарур.
Адам Смит

Апелляция суди жараёнида адвокат Қ.Н.Рихсиевнинг илтимосномасига биноан вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Х.Х.Бегматов имзолаган қўшимча идоравий хизмат хулосаси нусхаси ЖИБ вилоят судининг судьяси Ў.Тожиевнинг 2010 йил 04 майдаги талабномаси асосида вилоят ИИБдан олиниб жиноят ишига қўшиб қўйилган!? Ҳақиқатни аниқлаш учун ўта муҳим ҳужжатларни жиноят ишига қўшмаган туман прокуратураси ходимларига нисбатан Ўз.Р.ЖКнинг 227, 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатиш тўғрисида хусусий ажрим чиқариш шарт бўлгани ҳолда, аппеляция суди “Далиллар маъқбуллигига оид жиноят-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорининг 9-бандига хилоф тарзда мазкур жиноий қилмишга қонуний чора кўрмасдан ўз холислигини шубҳа остида қолдирди...

Биринчи инстанция судининг 2010 йил 12 январдаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган ЖИБ Сурхандарё вилоят аппеляция инстанцияси судлов ҳайъати 2010 йил 25 майдаги ажримида ЖПКнинг 187-моддасидан келтирилган иқтибос охирида экспертнинг хулосаси суриштирувчи, терговчи ёки суд учун муқаррар далилий кучга эга эмаслигини қайд этиб: - эксперт Ш.Т.Примовнинг 16.06.2009 йилдаги 302-сонли дастлабки хулосасини ишончга сазовор эмас., бирламчи яъни Ш.Т.Примовнинг экспертиза хулосаси асосида “тўхтам”га келган., вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг 2009 йил 21 октярдаги 115-сонли хулосасини ишончга сазовор., деб топганлиги ойнага қараб турган одамнинг юзи унинг ойнадаги аксига ўхшамайди., деганга ўхшаш нохуш таасурот уйғотади... Аслида, вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг аппеляция суди ишончга сазовор деган ана шу 115-сонли хулосасини адвокат А.Рихсиевнинг мурожаати асосида 05.02.2010 йилда таҳлил этган Соғлиқни сақлаш Вазирлиги қошидаги Суд-тиббий Бош экспертиза бюроси: - юридик талабларга жавоб бермайдиган ҳужжат сифатида инкор этган...

Судланувчиларнинг шикояти асосида 2010 йил 19 февралда иш бошлаб, уч ой маслаҳатга кириб., 2010 йилн 25 майда биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқарган ЖИБ аппеляция инстанцияси суди томонидан тайинланиб вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан 2010 йил 15 мартда ўтказилган 58-сонли экспертиза хулосасини ҳам худди шу аппеляция инстанцияси судлов ҳайъати ишончга сазовор эмас., деб топган?! Экпертиза хулосалари мазмунан айни бўлишига қарамасдан, суд эксперт Ш.Т.Примов хулосасини инкор этишида мантиқ йўқ деб бўлмайди. Чунки, эксперт Ш.Т.Примовнинг хулосаси терговчи А.Бобомуродовнинг қарорига асосан ўтказилган бўлиб унга “ишончга сазовор” мақомини бериш бамисоли терговчи А.Бобомуродовнинг жиноят ишини рад этиш тўғрисида қабул қилган қарорини тан олишга тенглашиб қолур эди... Шу ўринда эксперт судда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Ш.Т.Примовнинг: - прокурор ёрдамчиси Ҳаким Ҳамроев мени чақириб, О.Исмоилов ва Б.Номозовларни қандай бўлмасин айбдор қилиб хулоса бер., бўлмаса бошқа ишларингни қўзғаб қаматиб юбораман., деб дўқ урди., ва эксперт Ж.К.Курмашованинг: - менга шундай хулоса берасан дея топшириқ беришди., нима қилай мен яна ишлашни хоҳлайман., деган мазмундаги ошкора кўргазмалари., ЙПХнинг бу захматкаш йигитлари туҳмат қурбони бўлгани ва юқорининг “буюртмаси”ни рисоладагидай эплайолмаган Х.Ҳамроев нега ишни ҳашарчи терговчи П.Махманазаровга топширгани ойдинлашгандек бўлади...

Жиноят ишидан: - идоравий ва хизмат текшируви хулосаларидан ташқари ЙПХ ходимлари тузган 8 та билдирги ҳам чиқариб ташланганлиги, суднинг ҳукми судланувчиларнинг айби уларнинг айбсизлигини исботловчи муҳим ҳужжатларнинг жиноят ишига қўшилмаганлиги ва шубҳали тарзда инобатга олинмаганлиги эвазига исботланганлигини кўрсатади. Зеро, гумон анқиб турган ҳукм адолатсиздир!

Суд жабрланувчи Ж.Каримовга тегишли, унга бевосита қариндош онаси, акаси, янгаси, ҳамда танишларидан иборат гувоҳларининг кўрсазгамаларини инобатга олгани ҳолда судланувчиларнинг Ж.Каримовни урмаганлиги тўғрисида гувоҳлик берган Ж.Аннамирзаев ва Н.Аллабердиевларнинг кўргазмаларини судланувчиларни жазодан қутулиш., учун берилган ёлғон маълумот сифатида баҳолагани асоссиз шубҳадан ўзга ҳеч нарса эмас. Зеро, бу гувоҳларнинг кўргазмалари сохталиги на тергов органи на суд жараёнида исботланмаган!

Тергов жараёнларида гувоҳларнинг кўргазмалари, ЙПХ ва туман ИИБ тезкор гуруҳи ходимларининг билдиргиларида мавжуд бўлган Ж.Каримовнинг онаси: - бу ўзи тентак, ҳужжатиям бор, тентаклиги тутиб акасини пичоқлаб ўлдирган., дегани, агар акасини ўлдирган бўлса нега жазоланмаган., ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмагани, тергов ҳаракатлари бораётган 2009 йил 16 июнда яна авария содир этгани билан боғлиқ маълумотлар ўрганилмаган. Агар, шундай бўлса ўз акасини ўлдирган кимса туҳмат қилишидан ҳам тоймаслигига ким кафолат беради?! Бундан ташқари Ж.Каримов Шеробод шаҳридаги Ибн Сино номидаги 42-мактабнинг 9 синф ўқувчиси, 1994 йил 21 октябрда туғилган Зийнат Жабборовани зўрлаб қўйиб, қиз балоғатга етмаганлиги учун 2010 йил 24 январда яширинча тўй қилиб уйлангани., тўғрисидаги кўпчилик қатори терговчи ва судьяларга маълум бўлган жабрланувчининг шахсига оид маълумотларга ҳам холислик нуқтаи назаридан умуман эътибор берилмаган. Зеро, қонуннинг асоси ахлоқ! Ахлоқан нопок одамнинг бировга туҳмат уюштирмаслигига ким кафолат беради?! Пора эвазига жиноятчини оқлаган судьяни охир оқибатда шу жиноятчи ўлдирганлиги тўғрисида қанча асарлар, кинолар бор. Киноларнинг сюжети эса ҳаётдан олинади...

Тергов органи айб эълон қилишда оддий йўл патруль хизмати ходимларини ҳатто мансаб ваколати доирасидан четга чиққан мансабдорлар., дея эътироф этганлар?! Уларга берилган бу таъриф аслида Ўз.Р.ЖКда қайд этилган атамаларнинг ҳуқуқий маъносига тўғри келмайди. Хўш, вилоят прокурори ўринбосари А.Қ.Ниёзов ва туман прокурори нега бир қоидабузарга бунча куйиб-пишиб., яшириб бўлмайдиган даражада ён босдилар?! Бу ва бошқа саволларга жорий йилнинг бошида Сурхондарё вилоят прокуратурасида бўлиб ўтган йиғилишда аниқлик киритилиб, ваколатини суистеъмол этган вилоят прокурори ўринбосари А.Қ.Ниязов прокуратура соҳасидан четлатилиб., Шеробод туман прокурори Э.Мусаев ишдан олинганлиги ва бир қанча маъсул шахсларга интизомий чоралар қўлланганлиги кўпчилик сурхондарёликлар қатори бизда ҳам энди вилоятда инсон ҳуқуқлари бузулиш ҳолатлари камаяди деган умид уйғотган эди...

Лекин, сўнгги пайтлар ҳуқуқ тартибот тизимида шундай удум шаклланганки, ўз ваколатини суистеъмол этган соҳа ходимлари бирон қилмиши фош бўлиб, жазога тортилса ҳам унинг нопоклиги туфайли жабр чекканларларнинг ишлари ўрганилмасдан қолиб кетади.

Агар, қонун мантиғидан хабардор кишига ушбу жиноят ишини холис таҳлил этиб қонуний баҳо бериш ваколати берилса у мазкур иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борган терговчи ва судьяларнинг мансаб ваколатини суистеъмол қилиш дарожоти судланувчиларга қўйилган айбловдан ўн чандон кўпайиб кетганлигидан ҳайратга тушади.
Адвокат А.Рихсиевнинг тергов органи томонидан жиноят ишидан олиб ташланганлиги суд жараёнида аниқланиб сўнгра ишга қўшилган хизмат текшируви хулосалари ва билдиргиларни мақъбул далилар сифатида инобатга олиб оқлов ҳукми чиқариш тўғрисидаги шикоятини назорат тартибида ўрганиб чиққан ЖИБ Сурхандарё вилоят судининг раиси Ў.Холиқовнинг 2010 йил 03 августдаги жавобига кўра: - О.Исмоилов ва Б.Номозовларга ЖКнинг 206-моддаси, 2-қисмининг “в” банди билан тўғри жазо берилган!

Хуллас, ишни назорат тартибида муҳокама этишда ҳам тергов органи томонидан содир этилган процессуал хатоликларга қонуний баҳо берилмади ва адвокатларнинг ЖПК ва Олий суд пленуми қарорларига ҳамоҳанг асосли важлари инобатга олинмади. Агар, Россия суд амалиёти тарихига назар солсангиз ХIХ-асрнинг иккинчи ярмида ўта оғир, шу жумладан давлатга қарши жиноят содир этганликда айбланганларга нисбатан ҳам судлар оқлов ҳукми чиқарганликларини кўриш мумкин. Чунки, шу даврда рус адвокатураси дунёдаги энг кучли ҳимоя институтига айланган эди. Совет даврида судларга муносабат ўзгариб, давлат органлари кимни айбласа, ўша шахсларга айблов ҳукми чиқарадиган “қўғирчоқ” идорага айланди. Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр деганларидек судлар қўғирчоққа айлангач, адвокатуранинг мавқеи пасайиб, оддий одамлар тасаввурида адвокатга паст назар билан қараш шаклланди, бу ҳолнинг асоратлари ҳануз барҳам топгани йўқ.

Президентимиз И.А.Каримов “Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда” асарида: - суд тизимини ислоҳ қилиш, авволо ҳукм чиқарувчи судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилиши керак. Фақат шундай қилинганда ҳозир судни жазоловчи орган деб биладиган одам судга ўз ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиши лозим бўлган орган сифатида мурожаат қиладиган бўлади. Ана шундагина суд ҳокимиятнинг ҳақийқий мустақил тармоғига айланади., деб таъкидлаши бежиз эмас. Файласуф Сенека ўз даврида: - жазо тайинлашдан олдин, гуноҳидан ўтишнинг иложи йўқми дея мулоҳаза қилмайдиган қозининг ҳукми шубҳалик., деган эди. Танганинг икки томони тенг бўлганидек, судланувчини фақат айблашни ният қилиб, ҳақиқатни аниқлашда одил судловга кўмак берадиган ҳимоячиларнинг асосли важларини менсинмайдиган судьялардан қандай адолат кутиш мумкин?! Сўнгги пайтларда оқлов ҳукмларининг қизил китобга кирадиган даражада камайиб кетганлиги балки шундандир...

Ўзларининг ҳақлигига ишонган О.Исмоилов ва Б.Н.Номозовларнинг одил судловдан умиди катта эди. Элчилик., ё худо дилларига солган шекилли бу орада Шарофат ая ҳам ўғли Жўрабек билан судга: - Б.Номозов ва О.Исмоиловларга даъвомиз йўқ., деб ариза топширган бўлсада., одил судлов инобатга олмади! Бу ҳужжатлар билан биз ҳам танишдик, жамотчилик фикрини ўргандик лекин, адолатли ҳукм чиқариш одил суднинг измида. Бизнинг ниятимиз холис ва содда: - Адолат посангиси лапангламасин, айбдор фақат содир этган қилмишига яраша жазолансин! Агар, қонун прокурор, суд, адвокат ва судланувчига ҳам бирдай баробар бўлса., келинг унга итоат этиб таслим бўлайлик! Зеро, тузум ўзгариб, шундай замон келганига анча бўлди.

Биз эса ушбу таҳлилий мақолада келтирилган барча маълумот ва иқтибослар жиноят ишига тегишли аниқ ҳужжатлардан олинганлигини таъкидлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий судини Шеробод туман прокуратураси ва ЖИБ Сурхандарё вилоят суди томонидан О.Исмоилов ва Б.Н.Номозовларнинг бузулган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам беришга чақирамиз.

Зокир Султон,
«PEGAS-MEDIA-PRESS» жамияти журналистик тадқиқотлар маркази мухбири

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону